Ҳалоллик, адолат – асосий мезонимиз

 

Касбимиз — фахримиз

Ҳалоллик, адолат — асосий мезонимиз

     Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Гулчеҳра Умаровани халқимизнинг севимли «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидан айро тасаввур қила олмаймиз. Опанинг жамиятда санъатнинг роли, санъаткор қалби, қиёфаси ҳақидаги таҳлилий мақолалари самимияти, адолатпарварлик руҳи, ўткир мулоҳазалари билан матбуотимизда ўзига хос ўринга эга.
     Гулчеҳра Умарова радио, телевидениедаги эшиттириш ва кўрсатувларда ҳам қадрдон мавзуларининг ҳимоячиси, курашчиси сифатида доим ҳақ сўзни айтади, ҳақиқат томонда туради. Байрам муносабати билан эълон қилаётганимиз қуйидаги мулоҳазалар ҳам унинг доимий фикрий ҳаракатдаги журналист эканлигини кўрсатади.

     … Очиғи, журналистикага тасодифан кириб келганман. Ўрта мактабни олтин медаль билан, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаганман. Диплом ишимга устоз Нажмиддин Комилов илмий раҳбар, ўша пайтда «Ўзбекистон маданияти» газетасининг кино бўлимида ишлаган таниқли шоир Отаёр ака Наҳанов оппонентлик қилган. Дипломни олганимдан сўнг устозларим мени «Таржима назарияси» кафедрасида ишга олиб қолмоқчи бўлишган. Баъзи сабабларга кўра, улуғ устоз, раҳматли Ғайбулла Саломов бироз кутиб туришим лозимлигини айтган. Шу орада иш қидириб юриб тасодифан Отаёр акани учратиб қолдим. Ҳали ишга жойлашмаганимни эшитиб, «Бизнинг газетада мусаҳҳиҳ меҳнат таътилига чиқди, ўрнида ишлаб турмайсанми?» деб қолди. Уйдагиларга ҳам бу таклиф маъқул келиб, бир ойга шу газетага ишга кирдим. Ана шу бир ой менинг касбий тақдиримни ҳал қилди. Лекин, афсуски, муддат тугагач, мусаҳҳиҳликка йигит кишини олишларини айтиб, менга рад жавобини беришди.
     … Яна иш қидириб юрган кунларимнинг бирида «Ўзбекфильм» қошидаги дубляж студияси раҳбари, таниқли таржимон раҳматли Қодир Мирмуҳамедов ҳузурига маслаҳат учун бордим. Улар мени жуда яхши қабул қилиб, жой бўлиши билан албатта, муҳаррирликка олишларини айтдилар.
     Хуллас, бўш юрмаслик учун санъат мавзусида мақола ёзиб «Ўзбекистон маданияти» газетасига келдим. Менда фақат ўша пайтда шу ерда ишлайдиган Гулчеҳра опа Йўлдошеванинг телефонлари бор эди. Овозимданоқ таниган опа менга дарҳол рухсатнома ёздириб берди. Хоналарига кирсам, қаерда юрганимни, ҳозир ишлаяпманми-йўқми, суриштирдилар.
     … Гулчеҳра опа мени бош муҳаррир ўринбосари раҳматли Ҳабиб Каримовнинг олдига олиб кирдилар… Хуллас, тақдир насибам газетада экан, ишга жойлашдим. Ўшанда 1978 йилнинг 7 декабри эди.
     Бугунги журналистикада шароитлар ҳам, имкониятлар ҳам бутунлай бошқача. Техника тараққиёти бу соҳада ҳам кенг миқёсдаги ўзгаришларга, жадал ривожланишга хизмат қиляпти. Ҳозир ёш журналистларга бирор маслаҳат беришга ҳам ўйланиб қолади одам. Боиси бугун ёшлар техника билан том маънода тиш-тирноғигача қуролланган. Лекин журналистикада мустаҳкам ақидалар борки, улар ёш танламайди. Бу биринчи ўринда журналистик маданият ва этика меъёрларига риоя қилишдир. Ўз касбини ҳурмат қилган журналист ҳеч қачон унинг обрўйига путур етишига йўл қўймайди. Журналистнинг асосий вазифаси халқ ва юрт манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар қандай вазиятда ҳалол ва адолатли бўлиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш ва тўғри сўзни ёзишни билиши керак.
     Қолаверса, компьютерга, интернетга ёпишиб олиш ҳам у қадар тўғри эмас. Улардан фақат фойдаланиш керак. Ундан-бундан кўчириб, мақола ясаб олиб келаётган баъзиларни кўрсам, хафа бўлиб кетаман. Ёшларимиз кўпроқ ўқиса, ўқиганларидан кўчириш эмас, мавзуни атрофлича ўрганган ҳолда, мустақил фикрлари билан мавзуни бойитса, изланса, журналистик суриштирув олиб борса бемалол қизиқарли мақолалар ёзишлари мумкин. Шунингдек, олий таълим жараёнида талабалар амалиёт билан жиддий шуғулланишлари керак. Уларга етук журналистларнинг маҳорат дарслари жуда фойдали бўлади, деб ўйлайман. Айниқса, санъат соҳасида кенг фикрлайдиган, таҳлил қобилиятига эга бўлган, таклифлар бера оладиган ёш журналистлар кўпайишини истайман.
     Бугун матбуотнинг яшаб қолиши ҳақида кўп гапириляпти. Босма нашрлар йиллар силсиласидан ўтган, одамларга умид берган, маънавият тараққиётига асос бўлганлиги боис қадрли бўлган, бундан кейин ҳам мавқеини сақлаб қолишига ишонаман.

Гулчеҳра УМАРОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар