Баҳор яшариш ва янгиланиш айёми, ҳаётнинг бошланишидир. Қолаверса, бу фаслнинг келинчакка қиёсланиши замирида ҳам улкан маъно мужассам. Бу АЁЛ ва ОНА тимсолига ишорадир.
Бетакрор баҳорнинг илк айёми аёллар байрами арафасида юртимизда маънавий аҳамиятга эга воқеа рўй берди: дилбар ва лобар аёллар, муҳтарама опа-сингилларимизнинг 67 нафари давлатимизнинг турли даражадаги орден ва медаллари билан, билимли, истеъдодли ва салоҳиятли қизларимизнинг 28 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландилар.
Шунингдек, 333 нафар опа-сингилларимиз Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
Тақдирланган хотин-қизлар орасида олима ва тадбиркорлардан тортиб орастабонлар, темир-пўлатга ишлов бериб, нафис буюмлар ясовчи ҳунарманд аёллардан тортиб ўқитувчи ва шифокорлар ҳам борлиги ҳар бир аёлнинг меҳнати мамлакатимизда барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири эканлигини намоён этади.
Уларнинг ўз соҳасидаги ютуқлари фақат шахсий муваффақиятлар эмас, балки изланишлари, меҳнати орқали жонажон Ватанимиз тараққиётига қўшиб келаётган муносиб ҳиссаси ҳамдир.
Аёллари эъзозланган юртда баҳодирлар улғаяди, оиланинг мустаҳкамлиги юксалади, ободлик ва хотиржамлик ҳукм суради. Улар бахт ва фароғат топган давлатнинг истиқболи порлоқ, бугуни ва келажаги фаровондир.
– Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт, – деган эдилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев. Бу даъват ўз навбатида барча вазирлик, идора ва ташкилотлар қатори бизнинг зиммамизга ҳам алоҳида масъулият юклайди. Ўз ишига виждонан ёндашиб, ҳалол меҳнат қилаётган, давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажараётган, халқимиз фаровонлиги, оилалар тинчлиги учун фидойилик қилаётган хотин-қизларимиз ҳам ўз ўрнида давлатимиз раҳбарининг эътибори ва эҳтиромига муносиб кўрилаётгани юксак фахрдир.
Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир. Бу улуғвор мақсадга опа-сингилларимиз астойдил чоғланаётганини ҳис қилиб турибмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, тақдирланган барча азиз опа-сингилларимизни, зебо қизларимизни яна бир бор табриклайман. Уларнинг кўксини безаган унвону мукофотлари қадридан юксалган қалбларида элу юртга дахлдорлик ҳиссиётлари собит бўлаверсин.
Аёл, она мақомида оилага, Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси сизга ҳамиша куч-қувват бахш этсин!
Зулайҳо МАҲКАМОВА,
Бош вазир ўринбосари –
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси.