Зулайҳо МАҲКАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари –
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси
АЁЛЛАРИМИЗНИНГ БАХТИ – ХАЛҚИМИЗ, ЖАМИЯТИМИЗНИНГ БАХТИДИР
Азиз опа-сингиллар!
Меҳнатдан қадр топаётган, илмдан юксалаётган, меҳр-оқибатдан гўзаллашаётган Ватанимиз учун поёнига етиб бораётган 2024 йил унутилмас эзгуликларни туҳфа қилди. Энг муҳими, биз бу қадрдон йилни тинчлик, осойишталикда яшадик. Муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган тинчликсевар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган одил сиёсати мамлакатимизда ҳукмронлик қилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик руҳиятининг барқарорлиги учун мустаҳкам асос бўлди.
Фуқароларимиз, шу жумладан, хотин-қизларимиздаги кўнгилхотиржамлик, бугунги кунимиздан розилик, эртанги ҳаётимизга юксак ишонч ҳисси оилаларимизда вужудга келаётган фаровонлик муҳитига чин маънода рағбат бермоқда. Техникавий янгиликларга тобора қизиқаётган, дунёдаги ижобий ўзгаришларни англашга интилаётган, тил, тарих билан боғлиқ дунёларга чуқурроқ киришга ҳаракат қилаётган ёшларимизнинг тафаккурига куч бераётган шу – юртимиздаги тинчлик, оилаларимиздаги осудалик, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.
Узоққа бормайлик, ўн етти нафар хотин-қизларимиз истиқлол йилларида тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиёт, маънавиятнинг қон томирлари бўлган ўнлаб соҳаларни қаҳрамонлик даражасига кўтардилар, яъни “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган шарафли унвонга сазовор бўлдилар.
Мамлакат даражасида хотин-қизларга берилаётган эътибор, қулай ўқиш, иш имкониятлари яратилаётгани боис барча жабҳаларда хотин-қизларнинг иштироки сезиларли суръатда ошмоқда. Имкониятлар, имтиёзлар бир тараф, аммо ҳар қандай янгиланиш, ривожланиш асосида инсоннинг ўзи туради. Мамлакат хотин-қизларининг етакчиси сифатида бу юксалишлардан ҳақли равишда ғурурланаман.
Мен қадриятларимиз бешиги бўлган, қарийб юз йилдан буён аёл бахти, аёл шарафи учун хизмат қилиб келаётган “Саодат” журнали саҳифалари орқали муҳтарама онахонларимиз, заҳматкаш, қалби гўзалликка тўла аёлларимиз, умидимиз осмонида тобора чарақлаб, борлиқни нурафшон қилаётган қизларимизни кириб келаётган 2025 йил билан самимий муборакбод этаман. Юртбошимиз яхши ниятлар билан янги йилимизга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” дея ном бердилар. Шунга монанд юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси давом этмоқда.
Шаҳару қишлоқларимизда дарахтлар ўтқазиш, “Оила боғи” яратиш, хиёбонлар ташкил этиш каби меҳнат жабҳаларида хотин-қизларимиз жуда фаоллик кўрсатмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, оналар боғ барпо этган жойларда, “Оила боғи” қад ростлаган манзилларда фарзандлар ҳам албатта, она табиатга меҳрли бўлади, экологик маданият шаклланади, юксалади, экологик қадриятлар эъзозланади, уларга табиатни асраб-авайлашга интилиш, ташаббускорлик, изчиллик, меҳнатсеварликни ўргатишга хизмат қилади.
Она Ўзбекистонимизнинг янада жадал суръатлар билан ривожланиши учун, саодатли турмуш учун, бахтли ва фаровон оилалар учун барча баробар жонбозлик кўрсатиши зарур. Аёлларимиз бу борада бош тарғиботчи, бош ташкилотчи бўлиши керак. Зотан, атроф-муҳит тозалиги, озодалик, орасталик ишлари аёлнинг қўли ва кўнглидан бошланади.
Фурсатдан фойдаланиб, оила чароғбонлари, фарзандлар таянчи, миллатимиз файзи бўлган барча аёлларимизни шу савобли, манфаатли ҳаракат атрофига тобора жипслашишга, кузатувчилар эмас, бевосита фаол иштирокчилар сафида бўлишга чорлайман. Хонадонларингиз меҳр нуридан, меҳнат шарофатидан обод бўлаверсин. Соғлом вужуд, соғлом фикр билан жонажон Ватанимизнинг жаҳон майдонларида довруқ қозонишидек буюк мақсадларга камарбаста бўлишингизни чин дилдан тилаб қоламан.