Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлаганини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Биз муҳтарама аёлларимизни, азму шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлашни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ЎЗБЕКИСТОН АЁЛЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра, Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланди. Ушбу юксак эҳтиром юртимиз аёлларига бўлган ишонч, ҳурмат ва меҳрда намоён бўлди.
2024 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган сайлов олдинги сайловлардан фарқли равишда, юртимиз тарихида илк марта янги шаклда – аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди.
Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар иштирокида шаффоф тарзда бўлиб ўтган сайлов натижасига кўра, парламентнинг қуйи палатасига сайланган 75 нафар депутатларнинг 25 нафарини аёл депутатлар ташкил этади.
Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига партиялар рўйхати асосида сайланган 75 нафар депутатларнинг 32 нафари хотин-қизлардан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 51 нафар аъзоларидан 15 нафари хотин-қизлардир.
Ҳукуматимиз ва халқимиз орасида нуркўприк бўлишга ҳозирланиб турган барча депутат ва сенатор опа-сингилларимизни сиёсий майдонга қўйган қутлуғ қадамлари билан самимий табриклаймиз.
Аёл ҳаёт оламида ёлғиз ўзи яшамайди. Унинг тафаккури, кўнгли минг бир ришталар орқали оиласи, турмуш ўртоғи, фарзандларига боғланган бўлади. Демак, сиз олдингиздаги масъулиятли йилларда дуогўй оналаримиз, умр заҳматларини барча билан баробар тортаётган аёлларимиз, бугундан-да ёрқин келажак умидида изланаётган қизларимиз ёнида бўласиз. Бахт ва фаровонлик йўлларида қабул қилинадиган қонунларда уларнинг манфаатини ҳимоя қиласиз деб ишонамиз.