Янги Ўзбекистон: гендер тенглик сиёсати

Муаззам Шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда

Янги Ўзбекистон: гендер тенглик сиёсати
 
    Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади.
 
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
 
     Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш мақсадида юртимизда Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ўтказилди. Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Янги Ўзбекистон: гендер тенглик сиёсати” мавзусидаги тадбири ҳам бўлиб ўтди. 
     Тадбирда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг соҳага доир масъул вакиллари, жумладан, “Беларус аёллар иттифоқи” жамоат бирлашмаси раиси Шпилевская Ольга Александровна, Миср Араб Республикаси Вакиллар палатаси аъзоси, Миср қишлоқ хўжалиги банки бош директори, Араб меҳнат ташкилоти аёллар кенгаши раҳбари Солаф Ҳусайн Мустафо Дарвиш,  Миср Сенати, Энергетика, атроф-муҳит ва ишчи кучи қўмитаси котиби Ноҳа Аҳмед Фатҳи Аҳмед Заки, Озарбайжон Республикаси Оила, хотин-қизлар ва болалар муаммолари бўйича давлат қўмитаси вакили Гулнара Мамадова, Қирғиз Республикаси Аёллар Конгресси раиси Замира Акбагишевалар иштирок этди.
     Шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, юртимизнинг ижтимоий, сиёсий ҳаётидаги фаол хотин-қизлар, оила ва хотин-қизлар қўмиталари вакиллари ҳам қатнашдилар. Хотин-қизларнинг имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, бошқарув органларидаги ролини мустаҳкамлаш мазкур тадбирнинг асосий мақсадидир. Ислоҳотларнинг мамлакат аёллари ҳаётига амалий таъсири ва халқаро аёллар ҳаракатидаги ҳиссасини халқаро ҳамжамиятга етказиш кун тартибидаги муҳим масала бўлди.
    Шиддатли ва мураккаб глобаллашув жараёнлари давом этаётган шароитда хотин-қизлар ҳуқуқлари, оила ва аёллар масалалари барча мамлакатлар учун долзарб масаладир.
     Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева аёллар билан боғлиқ масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини таъкидлар экан, бу каби тадбирлар мамлакатларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш учун ишончли имконият эканлигини алоҳида қайд этди.
     Айни соҳага масъул хорижий вакиллар ҳам ўз нутқларида хотин-қизларнинг ҳаётдаги ютуқ ва муаммолари ҳақида батафсил тўхталдилар. 
   Сўнгги йилларда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, аёлларнинг интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни уйғун тарзда олиб бориш каби кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 
    Халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилиб, сўнгги йилларда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигининг ўзи фикримизнинг ёрқин исботидир.
     Шунингдек, аёлларга нисбатан камситилишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш каби саъй-ҳаракатларимиз юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада оширмоқда.
     Тадбирга “Янги Ўзбекистон: гендер тенглик сиёсати” тарзидаги мавзу танлангани бежиз эмас. Хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонларгача кириб борадиган тизим яратилди. 
      Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси мунтазам фаолият олиб бормоқда. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ҳамда хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган.
      Буларнинг барчаси парламент юқори ва қуйи палаталарида, маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибида, ижро органларида ҳам аёллар сони, мавқеи ошиб боришига пойдевор бўлмоқда. Аёл вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва ҳоким ўринбосари, йирик нодавлат-нотижорат ташкилот раҳбари лавозимидаги хотин-қизлар сони йил сайин кўпаймоқда.
     Аёл раҳбар кадрларнинг янги авлодини шакллантириш учун таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. 
     Улар учун имтиёзли кредитлар, махсус квоталар ажратилди, магистратурада ўқийди-ганларнинг контракт тўловлари бюджетдан қоплаб берилишини давлат ўз зиммасига олди. 
      Агар олий таълимга қамровнинг 2017 йилдаги 39 фоизини ҳозирги 50 фоизи билан солиштирсак, институт, университетлардаги талаба қизлар улуши кескин ортганига гувоҳ бўламиз.
      Шу пайтгача анъанавий бўлган таълим, тиббиёт, тикувчилик йўналишларидан ташқари рақамли иқтисодиёт, информацион технологиялар каби илғор соҳаларга ҳам опа-сингилларимиз фаол кириб келмоқда. 
     Хотин-қизларга берилаётган катта имкониятлар туфайли тадбиркор аёллар сони ҳам икки баробарга ошди. Уларни касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. 
      Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларига кўмаклашиш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби мутлақо янги механизмлар амалиёти  яратилди. 
    Ўзбекистон хотин-қизларининг нуфузли халқаро форум ва анжуманларда фаол иштирок этаётгани қувонарлидир.  
     Кун тартибидаги барча масалалар муҳокамаси шуни кўрсатдики, гендер тенгликка эришиш  хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш орқали амалга ошадиган жараён. Анжуман якунида қабул қилинган қарорлар, иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинган вазифалар моҳиятига ҳам шу фикр сингдирилди.
 
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар