Ҳамиша ва ҳамма даврларда ҳам ўзгаларга яхшилик соғиниб яшайдиган, эл тинчлиги, халқ фаровонлиги, миллат маънавияти, соғлом авлод камолоти учун хизматга шай бўлган инсонлар ҳаракати ва меҳнатлари эвазига юрт тараққиётга юз тутади.
Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига мамлакат тарихида илк бор аёл киши Танзила Нарбоеванинг тайинланганлиги, Зулайҳо Маҳкамованинг Бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритаётгани кўксимизга фахр туйғусини солади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (ОМБУДСМАН) этиб Феруза Эшматованинг сайлангани, республикамизнинг айрим туманларига аёл ҳокимлар етакчилик қилаётгани уларга билдирилган ишончнинг юксаклигини намоён этади.
Таълим йўналишидаги ислоҳотларнинг самарасида мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола Умарованинг билим ва салоҳияти қўл келаётганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбек оиласида камолга етган Азиза Шоназарованинг Колумбия университети профессори мақомини олган биринчи ўзбекистонлик аёл эканлиги, яна бир ҳамюртимиз Нигора Ҳакимова Оксфорд университетининг исломшунослик марказидаўзбекистонлик илк тадқиқотчи бўлганлиги юртимиз аёлларининг дунёни забт этиш йўлида янада юксалиб бораётганлигини исботлайди.
Бугун юртимизда хотин-қизлар ҳаёти, фаолияти, турмуш тарзи, саломатлиги билан боғлиқ масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мазкур сиёсатнинг амалдаги ижроси ўлароқ аёллар ҳам ўз фидойилиги, садоқати, меҳнати ва билим тафаккури билан жавоб бермоқдалар.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиётида дастлабки мақсад хотин-қизларнинг бахтли яшашлари учун муносиб шарт-шароитларни яратишдан бошланади. Бу нафақат ижтимоий-маданий соҳаларда кўзга ташланади, балки сиёсий жараёнларда ҳам яққол сезилади.
Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган элликдан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуққа эга эканлиги, уларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда имкониятлар тенг тақсимланиши кафолатланган.
Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайлов олдинги сайловлардан фарқли равишда, юртимиз тарихида илк марта янги шаклда – аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан мазкур жараёнларда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида "Сиёсий жараёнларга бефарқ эмасман" шиори остида тарғибот ва ташвиқот ишларини самарали ташкил этиш дастури ишлаб чиқилди.
Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш борасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси юртимиздаги мавжуд сиёсий партиялар билан ўзаро Ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Қувонарлиси, бугун ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда уларнинг камида қирқ фоизи ёки ҳар беш нафардан икки нафари аёллардан иборат бўлиши муҳимлигига оид норма амалда эканлиги муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Шу кунларда сайловларда хотин-қизларнингномзод ва сайловчи сифатидаги иштироки юзасидан "Мен сайловда иштирок этаман!", "Аёл депутат бўлса...", "Тирик ташаббуслар майдонига келинг", "Аёл – номзод ва сайловчи сифатида" каби мавзуларда самарали тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос равишда бугун Парламентда хотин-қизлар иштироки, улар томонидан қабул қилинаётган муҳим қарорлар жамиятни демократлаштириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлайди.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни юртимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига "Миллий тикланиш" демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, Экологик партиялардан умумий 175 нафардан номзодлар кўрсатилган бўлиб, уларнинг ўртача 45 фоизини аёл номзодлар ташкил этмоқда.
Бугунги сайловчи кечаги сайловчидан тубдан фарқ қилади. Сайловчилар сиёсий жараённинг иштирокчиси ёки кузатувчисигина эмас, балки ривожланаётган фуқаролик жамиятининг фикри уйғоқ, мақсад ва қарашлари аниқ бўлган жамоатчилик вакили ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт, деган эдилар. Бу даъват ўз навбатида барча вазирлик, идора ва ташкилотлар қатори бизнинг зиммамизга ҳам алоҳида масъулият юклайди. Биз бу масъулиятни чуқур ҳис қиламиз, опа-сингилларимизнинг сайлов жараёнида уюшқоқлик билан иштирок этишларини таъминлаш учун бор кучимиз, имкониятимизни сафарбар қиламиз.
Озода ПАРПИБОЕВА, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси.