ЁШЛАР ОВОЗИ
БИЗНИНГ ИСМИМИЗ – ЎЗБЕКИСТОНЛИК
Бундан бир аср аввал, жадид етакчилари ташаббуси ва ҳомийлигида 70 нафар туркистонлик талаба Германияга ўқишга юборилган эди. Уларнинг аянчли тақдири ҳақида кўплаб мақолалар, бадиий асарлар, ҳужжатли фильмлар тақдим этилган. Бугунги мавзуимиз ҳозирда олис олмон диёрида таълим олаётган, тадқиқот ва амалий изланиш олиб бораётган замонавий ёшларимиз бўлиб, улар Янги Ўзбекистоннинг дахлсиз фуқаролари, давлат ва Президент томонидан ҳомийликка олинган орзуси ойдин авлод ҳисобланади.
Ҳуснора ОРЗИҚУЛОВА,
Мюнхен Людвиг-Максимилиан университети клиникасининг юз-жағ жарроҳлик бўлими стоматолог шифокори:
– Талабалик давримдаёқ Германия медицина соҳасида дунёда энг етакчи давлат экани тўғрисида кўп эшитгандим. Шу тариқа “дойче пунктлайхет” – “пухталик ва аниқлик” русум бўлган диёрга бориб ўқиш орзуси пайдо бўлди. Мақсадга етиш учун ҳаракатни мустақил тайёрланишдан бошлаб, кейинроқ немис тили курсларига борганман. 2022 йилда, ниҳоят, ушбу мамлакатга келишга муваффақ бўлдим. Дастлабки иш кунларим бироз қийин кечди. Лекин астойдил ҳаракат қилиб, ҳамкасбларнинг ёрдами билан бу қийинчиликларни енгиб ўтдим.
Албатта, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан берилган энг катта ютуқ – жаҳон дарвозаларининг биз ёшлар учун очиб берилгани, деб ўйлайман. Хоҳлаган давлатимизда, хоҳлаган университетимизда ўқияпмиз. Бунинг учун Юртбошимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди.
Келгусида магистратурани ҳам шу ерда давом эттириб, юз-жағ жарроҳлиги соҳасида илмий фаолият олиб боришни хоҳлайман. Энг мураккаб жарроҳлик ишларини чуқур ўрганиб, Ўзбекистонга малакали шифокор бўлиб қайтмоқчиман. Ота-онамни, ўғлимни ва яқинларимни жудаям соғинганман. Албатта, жигарларингдан, ватанингдан узоқда яшаш осон эмас экан. Лекин ўзим туғилган юрт ривожи учун озгина бўлса-да, ҳисса қўшиш имкониятим кенгайгани менга катта куч беряпти. Аслида бизнинг бурчимиз шу – Ватан учун ёниб яшаш. Ўзбекистон ёшларига айтадиган гапим шуки, аввало, ўз она тилларини аъло ўзлаштириб, кейин ўзга тилларни ҳам мукаммал ўрганишсин. Ўз олдиларига катта мақсадлар қўйиб, унга эришиш йўлида меҳнат ва ҳаракатдан толмасин. Уларга омад тилайман!
Мардона ЗУҲРИДДИНОВА,
Ҳанновер стоматологлар тайёрлаш профессионал академияси талабаси:
– Чет элда ўқиш орзуси билан ўқувчилик кезимда кўплаб хорижий университетларга ҳужжат топширганман. 10-синфлигимда Малайзиядаги университетлардан бирига саксон фоизлик грантни қўлга киритдим. Бу ўзимга бўлган ишончни кучайтирди. Немис тилини иштиёқ билан ўргана бошладим. Германияда Европанинг бошқа давлатларига қараганда бепул олий таълим олиш имконияти кўпроқ. Дарвоқе, немис халқига хос темир интизом, бирсўзлилик хислатлари ҳам айнан таълим даргоҳларида шаклланади. Масалан, вақтнинг нақадар муҳим эканлигини шу ерга келиб янада яхши тушуниб етяпман.
Менга Ўзбекистон ёшлар ташкилоти томонидан жуда ҳам катта ёрдам берилди. Институтда ўқиб юрган пайтларим чет тилларини ўрганиш ва турли хил спорт тўгаракларига қатнашиш, шунингдек, “Ёш китобхон” лойиҳасида ўзимни синаб кўриш учун имконият эшиклари очилди.
Мутахассислигим бўйича тиш шифокори касбини эгалламоқчиман. Ўқишимни тамомлаб, ўз йўналишим бўйича Ўзбекистонда клиника очиш ниятим бор. Чет давлатлар билан ҳамкорликда ишлаш, Ўзбекистоннинг ривожланишига, инсонларнинг соғлом бўлишига ҳисса қўшиш тарафдориман. Юртимизнинг ҳар бир вилоятида ўз клиникаларимни очиш ва ҳозирда ўрганаётган билимларимни, ҳаётий тажрибаларимни улашишни ният қилиб қўйганман.
Ўзбекистоннинг Германиядаги ваколатхонаси мутасаддилари биз билан тез-тез суҳбат уюштиришади, ўқиш ва ишларимиз билан қизиқишади, ўз маслаҳатларини бериб, қўллаб-қувватлашади. Албатта, мусофирчиликда қийинчиликлар йўқ эмас. Ахир мақсадга осонлик билан эришмоқ йўқ. Осонлик билан эришилган нарсаларнинг қадри бўлмайди. Мен Германияга ўзим билан бутун Ўзбекистонни олиб келгандайман. Чунки мени таниган одам менинг миллатимни танийди. Бизни дунё танисин!
Муҳайё ПИРНАФАСОВА ёзиб олди.
P.S. Давра суҳбатини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатгани учун Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ходимларига миннатдорлик билдирамиз.