Долзарб мавзу 30.06.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

СЎЗ ЗАРГАРЛАРИ

 

ҚУТЛОВ

СЎЗ ЗАРГАРЛАРИ

   Мамлакатимизда кейинги йилларда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар, Янги Ўзбекистон барпо этишдаги янгиланишлар ҳар соҳада бўлгани каби журналистика йўналишида ҳам эврилишларга сабаб бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳнамолигида матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркин фикр минбарига айланди. Юртимизда журналистлар халқимиз манфаатларини фаол ҳимоячиси бўлиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, кенг ижтимоий муҳит яратилди.
   Натижада, миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг: “Матбуот фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим”, деган фикрлари бугун журналистларга йўлчироқ бўлмоқда. Қолаверса, соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, очиқлик сиёсати эса ўз ўрнида журналистларимизни руҳлантирмоқда, фаолиятига туртки бериб, истаган мавзу бўйича материаллар тайёрлаш мумкинлигига, бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигига ишончини мустаҳкамлаётгани қувонарлидир.
   Бугун ҳаётимизга янги атама “блогерлар” кириб келди. Журналистлар билан қадамма-қадам жойларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, ҳақиқатни юзага чиқаришдек масъулиятли вазифаларни виждон тарозисига қўйиб, адолат йўлида хизмат қилиш учун ижтимоий тармоқдек очиқ майдонда ошкора куч синашаётган блогерларнинг борлиги ҳақ ва ноҳақлик орасида саросар бўлган оддий инсон учун умидворлик муждаси бўлди.
   Президент Шавкат Мирзиёев: “Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз”, дея юртимиздаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига юксак ҳурматини намоён этдилар.
   Шу боис ҳам кейинги йилларда ҳақ сўз учун елка тутаётган журналистларнинг танқидий-таҳлилий чиқишлари, улар томонидан билдирилаётган таклифлар, фикр-мулоҳазалардан сўнг кўплаб масалаларга ечим топилиб, муаммолар ижобий ҳал этилаётганлиги сир эмас. Натижада, ҳукумат даражасидаги қабул қилинаётган қарорлар ва қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар киритилаётганлиги соҳамиз ютуғи дейиш мумкин. Ваҳоланки, илгари бундай ҳолатлар камдан-кам кузатилар эди.
   Мен юртимизда журналистларни жамиятнинг ҳарорат ўлчагичлари, давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифасини ўтовчилар, дегим келади. Зотан, бугунги ахборот алмашинуви даври журналистдан тезкорлик, воқеликни ҳам ёза олиш, ҳам муносабат билдириш, ҳам ўз фикрига эгаликни талаб қилмоқда. Ижтимоий тармоқлар эса уларнинг асл ҳақиқатини очиб бермоқда. Қачонки журналистга ишонч, эътибор, муносабат юқори бўлса, у доим ўзидан-да кечиб, фидойилик билан ишлайди ва яшайди.
   Ўрни келганда айтиш жоизки, бугун республикамизда фаолият олиб бораётган босма, интернет нашрлари, телевидение, радио ва бошқа йўналишларда эркаклар билан елкама-елка меҳнат қилаётган аёлларимизнинг фаоллигини ҳам алоҳида ҳурмат билан тилга олгим келади ва улар соҳанинг салмоқли қисмини ташкил этади. Хотин-қиз журналистлар бизни оила билан, фарзандлар дунёси билан мустаҳкам боғлаб турадиган олмос ришта ҳисобланади.
   Уларнинг ёз саратони, қишнинг қаҳратонида ҳам қўлида қалами, хаёлида эса излаган қаҳрамони. Устоз шоирамиз лутф этганидек, бир қўлида қалам, бирисида бола билан ижод йўлида заҳмат чекадилар. Бемор боласининг ташвишига қаҳрамонининг қувончини аралаштирмайди. Мен газета, радио ва телевидениеларда меҳнат қилаётган журналист аёлларни жасорат маликалари, дегим келади. Сафимизда уларнинг борлиги кўксимни фахрга тўлдиради.
   Юртимизда кенг нишонланаётган 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан муҳтарам фахрийларимизни, устозларни, сўзга масъулиятли масъулларни, журналист ҳамкасбларимизни ва шу соҳадаги жонкуярлик билан фаолият олиб бораётган опа-сингилларимизни бир асрлик ёшни қаршилаётган донишманд “Саодат” журнали орқали қутлаш насиб этганидан миннатдорман. Бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрлидир.
   Байрамингиз муборак бўлсин азиз ва муҳтарам ҳамкасблар!

Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
раиси вазифасини бажарувчи.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар