Эзгуликка йўлловчи ташаббуслар бор бўлсин, яна водийдамиз. Бу гал “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ёшлар орасига йўл олдик.
Сафаримиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалидан бошланди. Водийча тавозе билан кутиб олган устозлар, қалбларидаги жўшқинлик кўзларида балқиб турган талабалар кайфиятига мос равишда қадамимиз дадиллашади.
Мезбону меҳмонлардаги уйғун кўтаринкилик Янги Ўзбекистонни бунёд этишда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, ҳаётимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар инсонлар тафаккурида ҳам акс садо бераётганидан далолатдир. Қўлимга атиргуллар дастасини тутган талаба йигитга юзландим.
– Телекоммуникация технологиялари йўналиши 3-босқич талабаси Аҳрорбек Эргашевман, – деди йигит шахдам овозда.
Олий таълим муассасаси пештоқидаги катта ва зарҳал ҳарфлардаги ёзувга ишора қилиб:
– Ўғлим, алломаи замон бобомиздан бошлаймизми суҳбатимизни? – дедим. Саволимдан юзлари ёришиб кетди, кейин эса унинг сўзларини яйраб эшита бошладим.
– Мусо ал-Хоразмий буюк математик, астроном, фан тарихидаги илк қомусий олимлардан бири. Америкалик машҳур тарихчи Жорж Сартон буюк бобомизнинг илмий меросига ишора қилиб: “Ал-Хоразмий ўз замонасининг энг буюк математиги, агар барча ҳолатлар эътиборга олинса, барча замонларнинг энг буюк математикларидан бири”, дея эътироф этган... Тўхтатмасам, улуғ математик ҳақида соатлаб гапира олиши кўриниб турган ёш дўстимнинг елкасига “етарли” дегандай енгилгина қоқдим. Аммо шу бир-икки дақиқалик маълумот ҳам кўнглим кенгликларида юртимиз, ёшларимиз учун гупуриб келаётган фахр ҳиссини улканлаштириб юборди...
Бугунги кунда мазкур олий таълим муассасасида замонавий ахборот коммуникация технологияларига доир ўн икки йўналишда қарийб 4250 нафар талаба таҳсил олади. Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, – дея айтган ҳаётий ҳикмати олий илм даргоҳида фаолият юритаётган ҳар бир ўқитувчи, ходимнинг шиорига айланган.
– Олдимизга қўйган юксак мақсад ва режаларимизни реал натижага айлантириш учун ҳаммамиз бор куч, билимимизни аямасдан, фидокорона ва виждонан меҳнат қилишимиз, ташаббус кўрсатиб ишлашимиз зарур,– дейди олий таълим муассасаси раҳбари, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Фаррух Мухтаров.
Олийгоҳнинг хушҳаво ҳовлисини кўздан кечирар эканмиз, ёшлигим, Фарғонада ўтган талабалик чоғларим ёдимга тушди. Билим олишга ташналик иштиёқи завқу сурур бахш этган гўзал даврлар эди. Бир-бирига уйғунлашган кўчалар, осмон билан бўйлашган азим чинорлар... Кейинги йилларда йўлим тушиб Фарғонага келган пайтларимда ўша осмонўпар чинорларни соғиниб, ўкинардим, биз кириб борган илмгоҳ ҳовлисида эса юз йиллик чинорлар гуркураб турибди. Кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмай турли манзарали дарахту гуллар экилган. Талабалар уйи яқинидаги жонли бурчакда товуслар, турфа паррандалар ҳам бор экан. Гулзорлар орасига қўйилган ёғоч қутилар ёнида асалари парвариш қилаётган устозни ўраб олган талабаларни кўрган филиал раҳбари уларга ҳазиломуз гап қотди: “Домла, менинг лочинларимга асал ялатдингизми, кўрмоқ бору, емоқ йўқ экан, деб ноумид бўлмасин-да!” Енгил кулги кўтарилди. Фарғонача лутф-ла, жиддий суҳбатлар ҳам ҳазиллар билан эшитганга енгил “ҳазм “ бўлади. Кейин бизга қараб:
– Устозлар, бежиз мен ўғил-қизларимизни бургуту лочинга менгзамайман, буларнинг орасида кўкнинг кўзини ўпаман, дейдиган парвози баландлари бор. Уларнинг кўзини яшнатмоқ ниятида ҳовлида парвариш қилинаётган паррандаю дарранда нима бўлибди, улар коинот, астрономия илмини астойдил ўрганяпти. Наносунъий йўлдошлар ихтиро қилиш, синаб кўриш, сунъий онг ёрдамида маълумотлар тўплаш каби ҳали чуқур ўрганилмаган соҳаларни татбиқ қилишга бел боғлаганлари ҳам бор, – деди ғурурланиб. Биз ҳам боғнинг бир гўшасига ниҳол қададик. Дарахтга номимиз битилган тасмани ҳам илиб қўйдик. “Бу боғлар – бир боғлар бўлади ҳали”, дея дилдан суҳбатларни, ижодий учрашувни бошлаб юбордик. Тадбир бошловчиси олий таълим муассасаси Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Толипов адабиётга кўнгли ошуфта инсон экан.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси ҳақида сўз борар экан, ёшларга мана шундай ижодий мулоқотлар, китобга, шеъриятга, маърифатга ошнолик ҳар бир тингловчининг қалбида нурли из қолдириши ҳақида гапирди... Сўзладик, саволларга батафсил жавоб бердик. Миллатимиз руҳи бўлган она тилимиз, китобхонлик, азалий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш, мустақилликни мустаҳкамлаш борасида сўз айтдик. Сўзга чиққанлар орасида ёши улуғ устозлар, олимлар, талаба ёшлар ҳам бор. Олима Гулнора Қўчқорова 2011 йилдан буён мазкур даргоҳда фаолият юритади.
– Филиалимизда кейинги икки йил ичида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Барча ўқув хоналари замонавий техник воситалар билан жиҳозланган, жамоамиз орасида соғлом муҳит яратилган. Ахборот ресурс марказида “Китобхон оналар ва болалар” лойиҳаси доирасида тўгарак ташкил этилган, яқин ҳудуддаги маҳаллалар оналари ва болаларининг бепул китоб мутолааси учун ҳам имконият яратилган. Фарзанд тарбияси бўйича маҳорат дарслари йўлга қўйилган. Агар иш жараёнида раҳбарларда самимий муносабат, меҳнатга яраша рағбат бўлса, кайфиятинг кўтарилиб яшайсан. Дарс бериш масъулияти билангина эмас, иш жойингни соғиниб интиласан, эртанинг умиди билан шодланиб юрасан. Ҳафтанинг ҳар жума кунида дарс жараёнларига кириб, маърифий саволларига тўғри жавоб берган талабага қимматбаҳо туҳфа бериб рағбатлантирадиган, йигитларни лочиним, бургутларим, боболарим деб, қизларни момоларим, Барчинларим, деб эркалайдиган, иқтидорли талабанинг ютуғидан қувониб, қўлидаги соатини туҳфа қилиб юборадиган раҳбар яна қаерда бор?! Мана шу олийгоҳда, ал-Хоразмийнинг ҳақиқий издошлари орасида.
Бизга ҳамроҳлик қилаётган ёш олим Муҳаммадюнус Норинов олийгоҳда сиртқи бўлим бошлиғи экан.
– Опа, “Саодат” журналида ёритишингиз керак бўлган бир таклифим бор. Ахборот технологиялари, дастурчилик хотин-қизлар учун ҳали янги бўлишига қарамай, қулай ва сердаромад соҳа. Дастурчи қизларимизнинг қобилияти, билими, шубҳасиз, рақамли технологиялар ривожига ҳисса қўшади. Пандемиядан кейин дунё тубдан ўзгарди, бизнес юритиш ва хизмат кўрсатиш янги босқичга кўтарилди. Глобал тармоқ – интернет, ахборот технологиялари, сунъий интеллектнинг инсониятга нечоғлик зарурий восита эканини, қизларимиз уйда ўтирган ҳолда масофавий янги касбларни ўрганиши, ўз устида ишлаши ва оламшумул ютуқларга эришиши мумкинлигини кўпроқ тарғиб қилишимиз керак...
Албатта, биз бу фикрни ёндафтаримизга белгилаб қўйдик.
Адабиётнинг сара асарларини ўқиш орқали фикрлаш, таҳлил қилиш, хулоса чиқариш қобилияти шаклланади. Давлатимиз раҳбари бизни ким нима деса, бош тебратиб маъқуллаб турадиган, мустақил фикри йўқ авлодни эмас, ўз фикрига эга онгли авлодни камол топтиришга даъват этаётир.
Президент стипендияси совриндори Алишер Ўринбоев ўз сўзи, ўз йўлига эга ана шундай ёшлардан экан.
– ТАТУ Фарғона филиали дастурий инжиниринг йўналиши 4-босқичида ўқийман. Дадам – тадбиркор, онам – уй бекаси. Фақат аъло баҳоларга ўқиганим мени стипендиат даражасига олиб чиқди. Устозим Бахтиёр Полвонов билан биргаликда кўплаб монография, тезис, мақолалар ёзганмиз. Илм олишга, юксалишга имкон яратиб берган давлатимиз раҳбари интилганга ўз номидан туҳфа йўллаб, қўллаб турар экан, мен янада шахдамроқ одим ташлаб, баландроқ марраларни кўзлашга интиламан.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия совриндори Камола Собирова:
– Телекоммуникация технологиялари йўналишида 4-босқич талабасиман. Устозим Одинахон Райимжоновага доим ҳавас билан қарайман. Олималик рутбаси ярашган бу аёл менга нафақат устоз, балки онамдек меҳрибон. Илм заҳматини чекиб, жуда кўплаб ютуқларга эришган устозимнинг изидан юриб, улар каби илм чўққиларини забт этмоқчиман. Шу ўринда тенгдошларимга айтадиганим: муваффақият калити – бу аниқ мақсад қўйиб, бу йўлда сенга йўлчироқлик қиладиган чинакам устозни танлаш, деб ўйлайман.
Ислом Каримов номидаги стипендия совриндори Шоҳруҳмирзо Аъзамов билан суҳбатимизда ҳам кўнглимизда ҳам бир осойишталик сездик. Одатда, оналар ўз фарзанди учун кўнгли тинч бўлса, вужудига шундай туйғулар инади. “Отам Алишер Самсақовнинг: “Болам, илм – ақл нури, у инсонларни борлиқни ҳис этиш, воқеликни идрок этиш, маънавий ва моддий оламни англашга, тафаккурини шакллантиришга ундайди. Илм жаҳолатдан йироқлаштиради. Зиёли инсонлар жамиятнинг етакчилари ҳисобланади. Илм йўлига тушдингми, ўртамиёна бўлма, етакчиликка интил. Чунки жамиятни етакчилик қобилияти бўлган инсонлар бошқаради”, деган гапи ҳамиша қулоғим остида жаранглаб туради. Ота-онамнинг гўзал ниятлари учун ҳам мен келажакда оиламга муносиб фарзанд, жамиятга керакли инсон бўлиш учун бугундан ҳаракатдаман”, – дейди у.
Компьютер инжиниринги йўналиши 3-босқич талабаси, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия совриндори Асалой Эргашева асли қашқадарёлик экан.
– Ота-онам олий маълумотли бўлмаганлиги сабабли ўқимишли бўлишимни жуда исташарди. Шу сабаб ўзим қизиққан соҳа – рақамли технологиялар бўйича ўқишни ният қилдим. Тенгдош дугоналаримга маслаҳатим: ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтаманг. Агар кимдир уддалай олмаган бўлса, сиз ҳам уддалай олмайсиз, дегани эмас. Чекинмасдан олға борсангиз, албатта, меҳнатларингиз натижасини кўрасиз. Энг катта мотивация – бу ота-онангизнинг сиз билан фахрланишидир. Ютуқларимизда олийгоҳимизда 24 соат тиним билмай фаолият юритадиган “Студент офиси”нинг ҳам хизматлари катта, – дейди талаба қиз илм йўлидаги ёшлар каби вазминлик билан.
Ўтган йили филиал раҳбари ташаббуси билан замонавий “Студент офиси” маркази ташкил этилди. Унда 70 дан ортиқ хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда мазкур марказда абитуриентлар, талабалар, ота-оналар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўғридан-тўғри, телефон ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган мурожаатлар ўз ечимини топади. Талаба кредити олишми, уни ҳужжатлаштиришми, ота-она билан мулоқотми, қўшимча онлайн ўқишларни суриштиришми, бир сўз билан айтганда, талаба ёшларнинг ўқиши, бошқа заруриятлари учун беминнат хизмат қилади бу марказ. Соддароқ тилда ифодаласак, худди эртаклардаги очилдастурхоннинг ўзи. Биз ҳам талаба бўлганмиз. Ўзимизнинг ташвишимизни ўзимиз тортардик. Бу дориламон замонларни орзулаб, орзуси учун ҳам жони билан бож тўлаб ўтиб кетган аждодларимиз қанча... Шундай шукроналик ҳислари билан бу яшил шаҳарга кўрку салобат бериб турган яна бир олийгоҳ сари йўл оламиз.
Ватанимизга тақдир бўлган озодликнинг барча кунлари биз учун бирдай азиз, бирдай қадрли. Аммо бу ҳур нафасли, товушлари жаранглаб, юракларни жаранглатиб турган “озодлик”, “ҳуррият” сўзларига “Ўзбекистон” номи қўшилса, бу сўзлар дунёлар қадар улканлашиб, кўк қадар юксалиб кетади. Чунки чорак асрдан зиёд мустақил яшадик, яшай оляпмиз, демак курашга, яратишга, енгишга қодирмиз. Биз бу қудратни жаҳон майдонида ўз эркига ўзи эга бўлиб яшаб келаётган миллатлар билан юзма-юз келганда яна ҳам ишончлироқ намоён этамиз. Чунки бундай синовли манзилларда вужуддан аввал руҳ, кўнгил қўзғалади. Ор-номус каби бебаҳо туйғулар байроқдек тикланади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалига кириб келганимизда кўнгилларни яна ҳам шиддатлироқ туйғулар қамраб олди. Спортчи ўғил-қизларимизнинг деворларга илинган суратларида ёвқур сийратлари акслангандек. Кўксига тақилган олтин-кумуш медаллар жаранги ҳар томондан акс садо бераётгандек... Дунё шоҳсупасига чиққунга қадар босиб ўтган йўлларидаги ранжу заҳматларидан рози бўлиб, “Яна ғалабага шаймиз”, дегандек қараб турган бургутнигоҳлар кўнгил кўзимизни яшнатиб юборди.
Олий таълим муассасаси раҳбари, педагогика фанлари доктори, профессор Низомжон Тўхтабоевнинг хонаси ўқитувчи, ходимлар билан гавжум эди. Яна бир ғалаба нашидаси сабаб юз-кўзларида ғурур ифодаси сувратланиб турган раҳбар бизларни очиқ чеҳра билан қарши олди. Чеҳраси офтобда қорайган, спорт кийимидаги ўрта ёшлардаги одамни таништирди.
– Устоз Илёс Ниёзов яқинда Боку шаҳрида бўлиб ўтган халқаро марафонда ғолиб бўлиб қайтдилар. Институтда ташкил этилган музей учун совринларини топшириш маросими бўлаётган эди.
Биз ҳам тилаклар айтдик, олқишларга қўшилдик. Ғолибга сўз берилганда эса фикратимдан “ёзмасам бўлмас”, деган хаёл ўтди.
– Мен ўз даврида баландликка сакраб катта мусобақаларда ғолиб бўлганман. Ўзбекистон рекордларини қўйганман. Бир ўғил, уч қизим бор. Ҳаммамиз педагогмиз. Ёшим етмишда, ҳеч қандай дори-дармонга эҳтиёжим йўқ. Боиси тинимсиз ҳаракатдаман. Қаерда, қайси юрт майдонида бўлсам ҳам Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб югураман. Бир қараган одам бу жараёнга халақит беради, деб ўйлаши мумкин. Мен эса юрт байроғи тафтидан куч оламан. Юрак бир маромда уриши учун ҳам юрагим устига маҳкам босиб одимлайман. Ёшларга такрор айтадиган гапим, “Ичма, чекма саломатлигингни спорт билан маҳкам қил, сендан соғлом фарзандлар туғилса, юрт кунига ярайдиганлар кўпаяди”, дейман. Спортчи ёшлар билан бўлган суҳбатларимиздан ҳам бир олам таассурот олдик.
– Университет раҳбари китобсевар, китоб қадрини биладиган инсон бўлгани учун ҳам кутубхонамиз доим гавжум, – дейди Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бош мутахассиси Нодирахон Холматова.
Одатда, спортчилар жисмоний тарбия дунёси одамларига ўхшайди. Улар билан маърифат борасида сўзлашиш қийиндек кўринади. Аммо бугун бу қарашимиз эскирибди. Олийгоҳ талабалари ҳам ҳар бобдаги сўзлашувларга тайёр эканини кўрсатиб, кўнглимизни юксалтиришди, нафақат спортчи, балки, заковатли ёшлар орасида эканимиздан қувондик. Мазкур даргоҳда дунё таниган спортчилар жуда кўп. Филиалда жами 1247 нафар талаба таҳсил олмоқда.
6 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 30 нафар спорт устаси ва 40 нафардан зиёд спорт усталигига номзодлар бор.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Токио – 2020” Паралимпиадаси ғолиби Нурхон Қурбонова ҳам шу университет талабаси экан. Қатрада қуёш акс этганидек, бу матонатли қиз босиб ўтган ҳаёт йўлида мазкур олийгоҳга фахру ғурур бўлган жуда кўп ёшларнинг интилишлари, ҳаракатлари самаралари намоён бўлади. Наманган вилояти Мингбулоқ туманида Дилфуза ва Ғуломжон Бозоровлар оиласида туғма нуқсон билан дунёга келган қизалоққа нурли кунлар умиди билан Нурхон деб исм қўйишди. Гўдакнинг дардини билган ота-онаси шифо излаб бош урмаган эшиги қолмади. Улғая бошлаган қизалоқ аравачада ўтириб қолди. Бундай ҳолатда мактабда ўқиган ўсмир қизнинг кайфиятини бир тасаввур қилиб кўринг. Лекин Нурхон дарддан енгилмади. – Ўқитувчимиз: “Менга таянч нуқтани топиб беринглар, Ер шарини бармоғимда кўтараман”, деган ҳикматни бизга кўп айтардилар, – дея эслайди чемпион қизимиз спортга кириб келган йилларини. – Мен ҳам спортни ўзимга таянч нуқта қилдим. Биз махсус мослама столда ўтириб машқ қиламиз. Бунга йиллар давомида ўрганиб, кўникиб борган бўлсак-да, барибир осон эмас. Баъзан жисминг руҳга бўйсунмаган, “дод, тўхта, бўлди!” дейдиган пайтлари бўлади. Лекин бошладингми, тўхтамаслигинг керак...
Нурхон Қурбоновага Токиогача бўлган кураш йўлларида шундай машаққатли машқлари гоҳ ғалаба нашидаси, гоҳ мағлубият аламини тақдим этди. У, айниқса, 2019 йил Дубайда ўтган паралимпиячиларнинг жаҳон чемпионатини алам билан эслайди.
– Мен ўшанда ўзимни ғалаба бўсағасида тасаввур этгандим. Аммо мағлуб бўлдим... Қайтиб келгач, менга:
– Нурхон, расм чизишга қизиқасан, талантинг бор, шу йўналишдан кета қол, ўзингни қийнама, умр инсонга бир марта берилади, – дегувчилар бўлди. Ҳали ҳам дизайнер бўлиш орзусидан воз кечмадим. Лекин спортнинг иштиёқи бошқа. У инсонга бахш этган шижоатни, мақсад йўлидаги ғайратни бошқа бир соҳада кўрмадим...
Нурхоннинг сўзида эмас, амалида ҳам шу шаҳд бор эди. У 2021 йилнинг қишида Дубай шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада спортнинг ядро, диск, найза улоқтириш турлари бўйича қатнашиб, 3 та олтин медалга сазовор бўлди. Бу ғалаба Нурхонга “Токио-2020” Паралимпиадаси учун йўлланмани тақдим этди. У диск улоқтириш бўйича жаҳон рекордини янгилади. Нурхон Қурбонованинг матонатли меҳнати муносиб тақдирланди, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонига эга бўлди. Келажакдаги мақсадлари жуда кўп, у уч карра паралимпиада чемпиони бўлишни ният қилган.
Белбоғли кураш ўзбек миллатининг асл куч-қувватини, ори ва ғурурини кўрсатадиган спорт туридир. Спорт турлари факультети кураш йўналишининг 2-босқич талабаси Ойбек Муҳаммаджонов номини бувайдаликлар меҳр билан тилга олади. Боиси 2008 йилдан бери 90 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлдан бермаган, елкаси ерга тегмаган паҳлавон ҳозирда 3 карра жаҳон чемпиони.
– Инсон курашда енгилмаслиги учун тинимсиз машқ қилиши керак, – дейди чемпион. У ўзи ҳақида сўз очилганда, Алишер Аҳмаджонов, Зоҳиджон Исмоилов, Шерзод Раҳимов, Бобур Тўхтасинов каби устозлари номларини миннатдорлик билан тилга олди.
Бокс майдончасининг ёнидан ўтар эканман, раҳматли Муҳаммадқодир акамнинг сўзлари хотирамга келди. Андижонда спорт коллежи қад ростлаб, иш бошлаган кезларда акам ўзида йўқ шодланди. Менга сим қоқиб: “Бунақаси дунёда йўқ, бир келиб кўрсанг, умринг юз йилга узаярди. Кураги ер кўрмаган спортчилар тарбия топади энди. Бир урса, мушти зарбидан отниям қулатадиган Муҳаммадқодирлар кўпаяди энди. Ўқувчиларни яхши едириб, яхши тарбия қилганимиздан бўйлари икки метр бўладигандек ёвқур ўсишяпти...” Йўлим тушиб коллежга борган пайтим акам фахрланиб менга спорт комплексини томоша қилдириб юриб, бокс майдончаси устунлари чангини қўлида артиб кетса бўладими.
– Ака, кап-катта одам, ёш боладай ишларни қиласиз-а! Қўлингиз билан артганингиз нимаси? Акам менга қараб бир кулиб қўйди-да, чанг артган кафтини юз-кўзига суртди.
– Бу жойларнинг гардини кўзингга суртсанг арзийди, – деди. Кейин машқ қилаётган икки боксчи ўсмирни кўрсатиб давом этди: – Қара, пешонасидан оққан терларни, улар меҳнат қилиб тер тўкяпти, спортчилар ҳам бошқа соҳа кишиларидек шу юртнинг ор-номуси, ғурури учун заҳмат чекади. Катта ареналарда шоҳсупага кўтарилиб, юртнинг байроғини кўкка бўйлатганда қаролдек меҳнат қилгани ёдидан чиқиб, ўзини қиролдек ҳис этади. Кеча иккита йигитимиз жаҳон чемпионатидан олтин медаль билан қайтди. Хурсандлигимдан юрагим қинидан чиқиб кетаёзди...
– Спортнинг турли йўналишлари учун махсус ҳозирланган машқ жойларига навбатма-навбат ўтар эканмиз, “Ака, руҳингиз тинч бўлсин, сиз орзулаган кунлар оралаб юряпман”, деб шивирлаб қўйдим. Спорт турлари факультети бокс мутахассислиги талабаси Ҳумоюнмирзо Абдурасулов сўзамол, очиқ юзли йигит экан.
– Дадам: “Бекорчидан худо безор”, деб тумандаги спорт мактабига етаклаб олиб борганида 8-синфда ўқирдим. Спортчи устоз Улуғбек Исмоиловдан бокс сирларини ўргандим. Осиё чемпионатида ғолиб бўлиб қайтган куним бағрига босган дадамнинг қувончдан йиғлаганини кўриб: “Катта спорт остонасига етаклаб олиб борган сиз, бу ғалаба, бундан кейингилари ҳам сизники, дада”, дедим. Шодлигу ғам бирга келгани каби ғалаба билан алам ҳам етаклашиб юраркан. Ўтган йили қўлим синиб қолгани учун ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатига бора олмадим. Бу кичик жароҳат. Ҳозир 18 ёшдаман. Насиб қилса, ҳали жуда кўп жаҳон чемпионатлари ўзбек арслонлари тимсолида Ўзбекистон спорти қудратини кўради. Менинг ҳам ҳали ҳаётим олдинда...
Самимий, қувончли суҳбатларимиз якунига етмай кун поёнига етиб қолганидан афсусланамиз. Табиатнинг қонуни шундай: кун қайси бир соатдадир тугайди. Лекин буюк миллатлик, буюк халқлик орзуси билан тинимсиз олға интилаётган ёш юракларнинг йўли давом этаверади...
Мунаввара УСМОНОВА