МУШТАРАК МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА...

 

   Бутун дунёда глобаллашув жараёнлари жадал давом этаётган мураккаб шароитда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Уларни зўравонлик, турли шаклдаги камситишлардан муносиб ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида 2024 йилда Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш юзасидан ўз таклифларини билдирган эди.
   Шу асосда жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида "Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтди.
   Мазкур форумдан кўзланган асосий мақсад – минтақада хотин-қизларнинг имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш, иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг ролини мустаҳкамлаш борасида тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдонини яратишдир.
    Халқаро тадбирда 30дан ортиқ давлатдан 80дан зиёд нуфузли меҳмон – Шарқий Осиё, Жануби-шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, 40 дан ортиқ давлатнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
    Шунингдек, юртимиздаги раҳбар, сиёсатшунос, ишбилармон, олима аёллар қатнашдилар.
   Тантанали очилиш маросимида мамлакатимиз раҳбарининг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ўқиб, эшиттирди.
   БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ҳамда инновацион ёндашувлар, хотин-қизларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, IT соҳаларида фаоллигини ошириш бўйича янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби мавзулар форум кун тартибида муҳокама қилинди.
   Форум доирасида Сенат раисининг қатор давлатлар парламентлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан ўзаро учрашувлари ўтказилди.
   Анжуман ниҳоясида хотин-қизларнинг катта куч сифатида жамият майдонига чиқишини таъминлаш мақсадида Малайзия, Филиппин, Ҳиндистон, Покистон, Кувайт ҳамда Туркия билан англашув меморандумлари имзоланди. Музокара ва муҳокамалар натижаси сифатида Самарқанд декларацияси ҳам қабул қилинди.
   Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган ушбу форум Осиё минтақасидаги аёлларнинг мақсадлари муштараклигини, тинчлик, тенглик, бирдамлик ва тараққиёт йўлида доим бирдам эканлигини кўрсатди. Янги-янги имкониятларни кашф этишлари учун хотин-қизлар ҳаётида муҳим истиқболли, ишончли қадам бўлди.

Саҳифа Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар