ДАРДЛАРГА ДАРМОН ИЗЛАБ...
Бугун халқ хўжалигининг барча жабҳаларида аёлларимизнинг ўз ўрни, мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси бор.
Ана шундай аёлларимиздан бири – “TRAST MED FARM” хусусий корхона бошқарувчиси Муҳаббат Йўлдошевадир.
– 1985 йилда институтни имтиёзли тугатиб, Қарши шаҳар туғуруқхонасида акушер-гинеколог лавозимида меҳнат фаолиятимни бошладим.
2019 йилда “Агробанк” АТБ Қашқадарё филиали томонидан имтиёзли кредит олдик, йиғиб- терганимизни қўшиб, Қашқадарё вилояти Қарши туманида биринчилардан бўлиб “TRAST MED FARM” хусусий корхонасига асос солдим.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган импорт дори воситалари ўрнини босадиган юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чет давлатларга экспорт қилиш мақсадида "TRAST MED FARM" хусусий корхонаси тиббиёт спирти, антисептик воситалари (Гален), инфузион эритмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу йил II даражали “Саломатлик” орденига сазовор бўлган қаҳрамонимиз нафақат малакали шифокор ва тадбиркор, айни пайтда катта бир оила бекаси ҳамдир. Умр йўлдоши Қашқадарё вилояти перенатал маркази хирургия бўлими бош шифокори Тўймурод Йўлдошев оилада ҳам, ишда ҳам меҳрибон суянчиқ, ҳамфикр, ҳаммаслак. Улар биргаликда 5 нафар фарзандни олий маълумотли қилиб, муносиб тарбияламоқдалар.
Муҳаббат опа билан суҳбатимиз давомида муваффақият замирида неча йиллаб қилинган меҳнат, тинимсиз изланиш, ўз касбига бўлган меҳр ҳиссини кўрдим.
Шоҳиста БОЗОРОВА,
“Саодат” журналининг Қашқадарё вилояти мухбири.