Билиб қўйган яхши
БИР ПИЁЛА ЧОЙИМИЗ БОР
Халқимизда рамзлар билан ифодаланадиган чиройли одатлар бор. Дастурхон бошида бўладиган ихчамгина суҳбатга, ҳатто, каттагина зиёфатга таклиф қилмоқчи бўлсак ҳам камтарлик билан:
– Бир пиёла чойимиз бор эди, – дея лутф қиламиз. Ва албатта, бу дийдорлашувларда чой ичилади. Ёзми, қишми, ташнамизми ёки йўқ – барча ҳолатларда чойхўрлик бўлади, зерикмаймиз, меъдамизга тегмайди. Шундай ширин дийдорларга восита бўладиган чойхўрлик тарихи ҳақида нималарни биламиз?
Маълумотларга кўра, милоддан аввалги 2500 йилларда Хитой императори Шен Йонг соғлигидаги муаммо туфайли фақат қайнаган сув ичар эди. Жазирама ёз куни боғда қайнатмасининг ичига тасодифан иккита япроқ тушиб, дамланиб қолади. Ортиқча эътибор бермай ичишни давом эттиради. Кутилмаганда бирзумда ҳарорати тушади. Императорга ушбу ичимлик жуда ёқиб қолади. Шу тариқа қайноқ сувга ҳар хил ўсимлик баргларини солиб дамлаш одатга айланган эмиш.
Файласуф Конфуций ҳам битикларида чойнинг таърифини келтирган. Милоддан кейин 758 йилда файласуф Лу Ю чойнинг тайёрланиши, қандай дамланиши ва қандай ичилиши ҳақида “Чой қоидаси” номли алоҳида китоб ёзган. Японлар меҳмондорчилик пайти йиғилганлар учун Ча-Но-Йо деб аталадиган бир маросим ташкил қилиб, чойхўрлик билан махсус иззат-икром кўрсатишган.
Европаликлар бу хуштаъм неъматни венециялик савдогарлардан ўзлаштирганлар. 1560 йилдан эътиборан чой савдоси асосан португалияликлар қўлида эди. Ўша даврларда чой маҳсулоти жуда қиммат бўлгани учун кўпроқ дорихоналарда сотилар ва фақатгина бадавлат кишилар ича оларди. 1650 йилда Петер Стуйвесант исмли бир тужжор илк чойни Голландиядан Нью Амстердамга (ҳозирги Нью-Йоркка) олиб борган.
Хитойда чой ишлаб чиқариш инглизларнинг назоратида эди. 1833 йилда инглизлар бу яккаҳокимликни хитойликларга олдириб қўйгач, Ҳиндистон ва Цейлон (ҳозирги Шри-Ланка) мамлакатлари ҳам чой етиштиришга киришди.
Унинг иккита нави бор. Кўк (яшил) чой табиий маҳсулотдир. Бизнинг тилимизда қадимдан яшил рангга “кўк” дейиш одат бўлган.
Турк ва озарийлар кўпроқ қора чойни маъқул кўрса, Туркистон аҳолисида кўк чойга мойиллик кузатилади.
Қора чой маълум бир ишлов бериш орқали тайёр бўлади. Тайёрланишига эътибор берайлик. Аввал барглари терилиб, маълум ҳароратда қуритилади. Япроқлар эзилиб, таркибидаги табиий шакар сузиб олингач, нам ва салқин жойда ферментация қилинади. Оксидланиш орқали ранги қораяди. Жараён сўнгида барглар хас-чўплардан тозаланади.
Кўк чойнинг иши анча енгилроқ. Япроқлар шохдан ажратилгач, тўғридан-тўғри ферментация қилинади. Унинг пешоб ҳайдайдиган хусусияти бор. Қора чой қуёш нури тушмайдиган ёпиқ жойда сақлангани маъқул. Мева ва гул экстрактлари билан хушбўйлаштирилган чойлар ҳам бор. Энг машҳури бергамот мойи аралаштирилган “Earl Grey” номли чойдир.
Чой барча тилларда деярли бир-бирига ўхшаш сўзлар билан номланади: чой, чай, шай, чий, ти ва ҳоказо. Лекин уни ичиш борасида турли усуллар мавжуд.
Шимолий Африка маҳаллий аҳолиси бўлган туареглар кўк чой устига қайноқ сув қуяди. Чойбарглар бир қатор сузиб олингач, такрор сув қуйилади. Уч дақиқадан сўнг икки-уч ялпиз япроғи солиб, шакар аралаштириб, истеъмол қилинади. Араблар эса қора чойни шакар ва ялпиз билан ичишни хуш кўради. Тибетликлар сариёғ ва туз аралаштириб ичса, мўғуллар ун ҳам қўшиб олишади. Инглизлар сут аралашганини ёқтиришади. Асосий чой қайнатгичлардан бири ҳисобланган самовар рус тилида “ўз-ўзидан қайнайдиган” деган маънони англатади. Бу чой қайнатгич ҳаёт тарзимизга шу қадар сингишиб кетганки номи ҳам, ўзи ҳам ўзимизникидай бўлиб қолган.
Чойдаги кофеин миядаги капилляр томирларни кенгайтиради, қон босими тушгач, бош оғриғи тарқаб, инсон ҳузурланади. Теримиз юзасидаги капилляр томирлар кенгайгач, иссиқлик ташқарига тезроқ узатилиб, ҳарорат пасаяди ва одам салқинлик ҳис қилади. Чой ҳазмни енгиллаштиради.Тетиклаштиради ва чарчоқни ёзади.
Таркибидаги мис ва темир камқонликка даводир, фтор ва алюминий тишларни ҳимоялаш хусусиятига эга.
Агар дамлангандан кейин 5 дақиқа ичида ичилса, стимулятор (стимул берувчи, кучайтирувчи, тезлаштирувчи), 15 дақиқа кейин ичилса, оромбахш (сокинлаштирувчи) таъсири бор. Бир соат ўтказилиб истеъмол қилинса, зарарли бўлади.
Айтишларича, бир замонлар Хўжа Аҳмад Яссавий бобомиз (ёки шогирдларидан бири) Хитойга борган эмиш. Жазирама иссиқда йўл чеккасида дам олгани ўтирганида маҳаллий бир деҳқон ой-куни яқинлашган аёли учун дуо сўрайди.Омон-эсон кўзи ёриган аёлнинг эри хурсанд бўлганидан, ҳазратни чой билан сийлайди. Ҳорғинлиги тарқалган Хўжа Аҳмад Яссавий кафтларини очиб: “Ё Раббий, бу ичимликка ривож бергил. Бизни севганлар ичсин, фойдалансин”, деб дуо қилган эканлар. Чойнинг Туркистондаги, айниқса, тасаввуф аҳли орасида кенг тарқалганлиги сабабини ушбу дуога боғлайдилар. Дарвешларни ҳушёр тутгани учун тарихда чойни “авлиё шўрваси” деб атаганлар ҳам бўлган.
Халқда: “Чой ичай лик, чой ичайлик, нафси ҳаводан кечайлик...” деб айтиладиган нашидалар ҳам учрайди. Хуллас, чой ҳақида билганларимизни ёзсак, саҳифалар етмайди. Саҳарлик пайти кофе истеъмол қилаётган хонимларга бир пиёла кўк чой ичинг, умрингиз узоқ бўлади, дегимиз келди.
Интернет материаллари асосида
тайёрланди.