Қутлов
СЕН - КЎНГЛИМ КЎШКИДА КЎҲЛИК КЎҲИНУР
Сирожиддин РАУФ,
"Шарқ юлдузи" ва "Звезда Востока" журналлари
бош муҳаррири
Янгиланиш ва яшариш фасли нафосат ва гўзаллик тимсоли бўлмиш меҳрибон оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, севимли бекаларимиз ва азиз қизларимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек юксак ва гўзал мақом билан кириб келади. Олижаноб ва самимий қалб соҳибаларининг ҳусни камолининг айнан кўклам тароватига қиёсланиши замирида ҳам ажиб бир ҳикмат мужассам. Аёл зотини эъзозлаш ва уларни муносиб турмуш шарт-шароити билан таъминлаш масаласига муқаддас динимиз ва ўзбекона қадриятларимизда азал-азалдан алоҳида эътибор бериб келинган. Ушбу қарашларнинг барчаси муҳтарама аёлларимиз миллат шаъни, ор-номуси тимсоли эканлигидан далолатдир. Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор самараси ўлароқ, ҳар жабҳада маҳоратли, илғор, оқила ва ўқимишли аёллар сони тобора ортиб боряпти. Бинобарин, келажагимиз давомчилари, миллатнинг чин маънодаги асл фарзандлари оналаримиз берган гўзал тарбия орқали шаклланиб боради. Яратганнинг мўъжизаси, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган гўзал сиймолар олдида биз – эркаклар ҳамиша таъзимдамиз. Дил изҳорларимни бир шеърда баён этсам.
Киприкка илинмас уйқунинг тўри,
Узун тун кўксимда орзиқиш, ҳовур.
Хаёлинг, ҳабибим, то тонгга довур,
Субҳидам сезилар ҳасратнинг зўри.
Офтоб ғамзасида мужда кўринур –
Рўёни чилпарчин қилган ҳақиқат.
Сен – кўнглим кўшкида кўҳлик кўҳинур,
Ўнгимми-тушимми, тарк этма фақат!
Зеро, ишқ сўқмоғин бор-йўғи жафо,
Ундан юз ўгирмак хурофот, бидъат.
Ошиққа ҳамиша тахайюл раво.
Умидвор кўнгилда боқий муҳаббат,
Ишқсиз умр ғариб, диллар бенаво.
Мудом ўйимдасан, илоҳий талъат!
Муҳтарама аёллар!
Сизларни бу дилбар онлар гўзаллиги билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Хотин қизларимиз ҳаётининг кўзгуси бўлган “Саодат” журнали ҳам маърифати, муҳаббати билан сиз – азизларимизга ёрқин йўлларда севимли ҳамроҳ бўлаверсин!