Долзарб мавзу 25.03.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

СИЗ БИЗГА ЧЕКСИЗ КУЧ ВА МАДАДСИЗ

 

Қутлов

СИЗ БИЗГА ЧЕКСИЗ  КУЧ ВА МАДАДСИЗ

Абдулла Хурсанов,

“Олмалиқ КМК” АЖ

бошқаруви раиси,

Сенатор

          Азиз ҳамкасб опа-сингиллар, муҳтарама аёллар!

       Юртимизга яшариш ва янгиланиш фасли кириб келаётган паллаларда сиз меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимиз шаънига энг гўзал сўзларни айтишимиз табиийдир.

      Меҳридарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр қарздормиз. Биз сизларни, энг аввало, фидойилик тимсоли деб биламиз.

       Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда буюк мураббийлик фазилатига эга бўлган сизларга таянамиз.

    Бугунги кунда комбинатимизда 8 минг нафардан ортиқ аёлларимиз фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг орасида раҳбарлар, олималарнинг борлиги қувонарлидир.

     Ватанимиз ва комбинатимиз олдидаги муносиб хизматлари учун аёлларимиздан 18 нафари давлат мукофотлари билан, 163 нафари “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланишган. Уларни фахру ғуруримиз, корхонамизнинг юзи, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

      Мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 21 нафар хотин-қизларимиз алоҳида квота асосида олийгоҳларда ўқишмоқда. 26 нафар аёлларимизга саломатликларини тиклашлари учун комбинат ҳисобидан 257 миллиондан зиёд маблағ ажратилди. Ўзбекистон ва ОКМК санаторийларида 2000 нафардан зиёд аёл ишчи-ходимларимиз соғломлаштирилди.

     Хабарингиз бор, корхонамизда Хотин-қизлар ва гендер тенглик бўйича маслаҳат кенгаши янгича мазмунда фаолият кўрсатмоқда. Кенгаш таркибига ҳар соҳада фаол бўлган, ташаббускор, билимдон ва юқори малакали хотин-қизлар бирлашган. Бугунги кунда ушбу тузилма аёлларимизнинг чинакам таянчи ва суянчига айланганидан хурсандмиз ва биз бу фаолиятни қўллаб-қувватлаш орқали меҳнат қилаётган ҳар бир аёлга ўзимизнинг чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз.

      Байрам арафасида комбинатнинг барча меҳнаткаш хотин-қизлари ҳамда Иккинчи жаҳон уруши ва уруш орти меҳнат фронти иштирокчилари бўлган табаррук онахонларимиз пул мукофоти билан тақдирланди. Бу уларга бўлган эътибор ва эътирофдан далолатдир.

      Бугунги кунда ўз олдимизга йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо қилиш ва энг замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиш эвазига мамлакатимиз иқтисодий ўсишига муносиб ҳисса қўшишдек улкан вазифаларни қўйганмиз.

      Қалбимизга чексиз куч ва мадад берадиган муҳтарама аёлларимиз, азиз опа-сингилларимиз бор экан, кўзлаган улуғ мақсадларимизга, албатта, етамиз.

     Барчангизга масъулиятли ва шарафли меҳнат йўлингизда мустаҳкам соғлиқ, куч-қувват, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Доимо Ватанимиз тараққиёти, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги меҳнатларингизнинг завқли роҳатини кўриб юринг!

Яшариш, янгиланиш фасли, муборак бўлсин, азиз аёллар!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар