ЎҚИНГ, ҚИЗИҚ!
УЙҚУДАГИ ҚИЗ
Эллен 1859 йилнинг май ойида Британиянинг Турвиль қишлоғида кўп болали оилада туғилган. Унинг отаси Уильям Сэдлер фермер эди, у бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. Кейинчалик онаси Энн Сэдлер фарзандларига ҳақиқий отадек меҳрли муносабатда бўлган завод ишчиси Томас Фрюэнга турмушга чиқади.
1871 йилнинг 29 март куни Эллен ака-ука ва опа-сингиллари билан ўз вақтида ухлашга ётади. Ҳаммаси одатдагидек эди, бироқ эртаси куни эрталаб шу пайтгача соғлигида ҳеч қандай муаммо бўлмаган қизалоқ уйғонмади. Уни туртишди, силкитишди, бақиришди, лекин Эллен ухлайверди.
Аввалига ота-она қизи вафот этди, деб ташвишга тушишади. Лекин фарзандининг нафас олиши бир текис, териси иссиқ эди, юрак уриши сезилиб турарди. Чақирилган маҳаллий шифокорлар ҳеч қачон бундай воқеага дуч келмаган эди, улар чуқур уйқу ҳолатига нима сабаб бўлганини айта олишмади. Шунчаки елка қисиб қўйишди. Кўп ўтмай, Сэдлерлар уйига бутун мамлакатдан тиббиёт мутахассислари кела бошлади. Ҳар хил фаразлар айтишди. Бироқ Эллен уйғонмаслиги сабаби ва қандай қилиб уни уйғотиш мумкин, деган саволларга аниқ жавоб бера олишмади.
Сэдлерлар оиласи жуда камбағал, зўрға кун кечирарди. Уйқудаги қиз ҳақидаги миш-мишлар тарқалгач, хонадонга зиёратчилар ёпирилди. Одамлар уни кўриш учун пул тўлашарди. Ҳар ким ўз ғояси, ихтироси ва усуллари билан келар, аммо уларнинг ҳеч бири иш бермасди. Баъзи шифокорлар бутунлай ғайриинсоний усул – қизалоқ танаси орқали электр оқим ўтказишни таклиф қилишди, лекин онаси бунга рози бўлмади.
Бир йил ўтгач, Эллен билан боғлиқ ғайриоддий ҳодиса Британиядан ташқарида ҳам маълум бўлди. Сайёҳлар қизнинг бир тутам сочини олиб кетиш учун катта пул тўлай бошлаганида оилада бойлик тўплаш имкони яратилди. Даромад шунчалик катта эдики, бу иш ҳатто федерал терговгача етди. Маҳаллий полиция Эллен Сэдлернинг ота-онасини касал фарзанди орқали пул ишлаб топишда айблади. Она одамлар бу маблағларни ўз хоҳишлари билан хайрия қилаётганини, у ҳеч қачон ҳеч кимдан бир тийин ҳам сўрамаганлигини исботлагач, тинч қўйишди.
Она қизига кичкина чойнакдан бўтқа, сут ва шароб ичирарди. Бир йил ўтгач, қизнинг жағи бутунлай ёпилиб қолди. Шунда онаизор қизини тушган тиши ўрнидаги кичик бўшлиқ орқали овқатлантира бошлади.
1880 йилда кутилмаганда доимий қизи ташвишида яшаган Элленнинг онаси юрак хуружидан вафот этди. Онаси вафотидан беш ой ўтгач, Эллен уйғонди. У 11 ёшида ухлашга ётди ва деярли 21 ёшида уйғонди.
Қизиғи, у 1881 йил Янги йил арафасида уйғонган. 1 январь куни газеталар бу янгиликни ёритганда бутун дунё Турвилдаги ухлаб ётган қиз уйғонганини билиб олди.
Афсуски, уйқу пайтида тўпланган пулнинг катта қисми сарфланиб бўлган эди. Шунинг учун Эллен яшаш учун ўзи пул ишлаб топиши керак эди.
У мунчоқли маржонларни тўқиб сотиш орқали кун кўра бошлади. Бир неча йил ўтгач, Эллен Сэдлер катталар ҳаётига шунчалик мослашдики, у ҳатто реадинглик фермерга турмушга чиқди ва олти фарзандни дунёга келтирди.
1901 йилда, 42 ёшида Эллен тўсатдан ҳеч бир касалликка чалинмай вафот этди.
Б. Муҳаммадиева тайёрлади.