Саломатлик тарғиботчиси
ЛОБАРГУЛ
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг стол тенниси мураббийси, олий тоифали тренер Лобаргул Мирзахўжаева 2023 йил декабрь ойида бўлиб ўтган “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” кўрик-танловининг республика босқичида “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарғиботчиси” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Лобаргулни залда ёшлар билан машғулот ўтказаётган пайтда учратдик. Шу ўринда бироз ортга чекинамиз. Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги 13-умумтаълим мактаби вилоятдаги теннис спортига асос солган маскан сифатида эътироф этилади. Лобаргул ана шу мактабда таълим-тарбия олган ва спортга қизиқиши ҳам ўша ўқувчилик даврида бошланган. Яна ҳам аниқроғи, у ҳали ўқувчи бўлмасидан аввал – 5 ёшида теннисга қизиқиб қолган. Ўқувчилик даврида эса устози Мухтор Саитқуловдан тенниснинг сир-асрорларини пухта ўрганди. Бўладиган бола бошидан маълум, деганларидек устози унинг келажакда ажойиб спортчи, вақти келиб ўзи каби тренер бўлишига астойдил ишонганди. Шундай бўлди ҳам. Лобаргул кичик мусобақалардан тортиб, йирик республика ва халқаро чемпионатларгача иштирок этди, ўзига билдирилган ишончни оқлади ва оқламоқда. У ҳозирги кунда устози билан ёнма-ён ишламоқда. Марказдаги ушбу йўналиш бўйича яна бир тренер Гулҳаё Эргашева ҳам ўша қишлоқ мактабидан чиққан теннисчилардан.
Лобаргул 19 йилдан бери спортнинг ушбу тури бўйича шуғулланади. Ўтган йиллар давомида у жуда кўплаб, жумладан, республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Олийгоҳни тамомлаб, фаолиятини бошлаганида ўз йўналиши бўйича шогирдлар тайёрлай бошлади. Ўзи фаолият олиб бораётган марказда ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, қўллаб-қувватлаш, уларни турли танлов ва мусобақаларга тайёрлаш билан шуғулланади. Республика миқёсидаги мусобақаларда шогирдлари муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда.
Унинг раҳбарлигида 5 нафар шогирди “Спорт усталигига номзод” бўлишди. 13 нафар ўқувчиси эса олий таълим муассасаларида таҳсил олиб келмоқда.
Марказдаги дарс ва машғулотлардан ташқари бошқа таълим-тарбия масканларида, маҳаллаларда, жумладан, ўзи яшаб турган Гулистон шаҳридаги “Бўстон” МФЙ аҳолиси ўртасида, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида спорт билан шуғулланиш, соғлом ҳаёт кечириш инсоннинг яшашига мазмун бағишлаши ҳақида суҳбатлар ўтказади. Спортчи аёл ана шу хизматлари учун муносиб рағбатлантирилмоқда. Лобаргулнинг оиласи спортчилар оиласи. Турмуш ўртоғи Лазиз Абдураҳимхўжаев ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланса-да, оила аъзоларини мунтазам қўллаб-қувватлаб, уларга кўмаклашади. Фарзандлари – 10 ёшли Меҳрибон ва 9 ёшли Ғолибжон ҳам теннис билан шуғулланадилар. Хонадон бекаси марказдаги ногиронлиги бўлган спортчилар билан ҳам алоҳида шуғулланади. Армрестлинг бўйича 13 карра Жаҳон чемпиони Умид Аҳмедов парастолтенниси бўйича ҳам алоҳида ютуқларга эришди: У шу йўналишда 3 карра Ўзбекистон чемпиони.
– Яна бир ўқувчим Ҳуснора Саъдуллаева ҳақида алоҳида тўхталаман, – дейди Лобаргул. – Имконияти чекланган бу қизалоққа бошқача меҳрим бор. Муштдеккина жуссада шунча ирода, бардош борлигидан ҳайратга тушаман. Машғулотларга қатнай бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин ҳаракатларида ҳар куни бир ўзгариш, силжишни, кўзларида эса шодликни кўраман. Қувонарлиси, у яқинда бўлиб ўтган ўзи каби спортчилар ўртасидаги республика чемпионатида илк бор қатнашиб, фахрли тўртликдан ўрин олди.
Қаҳрамоним билан суҳбатлашиб қайтар эканман, ушбу масканда ёшларнинг спорт билан янада кенг ва мунтазам шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилганига гувоҳ бўлдим. Бу ерда Президентимизнинг “Мақсадимиз жисмоний ва маънавий етук авлодни тарбиялаш”, деган сўзлари ўзининг амалдаги исботини топмоқда.
Холида ПАРДАБОЕВА,
Сирдарё вилояти