БАЛИҚ МУЧАЛИ
Бир пайтлар Марказий Осиё халқлари фойдаланган мучал ҳисоби бугунга келиб ер юзининг барча минтақаларида катта қизиқиш уйғотган. Мучаллар тақвимининг бешинчи йили Балиқ йили ҳисобланади. Маҳмуд Кошғарий бобомиз уни нек – тимсоҳ деса, халқимиз наҳанг, катта балиқ (кит) деб атайди.
Хуллас, яъни балиқ йилида туғилганлар жисмонан соғлом бўлиб, серғайрат ва беғубор қалбли инсонлардир. Тилёғламалик ва ғийбат уларга бегона. Ишонувчан ва ростгўй бўлишади. Ўзлари ростгўй бўлганлари учун ёлғон-яшиқ гаплар орасига тушиб қолса, тинчлигини йўқотишади. Баркамолликка доимий интилиш уларни ўзига ҳамда бошқаларга нисбатан талабчан қилиб қўяди. Ҳа, “балиқ”лар кўп нарсани талаб қилишади, талабларидан кўра кўпроқ ишни ўзлари амалга ҳам оширишади.
Бу мучал соҳиблари виждонли, таъсирчан ва довюрак, самимий кишилар бўлиб, уларга бемалол ишониш мумкин. Ҳамиша билдирган фикр- мулоҳазалари асосли бўлади. Баъзан ишонувчанликлари туфайли қармоққа тез илинишади.
Талабчанликлари боис атрофдагилардан кўнгиллари тўлмаганида серзарда бўлиб, баъзан тилларига эрк ҳам бериб юборишади. Бироқ уларнинг фикр-мулоҳазалари билан, албатта, ҳисоблашиш керак. Шунингдек, ўз ишларига пухта, масъулиятли, тез киришувчандирлар.
Балиқ мучалида туғилганлар истеъдодли, ўқимишли ва иродали кишилардир. Шунинг учун омадли ҳамдирлар. Ҳеч нарсага зориқишмайди, ҳар қандай ишда ҳам муваффақият қозона олишади. Қайси касбни танлашмасин, доимо уддасидан чиқишади.
Улар ёқимтой одамлар бўлишади. Бироқ ўзлари бошқаларни камдан-кам ҳоллардагина ёқтиришади.
Бу мучалда туғилганлар обдан ўйлаб, кейин оила қуришади, улардан баъзилари, ҳаттоки, умр бўйи танҳо яшашади. Лекин асло кўнглини чўктирмайди, аксинча, ўзларини ёлғизликда бахтиёрроқ сезишади. Қарз олишни ва кўп гапиришни ёқтиришмайди. Раҳмдилликка мойиллиги сабаб бошқаларнинг бундан фойдаланишларига йўл қўйиб қўйишади. Табиатан камгап бўлсалар-да, шоирона жўшқинликлари туфайли кўп муаммоларга учрайдилар.
Балиқ-аёллар тозаликни яхши кўрадилар. Шунингдек, бетакрор дид соҳибалари ҳам саналадилар. Озодалиги ва фаросатлилиги билан оилада юксак мақомга эга бўла оладилар. Кийиниш борасида ҳам уларга тенг кела оладиган мучал соҳибалари топилмайди. Ўзига ишончи баланд “балиқлар” вафодор аёллар бўладилар.
Бу мучал соҳиблари кексайганларида бахт-саодатга ва барча истакларига эришадилар.
Муҳайё тайёрлади.