МЕҲРИБОНЛИК УЙИДА...

 

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ

МЕ¥РИБОНЛИК УЙИДА...

     Декабрь ойи кириши билан мўъжизаларга бой байрам — Янги йил шукуҳи бутун борлиқни чулғаб олади. Айниқса, болаларнинг беғубор қалбидаги олам-олам орзулар дунёга сиғмайди. Пойтахтдаги узоқ тарихга эга Хлебушкина номидаги 22-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан янги йил олдидан учрашиб суҳбат қурдик.

     Йигирма йилки, умрини болалар камолига бағишлаган Хурсандой Холованинг хонаси томон йўналар эканмиз, ичкаридан: “Қани, Диёра, сен шеърингни бошла, Алина, сен давом эттирасан, хўпми қизим. Шошмасдан, ифодали айтинглар”, деган опанинг жарангдор овози эшитилди.

Хуш келибсан элимизга Янги йил,

Зиё сочгин йўлимизга Янги йил,

Зафар келтир, тинчлик, омонлик,

Қувонч келтир элимизга Янги йил.

 

     Диёрадан сўнг Алина қўнғироқдек овози билан шеър бошлади:

 

Этот праздник любит каждый,

Этот праздник каждый ждет,

Для детей он самый важный,

А зовется — Новый год!

 

     Опа болалар билан бирга Янги йил байрамига тайёргарлик кўраётган экан. Кўзи тушиши билан бизни хонага таклиф қилди.

      Меҳрибонлик уйидаги иқтидорли ёшларнинг бир нечтаси билан дилдан суҳбатлашдик. 

     8-синф ўқувчиси Асалой Маҳлиева китоб мутолаа қилишни яхши кўради, дутор чалади, шеър ёзади. Айни пайтда Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин” асарини ўқияпти. У Жанни Родарининг “Желсамино ёлғончилар мамлакатида” асарини ҳам севиб ўқиган экан. Асалой келгусида журналист бўлмоқчи. Бизнинг журналдан борганимизни билгач, “Журналист бўлиш учун нима қилиш керак, қандай фанлардан тайёрланиш лозим?” дея саволларга кўмиб ташлади. Иштиёқи баланд қизга батафсил жавоб бериб бўлгач, унинг қайси байрамни яхши кўриши билан қизиқдик. “Байрамларга, айниқса, Янги йилга обдан тайёргарлик кўрамиз. Тарбиячиларимизнинг байрам кечасида турли эртак қаҳрамонлари образида саҳна чиқишлари бизга чексиз қувонч улашади. Деразаларга расмлар чизамиз, хоналарни безатамиз, викториналар, қизиқарли ўйинлар ўтказамиз. Бундай ўйинлар бизни бир-биримизга янада яқинлаштиради, дўстлаштиради”, – дейди Асалой. Унга осмонга тенг орзулари рўёбини тилаб, сочлари икки кокил қилиб ўрилган қизга юзландик.

     Спортчи қиз Моҳижаҳон Мелиқўзиева айни пайтда 10-синфда ўқийди. Бўш қолди дегунча стол тенниси билан шуғулланади. Яхши кўрган фанлари ичида жисмоний тарбия биринчи ўринда туради. Моҳижаҳон “Беш ташаббус” олимпиадасида қатнашиб, совринли ўринни қўлга киритган. 4-синфлигидан буён шу Меҳрибонлик уйида яшайди. Ҳаётига кириб келган ҳар бир янги йил ўзига хос ўтишини, айниқса, бир гал шу байрамда қизиқарли савол-жавобда юмшоқ ўйинчоқ ютиб олганини, ўша айиқчани ҳанузгача авайлаб сақлашини ҳаяжон билан сўзлаб берди. Моҳижаҳон яқин йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига кириб, мураббий бўлишни мақсад қилган. “Ҳар Янги йил байрамида бир ниятни дилимга тугаман. Кун келиб таниқли мураббий бўлиб кетсам, дастлаб ўз уйимдек бўлиб қолган мана шу даргоҳга келаману она сингари беминнат меҳр кўрсатган тарбиячим Мақсуда опамга раҳмат айтаман”, – дейди у.

      Хурсандой опа Янги йил тантаналарида Президент совғалари улашилишини, болаларга алоҳида меҳр-эътибор кўрсатилишини мамнуният билан таъкидлади. Фаоллар залига йўл олар эканмиз, йўлакда олдимиздан югуриб ўтиб қолган болакайни суҳбатга тортдик.

     9 яшар Исломбекнинг энг яхши кўрган байрами – Янги йил. Қорбобони интиқлик билан кутади, чунки Қорбобо унга шу пайтгача турли ўйинчоқлар туҳфа қилган. Бу йил болакай ундан пультда бошқариладиган машина кутяпти. Исломбек Месси, Роналду каби дунёга машҳур футболчиларга мухлислик қилишини, ўзи ҳам улғайиб футболчи бўлиш орзуси ҳақида айтиб берди.

      Бу маскандаги ҳар бир боланинг ўз олами, ўз дунёси бор. Янги йилга ўхшаган мўъжизавий байрамлар бу оламни кенгайтиради, қалбларига янги орзуларнинг дебочаси бўлиб киради.

 

Наргиза  Юнусова

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар