ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ МУШТАРАКЛИК

 

ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ МУШТАРАКЛИК

     Кейинги йилларда мамлакатимизда барча жабҳаларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик ва бошқа ташаббусларини  қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, аёлнинг чинакам бахтли яшаши учун, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий, оилавий ва жамият ҳаётидаги мажбуриятларини ҳамоҳанг тарзда бажариши йўлида кенг қамровли давлат сиёсати амалга оширилмоқда.

     Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўналишида улкан ўзгаришлар юз берди. Жумладан, шаҳар, туман ҳокими, вазир, элчи каби масъулиятли лавозимларда матонат  билан фаолият олиб бораётган аёлларнинг борлиги қувонарли, албатта. Аёлларнинг бошқарув соҳаларидаги улуши 33 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 35 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълимда 47 фоизга етди.

     Улар тиббиёт тизимида 77 фоиздан кўпроқни, таълим соҳасида салкам 74 фоиз, иқтисодиёт тармоқлари, саноат ва ишлаб чиқаришда қарийб 46 фоиз, маданият ва спортда 45 фоиз, қишлоқ хўжалигида 42 фоиздан зиёдни, молия ва суғурта фаолиятида 37 фоиздан ортиқни, ахборот ва алоқа хизматида 35 фоиз, профессионал, илмий ва техник фаолиятда қарийб 34 фоизни, давлат бошқаруви ва мудофаа тизимида 27 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.

     Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказиш йўлга қўйилди. Давлатимизнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги сиёсати дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

     Айтиш мумкинки, жорий йилнинг 23 декабрь куни Анжуманлар саройида бўлиб ўтган “Йил аёли” ҳамда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам  мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларидан биридир.Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева анжуман очилишида:

–Биз мамлакат ривожи учун қабул қилинаётган қонунларда аёллар овози, аёлларнинг фикри инобатга олинишини орзу қилар эдик. Бугун хотин-қизларга мана шундай ишонч билдирилаётганини ғурур билан айта оламиз, – дея эътироф этди.

     Мазкур танлов ғолибларини танлаш осон кечмади. Иштирокчиларнинг фаолияти, давлат ва жамиятда тутган ўрни, фаоллиги, шунингдек, оила, хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ҳамда жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги билимларига эътибор қаратилди.

     Жумладан, “Гендер тенглик фаоли” танловида гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи, ҳудудий ва давлат органлари, туман давлат органи, нодавлат нотижорат ташкилотлар, туман ва ҳудудий ҳокимликлар, шунингдек, гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр ҳамда веб-сайт ёки порталлар эълон қилинди.

     “Йил аёли” танловининг республика босқичида эса белгиланган  шартлар асосида иштирокчиларнинг тўплаган балларига қараб ғолиблар аниқланди. Олий ўринни қўлга киритган иштирокчи олий даражадаги диплом, статуэтка ва Президент совғаси автомобиль билан, 1-ўринни олган иштирокчи диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан, 2-ўринни олган иштирокчи диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан, 3-ўринни олган иштирокчи эса диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти  ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

     Тақдирлаш маросимида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, дипломатик корпус ва хорижий ташкилот вакиллари, барча вазирлик ва идораларнинг раҳбар ва ходимлари, ҳудудлардан келган турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар иштирок этди.

 

Муҳайё ПИРНАФАСОВА

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар