Долзарб мавзу 11.01.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

АФСУС-НАДОМАТДА ҚОЛМАНГ

 

СИЗ НИМА ДЕЙСИЗ?


АФСУС-НАДОМАТДА ҚОЛМАНГ


    Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида “Москва кўз ёшларга ишонмайди” бадиий фильмида бош қаҳрамон – Катерина ролини қиёмига етказган актрисанинг бугунги кундаги юз қиёфасини кўрдим, бу ҳақда ўқиб қолдим. Тўғриси, шу фильмни ҳар сафар кўрганимда, Катя образига янгидан маҳлиё бўламан: маҳоратли мўйқалам соҳибининг муҳаббат билан чизган иши каби ҳар жиҳатдан мутаносиб, айниқса, юзининг табиий гўзаллиги!.. Қайбир бадиий асарда кекса аёлни таърифлаб, муаллифнинг: “...унинг қиёфасида ёшлигидаги табиий гўзаллик излари ўчиб кетмаганди” деган ибораси бот-бот ёдимга тушади. Шу тоифадаги инсонлар ҳамма жойда учрайди. Адашмасам, мен ғойибдан ҳурматлаган актриса кексайганда ҳам шундайлар тоифасига кириши, истараси иссиқ ва ёқимли бўлиб қолиши керакдай эди. Лекин...
     Матнда изоҳ берилмаса, уни танимаган бўлардим. Фақат кўзларининг ифодаси таниш, юз қиёфаси эса менга бутунлай бегона эди. Сабаби актриса кейинги йилларда икки марта пластик жарроҳлик операциясини ўтказиб, юзини ёшартирмоқчи бўлибди. Биринчи операция тузук чиқибди, иккинчисидан сўнг... афсус! Бу ишига ўзиям қаттиқ пушаймон бўлган эса, ажабмас. Зеро, бу салбий асорат йил ўтгани сайин чуқурлашиб, кўпайиб боради.
Бу ва шунга ўхшаш “ёшариш иштиёқида” қилинган пластик жарроҳлик муолажалари оқибати янгилик эмас. Ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик аёлларнинг лаби, қовоғи, юзи, пешонасига кўзингиз тушиши билан пластик жарроҳнинг тиғи текканини англайсиз. Аёл зотига жуда ярашимли бўлган “сирли, сеҳрли, мулойим, нозик”, деган ташбеҳлардан бу юзлар ор қиладими ёки бу юзлардан айни ташбеҳлар?
      Гапим чўзилди. Донишманд: “Агар шаҳарда битта аёл бўлса ҳам, заргарга иш топилади”, деган экан. Ҳа, аёллар ҳамиша чиройли бўлишни истайдилар, энг сўнгги кунларигача! Оқибатини ўйлаб-ўйламай, Аллоҳ берган табиий чиройларининг қадрига етиб-етмай, жарроҳ столидан “шундоққина думалаб” “гўзал” бўлиб чиқиш фикрида юрган сингилларимга бир гап айтгим келди: бугун чиройли бўламан деб, кексайган пайтингизда невара-чеваралар ўртасида фариштадай бўлиб ўтиришнинг ўрнига, ёшлик йилларингиздаги суратларингизга боқиб, афсус-надоматда, хижолатчиликда қолманг, азизларим.

Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
маданият ходими

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар