БИРИНЧИ МУҚОВАДА
КАШФИЁТЧИ ИРРИГАТОР
Илм аҳли техника фанлари бўйича фалсафа доктори Нодира Нуралиевани яхши танийди. У “Ўсимликларга вегетация даврида пуркаб ишлов берувчи электромеханик қурилманинг энергетик параметрларини асослаш” мавзусидаги илмий иши орқали “тилга тушди”.
Бугунги кунда оғир саноат, машинасозлик, ирригация каби салмоқли тармоқларда нозик хилқат вакилаларининг борлиги қувонарли. Улар мураккаб бўлса-да, зиммасидаги вазифаларни аёллик жонфидолиги билан астойдил бажармоқда. Нодирахон ҳали гулгун ёшда бўлишига қарамай, бундай залворли йўлда шон ва ном қозонаётган олима аёллардан биридир. Қаҳрамонимиз бугуни ва эртаси ҳақидаги саволларимизга шундай жавоб берди:
– 2022 йил 30 июнь ҳаётимда унутилмас кун бўлди. Давлатимиз раҳбари иқтидорли ёшлар билан бўлган учрашувда фаолиятим билан яқиндан танишар экан, “Шаҳарда ўсган қиз бўлсанг, бу соҳани танлашингга нима сабаб бўлди?” деб сўраганлар. – Ота-онам ирригатор, шу соҳада узоқ йиллар меҳнат қилишган, – дедим фахр билан. Тасодифни қарангки, Қибрай туманидаги биз яшаган кўча ҳам Ирригаторлар кўчаси деб аталган. Эсимда, ҳовлимиз адоғида каттагина иссиқхонамиз бўлар эди. Биз – тўрт фарзанд дадам бошчилигида, вақт топдик дегунча, шу иссиқхонадаги экин-тикинларни парвариш қилишга уннаб кетардик. Болаликдан тупроққа, она заминга меҳр қўйиб улғайдик, деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришда кўзимиз пишди. Иссиқхонадаги ўсимликларни дорилаш вақти келганда дадам бизни у жойга яқин йўлатмас эди. Кучли дорилар соғлиғимизга зиён етказмасин деб, ҳатто, уч-тўрт кун иссиқхонага киритмасди ҳам. Аммо биз тенги ёлланма ишчи йигитлар шу заҳарли дориларни сепиб чиқишарди. Ўша пайтданоқ, наҳотки экинларни хавфсиз усулда дорилашнинг иложи бўлмаса, деган ўй-фикрлар менга тинчлик бермай қўйди. Мактабни битиргач, укам билан бирга ирригация институтига ҳужжат топширдик. Шу кундан бошлаб менинг бугунгача бўлган муваффақият ва ютуқларим — тақдирим шу даргоҳ билан боғлиқ бўлди.
Нодиранинг кичик опаси ҳам ирригация йўналиши бўйича таҳсил олган. Оилада вояга етган учала қизнинг олий маълумотли бўлиши учун биринчи навбатда дадаси ҳаракат қилган. Шу ўринда таниқли ҳинд сиёсатчиси Индира Гандининг: “Хотин-қизлар таълими ўғил болалар ва эркаклар таълимидан ҳам муҳимроқдир”, деган гаплари ёдимизга тушади. Қанийди ҳамма оталар ҳам шу фикрни ёқласа деб қўямиз, ўзимизча.
Нодира бакалавриат босқичини тугатиб, магистратурага ҳужжат топширган йили турмушга чиқди. Катта оилага келин бўлди. Янги муҳитга мослашиб кетиш, қайнона-қайнота хизмати — буларнинг барини эплаш, муттасил илм олишдан бошқасини хаёлига келтирмаган қиз учун осон эмасди, ҳар ҳолда. Кетма-кет фарзандли бўлиб, тўрт-беш йил рўзғор ишларига боғланиб қолди. Илм ишқи юракка тушган чўғдек куйдириб турса, оловланмай бўладими? У қайтди. Ўзи таҳсил олган Ирригация институтида лаборатория мудири ҳамда ассистент сифатида иш бошлади. Қайнотасининг ниҳоятда қаттиққўллиги сабабли хонадонда Нодира келин бўлиб тушгунга қадар аёлларнинг ишлашига рухсат тегмаган экан. Аммо янги келин меҳнаткашлиги, хуштабиати билан уларнинг рози-ризолиги ва дуоларини олиб, илмий иш қилиш мақсадини амалга оширишга муваффақ бўлди.
– Қайнотам илм йўли хоҳ аёл, хоҳ эркак киши бўлсин бирдай машаққатли эканини, эплашимга чиндан ҳам кўзим етсагина, бу йўлни танлашим лозимлигини таъкидлади. Мен эса фикримда қаттиқ турдим. 2019 йилда таянч докторантурага қабул қилиндим. Илмий ишга жиддий киришдим. Битта техникани ясаш, унга мос деталларни топиш, камига далада ишлатиб кўриш машаққатини шу ишнинг элагидан ўтганларгина ҳис қила олади. Янги ускунамиз айнан олис чўл ҳудудлари, яъни электр энергияси етиб бормаган ҳудудлар учун мўлжаллангани учун уни синовдан ўтказиш объекти сифатида Қорақалпоғистон Республикасини танлаб олгандик. Тошкентдан ҳатлаб чиқмаган хўжайиним ва мен учун бу чинакам ҳаяжонли воқеа бўлса, бутун бошли техникамизни у жойга етказишнинг ўзи ҳам бир “ғавғо” бўлди.
Дарс столи устида ёзиб-чизганларингиз, ўлчовларингиз билан ташқарида – ҳақиқий иш ва тажриба устида келиб чиққан натижалар кўпда бир-бирига мутаносиб тушмайди. Ҳар қанча хунобингиз ошгани билан катта йўлга чиқиб бўлгансиз. Ортга эса йўл йўқ... Нодиранинг кўз олдида ўша дақиқалар жонланди, шекилли, гапираётиб кўзлари намланди.
– Илмий раҳбарим Абдужалол Боқиевга бошим ерга теккунча таъзим қиламан. Қорақалпоғистонга аёли билан бирга бориб, ўн кун давомида ясаган техникамизни қуёш тиғида синовдан ўтказишга бош-қош бўлишди, – дейди у.Ҳаёт синовлари ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Турли қийинчиликлар инсон матонатини тоблайди, иродасини мустаҳкамлайди. Узоқ кутилган фурсат – ҳимояга оз вақт қолганида бўлажак олима учун яна ҳам синовли, оғир кунлар бошланади. Қизғин тайёргарлик кунларининг бирида унга турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб, уйга тез етиб келишини, катта ўғли Нурмуҳаммад ўртоқлари билан велосипедда пойга ўйнаб эҳтиётсизлик сабаб йиқилиб тушганини айтади. Зудлик билан болани СамПИ клиникасига, ундан сўнг Травматология марказига олиб боришади. Фарзандига кечиктирмай жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, ўнг қўлига темир қўйилиши лозимлигини айтишганида, онанинг кўз олди қоронғилашиб кетади. Суҳбат баҳона бу воқеаларни қайта эсга оларкан, унинг кўзларида яна ёш милтиллади. Чиндан ҳам ҳар қандай она учун жигарбандининг жони оғриганини кўришдек азоб йўқ бу дунёда. Нодира бу оғир дамларни сабр ва вазминлик билан енгиб ўтди. Узоқ давом этган даволаш ва парвариш босқичларидан сўнг ўғли буткул соғайиб кетади. Ҳатто, темир боғламга ҳам эҳтиёж қолмаганини кўрган докторлар бу ҳолатни “мўъжиза” деб аташади.
Нодира Нуралиева оила аъзолари, яқинлари ҳамда илмий раҳбарининг қўллови билан яна илмий ишининг ҳимоясига киришди. Пухта кўрилган тайёргарлик, олис ҳудудда қилинган синов-тажриба ва изланишлар ўз самарасини берди. У докторлик даражасини муваффақият билан ҳимоя қилди.Яратилган ускунанинг иқтисодий самарадорлиги ижобий баҳолангач, сервис хизмати йўлга қўйилиб, оммавий равишда ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Ирригация соҳасида баланд марраларни кўзлаган ёш замондошимиз ҳам йўл ўртасида. Ҳар аёл ютуғи хотин-қизларимиз эришган саодат иморатига қўйилган бир ғишт каби аҳамиятлидир. Насиб қилса, бу иморат, бу иншоот аёл қатъияти, садоқатининг ўзидек мустаҳкам бўлади. Бизга куч берадиган, қувонтирадиган жиҳати ҳам — шу!
Наргиза ЮНУСОВА