Долзарб мавзу 29.12.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ВАТАН РАВНАҚИ ЙЎЛИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКЛАР

 

ВАТАН РАВНАҚИ ЙЎЛИДА

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКЛАР


Танзила НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Сенати раиси


     Янги Ўзбекистонни қуриш ва мамлакатда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, аввало, халқ фаровонлигини ошириш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий адолатни рўёбга чиқаришга қаратилган. Шу боис, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қабул қилинган дастурий ҳужжат – 2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясида халқчил ва инсонпарвар давлат қуриш масаласи, “Инсон қадр-қиммати учун” ва “Давлат – инсон учун” ғоялари марказий ўринни эгаллайди.
     2021 йилда мамлакатимизда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Бу ҳужжат доирасида 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур қабул қилинган ва амалга оширилмоқда.
     Бугунги кунда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизлар таълимини, илмий имконият ва салоҳиятини ошириш, хуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш, уларни турли масъулиятли лавозимларга тайинлаш, иқтисодий имкониятларини янада кенгайтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, бунинг учун барча манбалар йўналтирилган.
     Бизнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий тажрибамиз нафақат ўзининг натижадорлиги билан ажралиб туради, балки унинг афзалликлари минтақавий ва халқаро даражада тан олинмоқда ва давлатлар учун ўрнак бўлмоқда.
     Ўзбекистоннинг жуда кўп йўналишлардаги позицияси қатор халқаро рейтингларда бос­қичма-босқич яхшиланиб бормоқда. Ўзбекистон 2022 йилдаги Глобал инновацион индексида 4 поғона юқорилаб, 82-ўринни (2021 йилда 86-ўрин) эгаллади ва Марказий Осиё давлат­лари орасида энг юқори кўрсаткични қайд этди.
     Ўзбекистон миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТнинг тавсияларига мос даражага етиб, мамлакат парламенти хотин-қизлар сони бўйича “Сиёсатдаги аёллар” рейтингида дунёдаги 190 та миллий парламентлар ўртасида 51-ўринда бормоқда. Жорий йилда Ўзбекистон Очиқ гендер маълу­мотлар индексида 69,7 балл тўплаган ҳолда жаҳон­даги энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олди.
     Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлар томонидан 2023 йилда шакллантирилган SDG index ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 166 та мамлакат орасида 71,1 индекс билан рейтингидаги мавқеи 8 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади.
     Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ташкилот нуфузини янада ошириш, товар айирбошлашни кўтариш, инвестицион муҳитни яхшилаш, эркин савдо шарт-шароитларини яра­тиш, туризмни ривожлантириш, интегра­цияла­шув ва логистика тармоқларидан фой­даланишни эркинлаштириш, экология соҳа­сида ҳамкорлик йўналишларига эътибор қаратилди. Мақсад – Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини таъминлаш, мамлакатимизга чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш орқа­сидан янги иш ўринларини яратиш ва халқ фаровонлигини таъминлашдир. Албатта, ушбу ташаббуслар доирасида хотин-қизларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам ўз аксини топган.
     Шу муносабат билан Марказий Осиёдаги хотин-қизлар ва гендер масалалари билан шуғулланувчи барча ташкилотларни хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, энг замонавий соҳаларда бандлигини таъминлаш борасида халқаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликка чорлаймиз.
     Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таш­кил этилган Марказий Осиё саммитида, шунингдек, ШҲТ, МДҲ парламентлараро иттифоқ каби тузилмалар доирасида ҳам аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида йирик тадбирлар ташкил этилмоқда, аниқ чоралар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан янги платформа – Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ташкил этилди ва 2021 йилда мазкур Мулоқот фаолиятига мамлакатимиз муваффақиятли раислик қилди.
     2022 йилда Ўзбекистонда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити юқори даражада ўтказилди.
     Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, таълимини, илмий салоҳиятини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъмин­лаш бўйича жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса-да, лекин олдимизда ҳали қилишимиз лозим бўлган муҳим вазифа­ларимиз ҳам кўп. Шу маънода биз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
     Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар муносабатлари юксак даражага кўтарилди. Давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий ирода­си ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфай­ли бугун Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
     Мамлакатлар парламентлари, ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида доимий алоқалар ривожланмоқда.
Бу йўналишда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар сингари катта тажрибага эга – гендер тенгликнинг фаол тарафдорлари билан тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқа­ларини ўрнатиш мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
     Шу муносабат билан 2023 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар билан халқаро ташкилотлар доирасида хотин-қизлар масалаларига оид ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш мақсадида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро форум ташкил этилди.
     Мазкур форум хотин-қизлар ижтимоий бирдамлигини мустаҳкамлаш, аёллар муаммо­ларига глобал даражада эътибор қаратиш бўйича биргаликда ечим топиш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиши, шубҳасиз. Зеро, ушбу ташкилотга аъзо давлатлар халқаро муносабатлар, ташқи сиёсат ва дипломатия соҳасида етакчи дипломат хотин-қизларни тайёрлаш ва уларни муҳим дипло­матик лавозимларга тайинлаш бўйича илғор таж­рибага эга.
     Шунингдек, хотин-қизлар масалаларига бағиш­ланган бир қанча халқаро конференция ва бошқа қатор тадбирларни ўтказиш режа­лаштирилган. Хусусан, Ўзбекистонда 2024 йилда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Осиё хотин-қизлари форуми (унинг доирасида Араб ва мусулмон аёл парла­мент аъзоларининг биринчи форуми)ни ўтка­зиш режалаштирилганлиги алоҳида эътиборга молик.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар