РОСТОНБУВИ ОЙНАИ ЖАҲОН ОЛДИДА
БИР НАРСА ДЕМАЙСИЗМИ, ЯХШИЛАР...
Биз кино томоша қилишга ишқибоз бўлган пайтларимизда ҳинд фильмлари машҳур эди. Уларнинг гул-гулзорли хиёбонлари, пурвиқор тоғлари, муҳташам саройларини кўриб беихтиёр “Бунча чиройли”, деб юборардик. Ҳиндистон биз учун орзулар мамлакатига айланган эди. Вақт ўтиб, телеэкранларимизни Мексика, Корея сериаллари эгаллади. Мексиканинг қаҳвазорлари, Кореянинг ўзига хос иқлими... Мен ўзим бир неча марта сериал томоша қилиб ўтирган аёлларнинг:
– Корейслар севсин-да, жону жаҳонини тикиб юборади-я, бировга кўнгил қўйса... – тарзидаги эътирофларини эшитганман.
Мен нега кинолар ҳақида узундан-узоқ даромад гап қилдим? Негаки, кейинги пайтларда ўзимизнинг санъаткорларимиз яратган сериаллардан бир нечтасини кузатдим. Экран қаршисига ўтираман-у, кўп ўтмай жиғибийрон бўла бошлайман. Тўй қилиб олганига беш-олти ой бўлмасидан ҳомиладор келинчакни ота уйига ҳақоратлар билан ҳайдаб солган қайнона... Ўзи севиб бир ёстиққа бош қўйган йигитнинг онасини телефонда “анаконда” деб дугонасига таърифлаётган келин... Ҳар уйига келганида укаси ё акасининг рафиқасини аччиқ гаплар билан узиб олаётган қайнсингил... Келинига ёмон кўз билан қараган қайнота... Оиласи, фарзандлари бўла туриб хиёнат кўчасига кирган эркак, аёл... Шуҳрат топаётган ишбилармонга заҳар берган ходимлар, раҳбарининг жазманига айланган котибалар... Бас-ей, қайдан бунча фитна, фужур... “Болам, ёшгина экансиз, онангизми, холангиз бордир... Шугиналарнинг бир юзи қоралигини кўрганмисиз?” дедим бир режиссёрга дуч келганимда.
– Йўқ, – дейди киприк қоқмай.
– Бўлмаса бу хунук воқеаларни қайдан олгансиз? Кўрса, кўнгли айнийди одамнинг. Ҳамма бақироқ, ҳамма чақимчи, ҳасадгўй...
– Кинони билмайсизми, опоқижон, ур-сур бўлмаса, қизиғи бўлмайди, ёқмаса, шартта телевизорингизнинг қулоғини бураб, бошқа каналга олинг, – деса бўладими...
Бошқа каналда ҳам шу... қасос алангаси, топталган номус, хоинлик...
Қани қўли юпқароқ, кўнгли ўксикроқ болаларни дарсдан сўнг уйига олиб кетиб, ўчоғидан ўт, қозонидан ош берадиган муаллимлар? Оғир аҳволдаги бемор бошида тўрт-беш соатлаб тикка туриб операцияларни амалга ошираётган фидойи шифокорлар? Бир кўзи осмонда, бир кўзи ерда бўлиб, тўрт фасл тупроқ кечиб дастурхонимизга ризқу рўз улашаётган деҳқонлар, тоғу дарё ошиб юртимизга янгилик олиб келаётган тадбиркорлар... Улар нега сериалларимизга қаҳрамон бўлолмаяпти? Остонада ичкарилаётган меҳмонга елкасида сочиқ, қўлида обдаста тутиб турган покдомонлар, қизи, келини сал бундайроқ иш қилиб қўйса, овозини кўтариб койишни ҳам ўзига эп кўрмай, лабини тишлаб монелигини билдирган оналар қани? Рўпарасидан эр киши чиқса, дарров орқага тисарилиб йўл бўшатган, эр кишининг олдига тушиб юришни фаросатдан ҳисобламаган аяжонлар, опажонлар суврати, сийратига тортилган чизиқ эмасми бу сериаллардаги андишасиз, эркакларга тиккасига чанг солаётган ёки (узр-ку-я) эр талашиб соч юлишаётган кундошлар... Бу сериалларни кўрган (Агар кўришса) бегона томошабин: “Ўзбек дегани шунақа миллат экан-да”, деб ҳафсаласи пир бўлмайдими? Ҳар ким, айниқса, кўпчилик ҳукмига ҳавола қилинаётган ижод намуналарига қўл урган одам даромаддан аввал миллий ғурур, шаън, ҳамият деган нодир туйғулар ҳақида ҳам ўйлаши керак эмасми?
Қаттиқроқ кетган бўлсам, айбга қўшманг. Зеро, оналар нима айтса, яхши бўлсин, деб айтади. Ҳаммаларингиз кўряпсиз-ку шу сериалларни, сиз ҳам бир нарса десангиз-чи...
РОСТОНБУВИ