БУГУННИНГ НАФАСИ
ПАХТАЗОРЛАР ОРАЛАБ...
Юртимиз пахта далаларида етиштирилган ҳосилни ўз вақтида териб олиш ишлари уюшқоқлик билан якунланмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам бу йилги мавсум қизғин меҳнат билан ўтди. Яқинда биз ҳам мазкур туман пахтазорларида бўлдик.
Катта йўл ёқалаб “Ғайрат” маҳалласига яқинлашамиз. Автоуловимиз шундоққина йўл юзида жойлашган кўчма дала шийпони олдига тўхтади. Катта чинорлар сояси гўё атрофни ўраб олган, икки-уч саржин чиқадиган шохлари шамоллар эпкинида силкиниб дала меҳнаткашларига куч-қувват тилаётгандек эди. Чор-атрофдаги пахтазор кафтдек кўринади. Мазкур манзил “Пискент Шарқ агро” фермер хўжалигига қарашли бўлиб, йиғим-терим ишлари авжида. Хўжаликнинг 59,7 гектар майдонига чигит қадалган бўлиб, ҳар гектаридан ўртача 37,5 центнердан ҳосил олиш кўзда тутилган.
Этак тутиб эгат оралаган журналистлар теримчиларга кўмакка ошиқаркан, улар билан дилдан суҳбатлашдилар.
– Ҳаммадан ҳам кўпроқ куз фаслини қишлоқ аёллари интиқлик билан кутади, – дейди Олтиной опа Ҳамроқулова. – Даланинг ўз завқ ва шавқи бор. Пахта териш жараёнида дилдаги ғуборлар ҳам кўтарилади. Фарзандларим улғайиб ёнимга киришганидан буён ҳар йили теримни канда қилмаймиз. Уч-тўрт йил оралиғида турмуш ўртоғим, икки фарзандимдан айрилдим. Ҳозир ёлғиз ўғлим ва келиним билан бирга истиқомат қиламан. Ҳали тонг отмай пахта даласига ошиқамиз. Иссиқ кунларда терим суръати яхши бўлса, қишлик учун озиқ-овқат, иссиқ кийимлар жамғариб оламиз.
Бир кунда Олтиной опа оила аъзолари билан биргаликда 400-450 килограмм пахта териб, юрт хирмонига муносиб ҳисса қўшибди.
Этак-этак “оқ олтин” ортиб олган теримчилар пахтазор оралаб юраётган карвонга ўхшайди, гўё елкасида эл ризқи, эртанги кунга умид билан бораётгандай.
Теримга жалб этилган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва кўчма тиббий кўрикни ташкил қилиш, савдо, маданият ва маиший хизматлар кўрсатиш бўйича масъуллар томонидан жойларда зарур шароитлар яратилган. Тушлик вақтида теримчилар кайфиятини кўтариш учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Куй қўшиққа уланди, шеърлар ўқилди.
– Ҳар бир хўжаликда теримчилар учун етарли шароит яратилган, – дейди қўшни “Каримов Холмурод” фермер хўжалигида теримда иштирок этаётган 89-отряд раҳбари Мавлуда Умаржонова. – Ҳар куни тушликда соя-салқин дала шийпонида иссиқ овқат берилади. Отрядимизнинг аъзолари “Мўминобод” ва “Ғайрат” маҳалласининг фуқароларидир.
Журналистларнинг кейинги манзили туманнинг “Дўстлик” ҳудудидаги “Носир” фермер хўжалиги бўлди. Шу куни дала меҳнаткашлари учун концерт дастури намойиш этилди. Илғор теримчиларга совғалар улашилди.
– Пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиштириб олиш ҳаракатидамиз, – дейди “Носир” фермер хўжалигида фаолият кўрсатаётган 25-отряд раҳбари Зуҳра Содиқова. –Теримда 100 нафар аёллар гуруҳи билан иштирок этяпмиз.
Бугунги рағбат эртанинг шижоатини белгилайди. Ер эгаси ҳам, теримчилар ҳам хурсанд.
Ҳосилингиз мўл бўлсин, азизлар!
Нигора Эркинбой қизи,
Тошкент вилояти