ТАДБИРКОРЛИК КАЛИТИ
ЎТОВЛАРИ МЕҲМОН КУТАР
Бугунги кун аёллари нафақат оилада, балки, жамиятда ҳам тобора фаоллашиб бормоқдалар. Қорақалпоғистонлик Амина Бегжанова тадбиркорлар орасида энг илғорлардан саналади.
У меҳнат фаолиятини иқтисодчиликдан бошлаган. Анча йиллар мазкур соҳада фаолият юритди. Ана ўша даврларда Тошкентга тез-тез хизмат сафари билан боришга тўғри келди. Меҳмонхона туризмига қизиқиш ҳам шу даврларда пайдо бўлди.
– Адашмасам, 2010 йил бўлса керак, опам билан Тошкентга иш юзасидан боргандим. Чиройли, озода меҳмонхоналарни кўрдик. Кейин эса Хожа Аҳмад Яссавийнинг зиёратига бордик. Сайёҳларга яратилган шароитни кўриб, менда ҳам меҳмонхона ёки сайёҳликка ўхшаган тадбиркорлик тури билан шуғулланиш фикри туғилди. Яқинларим билан маслаҳатлашдим ва 2013 йилда кредит ҳисобига Нукусда меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйдим. Айни пайтда сайёҳликни ташкил қилиш соҳасига ҳам киришдим. Ишларимиз аста-секинлик билан ривожлана бошлади. Албатта, янги иш бошлаган пайтларим бирмунча қийинчиликлар бўлди. Тажрибамдан келиб чиққан хулосам шуки, инсон қийинчилик ва рақобатда тобланар экан. Оролбўйи ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли Мўйноқ туманида 2017 йилдан оламшумул ўзгаришлар юз бера бошлади. Орол денгизининг суви қочган жойларида барпо этилаётган яшил қопламалар, Мўйноқдаги бунёдкорлик ишлари ва денгизнинг экологик инқирозига жаҳон ҳамжамиятининг эътибори қаратилди. Шунга кўра Мўйноққа сайёҳлар оқими ортишини ҳисобга олиб, биз 2017 йилда “MUINAK-TOUR” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилдик, – дейди Амина Бегжанова сўзини давом эттирар экан. – Тадбиркорларга яратилган шароитлардан келиб чиқиб имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан автотранспорт воситалари, Мўйноқ туманидаги меҳмонхона ва сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ўринларда қорақалпоқ миллий “Қора уй” (ўтов) лагерларини ташкил қилдик. Биз фақатгина юртимизга келган сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолмасдан, хориждаги тур операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Бу борадаги билимларимни бойитиш, тажриба ўрганиш мақсадида Германияда ўтказилган “Берлин – 2023” халқаро туризм ярмаркасида иштирок қилгандим. У ердан катта таассуротлар билан қайтганим фаолият турларини янада ривожлантиришга рағбат беради. У ерда 180 дан ортиқ давлатларнинг сайёҳлик компаниялари иштирок қилди ва биз уларнинг кўпчилиги билан танишиб, биргаликда юртимизга сайёҳларни жалб қилиш борасида келишиб олдик. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи минтақасида саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай шароит яратиш, яъни Европа, Осиё ҳамда бошқа қитъалардан келадиганлар қатновини кўпайтиришга қаратилган тадбирлар режамизни белгилаб олганмиз. Ўтган йилда 5 мингдан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида сайёҳлар кўлами икки ҳисса ортди. Корхонамизда 30 нафардан зиёд ёшлар доимий иш ўрнига эга. Жамоамиз билан биргаликда ҳозирда сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўналишларимизни 12 тага етказдик. Яратиб берилаётган имкониятлардан янада кўпроқ фойдаланиб, фаолиятимизни кенгайтириш, Қорақалпоғистондаги диққатга сазовор бошқа ҳудудлар бўйича ҳам янги йўналишларни очишни режалаштирмоқдамиз. Интилганга толе ёр деганларидек, интилишларим ўз самарасини бераётганидан хурсандман. “Маданият Мўйноқдан бошланади”, деган эдилар Президентимиз. Дарҳақиқат, бугун Мўйноққа ташриф буюрган киши ҳайратда қолади. Бунёдкорлик, иқтисодий ўсиш, бандлик масалалари, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар ҳаётимизда яққол намоён бўлмоқда. Бу гўшага ҳар борганимда битта ўзгариш ёки битта янгиланишни пайқайман ва кўнглим тоғдек кўтарилади.
Иши билан сўзи бир мақоламиз қаҳрамони қатъиятли ва ҳаракатчан аёл. Айнан ўша тадбиркорлик салоҳияти юқорилиги, жамият тараққиётидаги фаол иштироки учун Тадбиркорлар куни байрами арафасида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Кўряпмизки, инсон меҳнатга борини бергани каби меҳнат ҳам яратувчиси, жонкуярига ҳамиша қадр, иззат-обрў келтиради.
Фотима АБДУРАИМОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси