МУЛОҲАЗА, ТАКЛИФ
МУАММОНИНГ илдизи каерда?
Қаерда хатога йўл қўйиляпти? Уни тўғрилаб олишнинг иложи борми?!
Оилавий ажралишлар, улар ортидан ота-она, эр-хотин, ҳали ўзини англаб етган-етмаган гўдаклар, фарзандлар тортаётган руҳий азиятлар, моддий йўқотишларнинг маънавий зарбасини унга рўбарў келганларгина ҳис қилади. Тирик етимлик гирдобига отилган фарзандларнинг бир умр юрагига кўмилган армонлари заҳрини тасаввур қилиб кўринг-а. Бир мартагина бериладиган бу ўткинчи дунёда ҳаёт бўла туриб отасини, камдан-кам бўлса-да, онасини танимайдиганлар ёки бир дастурхонда ўтиришдан, ҳар кунлик меҳридан мосуво бўлганлар қанча экан? Жаҳолат устида эр-хотин, қайнона-келин ва ҳоказоларнинг бир-бировига ўчакишиб қилиб қўйган хатоси учун ёши бир жойга етганда пушаймон бўлганларни учратдик, аммо умр дарёсини ортга қайтариб бўлармиди!
Оила аталмиш қўрғон жамиятнинг асоси, қонунларимизда битилганидек, давлат ва жамият муҳофазасидадир. Демак, ОИЛА ҳеч кимнинг шахсий иши эмас. Давлат миқёсида жамият асосини муҳофаза этиш учун не-не чоралар изланиб, тадбирлар ўйлаб топиляпти. Бевосита оила маънавияти ва муаммолари билан шуғулланувчи давлат ва жамоат ташкилотлари ваколатлари, давлатни-давлат, жамиятни-жамият қилувчи ИНСОН аталмиш онгли мавжудотни дунёга берувчи қўрғонларга дахлдор мутасаддилар сафи кенгайтирилаётгани ҳали ҳозирча кутилаётган самарани бермаяпти.
Вилоят фаол аёлларидан бири Сайёрахон Алимова ўзи гувоҳ бўлган бир оилавий муаммо ҳақида сўзлаб берди. Буни қарангки, хотинига кўнгил қўйиб уйланган эр орадан ўттиз беш йил ўтиб, ажрим учун судга ариза берибди. Икки қиз узатган, ўғил уйлантирган, қатор-қатор набираларнинг бобоси нима учун бундай қарорга келибди? Асосли гумонларга қараганда, унинг кўнгли янги ёрни қўмсаб қолибди. Аввалроқ жабрланаётган онанинг мурожаатига кўра вилоят "Оқила аёллар" ҳаракати раҳбари Юлдузхон Раҳимова бошчилигида эрни бу қалтис фикридан қайтариш учун у ишлаётган ташкилот раҳбари ҳузурида ҳолат муҳокама қилинган. Раҳбари олдида “оҳор”ини тўкишни истамаган эр бу нотўғри гумон, дея сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлди. Кейин эса ишни қонуний ҳал этиш учун судга мурожаат қилди. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди-ку! Тўғри, бу унинг қонуний ҳуқуқи. Аммо қонунларда битилмаган субут, фарзандлар, набиралар, қуда-анда, маҳалла-кўй, меҳнат жамоаси, умуман, жамоатчилик олдидаги орият, номус аталмиш туйғулар-чи?!
Фуқаролик суди аризани кўриш жараёнигача етиб келган жамоат ташкилоти вакиллари, “ота-онам нима учун ажрашаётган экан”, деб жавдираб туришган қизлари, даъвогар томоннинг тарафкашлари кўз ўнгида аризани қаноатлантирмади. Бу – адолатли қарор эди! Ҳаракат аъзолари ўз ваколати доирасида бир оила, аёл манфаатини охиригача ҳимоя қилди, қойил. Демак, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари билан оилавий муаммоларни ҳал этишда кўп иш қилиш мумкин экан. Олтмиш ёшни қоралаётган эркак, балки, энди қалтис қадами хато эканини бир тарозига қўйиб олар. Аммо синган кўнгил ойнасини ўз ҳолига келтириб бўлмайди ва бу руҳий зарба хотинни ҳам, фарзандларни ҳам яралаб бўлди, унинг жароҳати осонликча битармикан?
Бу ўринда ўз вақтида севилган, ўттиз беш йил деганда қадрсизликка дучор бўлган аёлни ҳам буткул оқлаш фикридан йироқмиз. Қаердадир муносабат меъёрларини бузгандир у ҳам. Бундай савдоларга шунинг учун ҳам дуч қилгандир аёлни бу кажрафтор тақдир. Нима бўлганда ҳам эр-хотин орасидаги тарозининг ўлчови бузилмасин экан-да.
Энди юқорида қўйилган саволларга қайтамиз: нима учун бундай нохушликлар камаймаяпти, қаерда хатога йўл қўйиляпти, уни тузатишнинг иложи бормикин? Миллий, диний қадриятларимиз бор бўлсин-да. Ана шу бетакрор қадриятларимизда эрнинг, хотиннинг вазифа ва бурчлари қулоқларга қўрғошиндай қуйиб келинган. Аччиқ бўлса-да, очиқ айтиш керак, бугун ана шу қадриятлардан нафақат ёшлар, юқоридагидек катталар, ҳатто ёши улуғлар ҳам бироз узоқлашиб кетяпти. Турмуш билан андармонлик, тирикликнинг турфа ўрамларига ўралашиш, “ҳожи оши”, “қариндош оши”, “ҳамкасблар оши”... каби турли номдаги зиёфат давралари домида қолмоқда аксарият катталар. Озгина бўш вақт бўлса, кексаю ёш телефон титиш билан банд.
“Талоқ” сўзи айтилса, Арши аъло титрайди, деган гапни эшитганмиз-ку. Бугун Аллоҳнинг иродаси билан жамиятда эркак-аёллар мутаносиблиги тенг бўлиб турган бир пайтда нима учун қўшхотинлилар, уч-тўрт, ҳатто ундан кўп марта яширинча шаръий никоҳ билан умргузаронлик қилаётганлар кўпайиб боряпти? Оилага беписанд муносабатларнинг вужудга келишига бировнинг эрини эр қилиб олаётган тоифамиз вакиллари ҳам ҳисса қўшаётганлари бор гап. Буларнинг барчаси улуғ қадриятларимизни унутиб қўяётганимиз, панду ўгитларни етарлича сингдира олмаётганимиз касридандир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “БАХТИЁР ОИЛА” китобини ўқиб, ниҳоятда таъсирлангандим. Қани энди шу китобни қизини узатаётган, ўғлини уйлантираётган, турмуш қураётганлар ўқиб чиқишса. Уни ўқиб, уққан одам оила илмининг дорилфунунини ўтагандек маънавий мадад олган бўларди. Китобда битилишича, ўз даврининг доно аёли бўлган Амома бинти Ҳорис қизини узатаётиб шундай насиҳат қилган экан:
“Қизгинам! Энди сен ўзинг ўсган ҳаводан айрилдинг. Яйраб-яшнаб ўсган ошёндан чиқдинг ва нотаниш жойга бориб, аввал ўзинг билмаган шерикка учрайсан. У энди сенинг хожанг, дўстинг ва маҳбубингдир. Сен унга чўри бўлсанг, у сенга қул бўлади. Сен унга ер бўлсанг, у сенга осмон бўлади. Қуйидаги хислатларни адо этсанг, оилада масъуд ва бахтиёр ҳаёт кечирасизлар:
– қаноат соҳибаси бўл. Эринг уйга нима кўтариб келса, хушфеъллик ва одоб-назокат билан қабул қилиб ол, ташаккур айт;
– эрингга ҳамиша итоатда бўл, амрларини яхшилаб тингла ва бажар;
– эрингнинг назари тушадиган жойларга эътибор қил. Уй ичи ва ҳовлини ниҳоятда озода ва тартибли тут;
– эрингнинг димоғига сендан ёмон ҳид келмасин, фақат хушбўйлик сезсин;
– хожангнинг моли ва ашёсига эътиборли бўл, исроф қилма, авайлаб-асра! Чунки унинг мол-дунёси сеникидир;
– эрингнинг сирларини бошқаларга айтгувчи бўлма, унинг ишончини йўқотасан”.
Қаранг, бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ўгитлар, шундай эмасми? Бугун қайси она қизига шундай ўгитлар беряпти? Камдан-кам бўлса-да бераётганлар бўлса, энг аввало, ўзини ҳурмат қилибди. Юқоридаги ўгитларни шарҳлашга ҳожат йўқ. Фақат биттасини олиб кўрайлик: умид билан бир ёстиққа бош қўйган, қатор-қатор фарзандлар топган айрим аёлларимиз хафалашиб қолганда ёки ажрашмоқчи бўлганларида эрлари сирларини, нафақат маҳалла-кўйга, балки “ойнаи жаҳон” орқали бутун мамлакатга сотадилар. Ахир, у болаларининг отаси-ку!!! Бу тавқи лаънат тўрт кунда болаларининг ҳаётида акс садо бериб, эларо бошини эгмайдими?! Ҳатто фарзандларини можароларга аралаштириб, отага нафрат уйғотадилар. Андиша унутилиб, оила шаъни топталаётган қўрғон чилпарчин бўлмай қолмайди. Эркакка янги барпо этилган оиланинг пуштипаноҳи сифатида қаралмас, иззати жойига қўйилмас экан, бундай кўнгилсизликлар камаймайди. Ҳазрати эркаклар ҳам ҳар жиҳатдан шу мартабага муносиб иш тутишлари шарт! Бу эса йигитни оталар, оға, амаки-тоғалар турмушга қадриятларимиз асосида пухта тайёрлашини тақозо этади.
Энди иккинчи томонга назар ташлайлик. Муаллиф Қуръони Карим ва Суннатдаги насиҳатларнинг кўпчилиги эркакларга қаратилганини эслатиб, уларнинг баъзиларини келтирадилар ва бу ўгитлар дунёвий маърифатга ҳам жуда мос тушади.
“Сен эр ўлароқ билки, аёлинг аёл бўлганлиги учун сендан бошқача услуб билан тафаккур ва тасарруф қилади, унинг нафсониятини фаҳмлашинг ва эҳтиромини қозонишинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг керак бўлади”, дея уқтирилганларнинг айримларини келтирамиз:
– аёл киши ҳар доим маънавий ва меҳрли қўлловни истайди;
– аҳлини зиёрат қилишига қарши бўлма, агар бунга қарши бўлсанг, унинг муҳаббатини йўқотасан. Аёллар ўз аҳлига кўпроқ боғлиқ бўлади;
– гоҳ-гоҳи рашк қилишингни билдириб тур. Бу унинг аёллик иззат-нафсини рози қилиб туради;
– хиёнат қилма. Аёл учун энг оғир нарса эрининг хиёнат қилишидир;
– уйнинг майда-чуйда ишларига кўп аралашма. Бу борада унга ишон. Бу унга уйнинг ҳақиқий бекаси эканини сездириб туради;
– яхши гапларингизни дариғ тутманг. Унинг кийими, зийнати, пиширган нарсаларини, уй тутишини мақтаб тур. Бу унинг ўзига ишончини оширади;
– аёл кишининг ҳомиладорлик, туғиш каби оғир ҳолатларни бошидан ўтказишини асло унутма.
Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик, қайси ота, қолаверса, оға, амаки-тоға уйланаётган йигитга шундай насиҳат қилади? Замонанинг зайли билан амаки-тоға, амма-холалар ўзларидан ортмай қолишди.
Бир оилани шахсан биламан: ёш келин пайтида аёлига совға олиб келиб, яширинча бергани учун ёлғизгина ўғлининг уйини аччиқ қилган қайнона келиндан нуқсон топавериб, ахийри икки фарзандли бўлганда уларни ажратиб, тинчиди. Келинга қулдек эмас, зурриёт аталмиш муқаддас занжирнинг ҳалқасини боғловчи шу оиланинг яна бир аъзоси сифатида қаралмас экан, ажримлар кўпаяверади. Келинларимиз ҳам юриш-туриши, рўзғор тутумларидан тортиб, барча жиҳатлари билан шу эътиборни қозонмоғи шарт! Бу, оналар, опалар, амма-холалар қизларини мустақил ҳаётга мукаммал тайёрлашлари билан бўладиган ишдир.
Келинг, ўғил-қиз улғайтираётган ота-оналар, бўлажак зурриётлар ҳаққи-ҳурмати, тирикликнинг майда-чуйдаларига ўралашмай, ўзимиз ва жамиятимиз эртаси учун ҳаммасидан ҳам зарур иш – йигит-қизларни оилавий ҳаётга миллий ва диний қадриятларимиз асосида пухта тайёрлашга жиддий киришайлик. Муаммони ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли шу, назаримда. Бу ҳар бир ота-онанинг ҳозирги ва бўлажак зурриётлар, давлат ва жамият олдидаги энг буюк қарзи ва фарзидир.
Ҳадичахон КАРИМОВА,
Фарғона вилояти “Оқила аёллар”
ҳаракати аъзоси.