ИМКОНИЯТЛАР КЕНГАЙМОҚДА

 

ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИДА

ИМКОНИЯТЛАР КЕНГАЙМОҚДА


     Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги делегация Хитойнинг Фуцзянь музофоти Сямэнь шаҳрида ташкил этилган “Хитой – Марказий Осиё” форумида иштирок этди.
     Хитойнинг йирик компанияларидан бири “Xiamen King Long United Automotive Industry Co.Ltd” раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокарада замонавий ишлаб чиқаришда хотин-қизларнинг ўрни ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўзаро фикрлар алмашилди. Аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ғамхўрлик қилиш борасида катта тажрибага эга Цзинан жамоат хизмати марказига бўлган ташриф, айниқса, самарали бўлди.
     Ташриф давомида ушбу соҳада ўзбек – хитой муносабатларини янги поғонага олиб чиқиш юзасидан тизимли алоқаларни ўрнатиш бўйича икки томонлама музокаралар олиб борилди. Турли мавзуларда тарғибот тадбирларини ўтказиш тўғрисида фикрлар ўртага ташланди. Аёллар ва ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилди.
Ташриф доирасида Хитой халқ сиёсий маслаҳат Кенгаши раиси ўринбосари, Бутунхитой аёллар федерацияси раҳбари Шэнь ЮэЮэ хоним ва Фуцзянь музофоти партия котиби ўринбосари Чжао Луно билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид икки давлатда тўпланган тажрибалар ҳақида кенг маълумот берилди.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бутунхитой аёллар федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандумни имзолаш, 2024-2025 йилларда биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон-Хитой ишбилармон аёллари ўртасида бизнес форумни ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди.
     Дўстона муносабатларни узлуксиз ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева маъруза билан иштирок этди.
     Маърузачилар томонидан мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган даврда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларида амалга оширилаётган устувор натижалар ҳақида сўз юритилди.
     Бундан ташқари, ўзаро ёрдам, бирлик ва ишончга риоя қилиш, тараққиётдаги янгиликлардан хабардорлик, ижобий таъсирларни кучайтириш, анъанавий дўстликни давом эттириш, халқларнинг яқинлашувига кўмаклашиш, узоқ муддатли барқарорлик ва абадий осойишталик ҳамжамиятини биргаликда барпо этиш, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақа ва бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашда хотин-қизларнинг ҳиссаси ва ўзига хос ўрни борасидаги фикрлар эшитилиб, фойдали хулосаларга келишилди.


Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ахборот хизмати.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар