ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлди. Ташриф доирасида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, Беларусь Ўзбекистоннинг МДҲдаги анъанавий ҳамкорларидан биридир. Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар дўстлик ва шериклик руҳида изчил ривожланиб бормоқда. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбатда парламентлараро мулоқот самарали ривожланаётгани, ўзаро манфаатли учрашув ва тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилаётгани, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ҳамда Парламентлараро иттифоқ доирасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек,Ўзбекистон ва Беларусь халқаро ва минтақавий ташкилотлар – БМТ, МДҲ, ШҲТ доирасидаги конструктив ҳамкорлигига алоҳида урғу берилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форумига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тадбир аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшиши, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланиши таъкидланди. Эришилган шартнома ва келишувлар ижроси устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши ҳақида тўхталиб ўтилди. Қўшма тадбирлар орқали гендер тенглигига эришиш ва Беларусь аёллар иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
ЎзАдан олинди.