ҚУЁШ БИЛАН БИРГА УЙҒОНГАН МИРИШКОРЛАР...

Журналистнинг бир куни

ҚУЁШ БИЛАН БИРГА УЙҒОНГАН МИРИШКОРЛАР...

      Шу кунларда юртимиз пахта далаларида етиштирилган ҳосилни ўз вақтида териб олиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Хусусан Тошкент вилояти Пскент туманида бу йилги мавсум уюшқоқлик билан ташкил этилган. Яқинда бир гуруҳ журналистлар билан ҳамкорликда туман пахтазорларида бўлдик.

     Вилоятнинг сўлим гўшаларидан бўлган туман республикамизда нафақат ўзининг миришкорлиги билан кадрлар салоҳияти билан ҳам ажралиб туради. Катта йўл ёқалаб “Ғайрат” маҳалласига яқинлашарканмиз неча асрлар аввал шоир Мирзо Бобур қадами етган, халқ оғзаки ижодини келажак авлодларга қолдиришда жонбозлик кўрсатган Музайяна Алавия ҳақидаги ўйлар кўпчиликнинг қалбидан ўтган бўлса ажабмас.

     Биз йўлга отланган уловлар шундоққина йўл юзида жойлашган кўчма дала шийпони олдига тўхтади. Катта чинорлар сояси гўё атрофни ўраб олган, икки-уч саржин чиқадиган шоҳ бутоқлари шамоллар эпкинида силкиниб дала меҳнаткашларига куч-қувват тилаётгандек эди. Чор-атрофдаги пахтазор кафтдек кўринади. Мазкур манзил “Пискент Шарқ Агро” фермер хўжалигига қарашли бўлиб, айни кунларда ҳосил йиғиб олиш авжида. Хўжаликнинг 59,7 гектар майдонига чигит қадалган бўлиб, ҳар гектаридан ўртача 37,5 центнердан ҳосил олиш кўзда тутилган.

 – Бу йил туманимизнинг 6 минг 761 гектар майдонида ҳосил етиштирилди, – дейди бизни қарши олган туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Асрор Аббосхонов. – Жараёнларни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида зарур техника воситаларини жалб қилганмиз.Хусусан,8 та юқори унумли терим комбайнлари, 120 та трактор, 400 та тиркамалар, 110 та терим отрядлари ташкил этилган. Жойларда 110 та терим отрядлари раҳбарининг ҳар бирига 2 миллион 500 минг сўмдан, жами 275 миллион сўм маблағ тўлаб берилди.

     Этак тутиб эгат оралаган журналистлар теримчиларга кўмакка ошиқаркан улар билан дилдан суҳбатлашди.

– Ҳаммадан ҳам кўпроқ куз фаслини қишлоқ аёллари интиқлик билан кутади,–дейди 63 ёшли Олтиной опа Ҳамрақулова. – Даланинг ўз завқ ва шавқи бор. Пахта териш жараёнида дилдаги ғуборларни ҳам унутасиз. Бола пайтимдан пахта эгатларида улғайдим. Бироқ оилали бўлиб рўзғор ташвишидан ортмай пахта теримида иштирок этолмадим. Аммо фарзандларим улғайиб ёнимга киришганидан сўнг ҳар йили теримни канда қилмаймиз. Уч тўрт йил оралиғида Турмуш ўртоғим яна икки фарзандимдан айрилдим. Ҳозир ёлғиз ўғлим ва келиним билан бирга истиқомат қиламан. Ҳали тонг отмай пахта даласига ошиқамиз. Иссиқ кунларда терим сурати яхши бўлса маблағни ҳам шундай жамғариб оламиз. Ҳар ҳолда қишлик учун озиқ- овқат, иссиқ кийимлар жамғариб оламиз.

     Бир кунда Олтиной опа оила аъзолари билан биргаликда 400-450 кг пахта териб хирмонга ҳисса оиласига эса даромад киргазади.

     Теримда ёшлар билан ёнма-ён нуронийларни ҳам кўриб улар суҳбатига ошиқдик. – Ёшим олтмишнинг остонасида, – дейди Фурқат Маҳмудов. – Тумандаги 1-касб-ҳунар коллежида қоравул бўлиб ишлайман. Ҳар йили мавсумда таътил олиб теримчилик қиламан. Кунига 150-160 кг пахта тераман. Бу эса муҳтожлигимдан эмас эл хирмонига оз бўлсада кўмак бериш учун.

     Этак-этак оқ олтин ортиб олган теримчилар гўё пахтазор оралаб бораётган карвонга ўхшайди. Гўё елкасида эл рисқи, эртанги умид бораётгандай.

     Теримга жалб этилган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва кўчма тиббий кўрикни ташкил қилиш, савдо, маданият ва маиший хизматлар кўрсатиш бўйича масъуллар томонидан жойларда зарур шароитлар яратилган. Тушлик вақти теримчилар кайфиятини кўтариш  учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Куй-қўшиққа уланди. Даврада журналистлар томонидан шеърлар ўқилди.

– Ҳар бир хўжаликда теримчилар учун етарли шароит яратилган,–дейди қўшни “Каримов Холмурод” фермер хўжалигида теримда иштирок этаётган 89-отряд раҳбари Мавлуда Умаржонова. – Ҳар куни тушликда соя-салқин дала шийпонида иссиқ овқат, иссиқ чой, нон берилади.Отрядимизнинг аъзолари Мўминобод ва Ғайрат маҳалласининг фуқароларидир.

     Журналистларнинг кейинги манзилимиз туманнинг “Дўстлик” ҳудудидаги “Носир” фермер хўжалигида бўлди. Шу куни илғор теримчилар учун маданий хордиқ концерт дастури ҳамда тақдирлаш маросимлари ўтказилди.

– Пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиштириб олиш ҳаракатидамиз, – дейди “Носир”фермер хўжалигида фаолият кўрсатаётган 25-отряд раҳбари Зуҳра Содиқова. – Теримда 100 нафар аёллар гуруҳи билан иштирок этяпмиз. Теримчиларимизнинг ҳар бири кунига 150 - 300 кггача пахта теришмоқда. Бугунги рағбат эртани шижоатини белгилайди.

     Пскентлик дала меҳнаткашлари мавсумда 24 минг 300 тонна “оқ олтин” хирмонини йиғиш кўзда тутишган.

Нигора Ўролова.
Тошкент вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар