ЛОЛАЛАРДАН СЎЗ УНДИРГАН ШОИР
Нурафшон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоятимизда кўзга кўринган ижодкорлардан бири Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер 80 ёшга тўлиши муносабати билан адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди. Уни Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков очиб берди.
Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар ҳамда журналистлар уюшмалари аъзолари иштирок этди. Сўзга чиққанлар, жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ботиржон Эргашев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, чирчиқ давлат педагогика университети проректори, шоирнинг шогирди Баҳодир Ҳусанов, таниқли журналист, шоирнинг дўсти Ирисмат Абдуҳолиқов ва бошқалар шоирнинг ижодий фаолияти ва шеъриятининг аҳамияти, таржимонлик фаолияти тўғрисида фикрларини билдириб, шоирни табрикладилар.
– Ардоқли шоиримиз Абдулла Шерга аталган анжуман қалам аҳли учун адабиёт, шеърият байрами бўлди,–дейди Халқ шоири Маҳмуд Тоир.– Авваламбор юртбошимизни қалам аҳлига қаратилган Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига вилоят бўлимларига яратиб берилган бундай шарт-шароитлардан миннатдормиз. Абдулла ака ҳаётда ҳеч бир нарсани тилаб олмаган:ҳурматни,иззатни эл-юрт назарини олим сифатида ҳам шоир сифатида ҳам ўз қудрати,ўз сўзига эга шоир сифатида . Ҳамиша айтган,ёзган сўзларидан ташбеҳлар товланиб туради. Унинг ижоди қўлига қалам олаётганлар учун жуда катта ҳаёт йўлини босиб ўтган мукаммал устоз. Сўзида саодат, салмоқ ва фалсафа бор. Бунга эришиш учун гоҳида одам ўзлигидан, ҳузур-ҳаловатидан кечишига тўғри келади. Абдулла ака ҳаётини борлиғини ижод учун халқига бағишлаб келмоқда.
Шоирнинг синглиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳабиба Шерованинг акаси ҳақида гапирганлари иштирокчиларни тўлқинлантириб юборди десак муболаға бўлмайди. У шундай дейди:
– 12 ёшда эдингиз, отамиздан етим қолганимизда Сизга осон бўлмаганини ҳис қилардим.Биринчи шеърингиз “Чиноз ҳаёти” газетасида босилганидан сўнг катта ижодий қувват билан ёзишга киришдингиз. Уйимизнинг шундоқ рўпарасидаги ўша газета таҳририятида меҳнат қила бошладингиз. Раҳматли бувим, онам эл эъзозидаги ардоқли инсон бўлишингизга ишонардилар. Мана, бугун шу кунларга етиб турибмиз. Дунё тургунча туринг, ака!”
Даврада куй-қўшиқларга уланди. Шоирнинг шеъри қўшиқ қилиб куйланди. Тадбир давомида Абдулла Шерни суҳбатга тортдик.
– Юбилейни ўтказишга қарор қилган вилоят ҳокимидан миннатдорман,–дейди Абдулла Шер. – Бу мукофот узоқ йиллар давомида фалсафа,адабиёт соҳасида қилган меҳнатларим эвазига берилди. Айни вақтда бундай эҳтиром ва эътиборга катта жавоб беришимиз керак. Бугунги учрашувлардан куч оласан киши. Адабиётни халқ билан, ёзувчини халқ билан яқинлашишига ёзувчини халқни танишига жуда катта имконият яратади.
Адабий анжуманни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир олиб борди.
Нигора Ўралова
Саодат журналининг Тошкент вилояти мухбири
Суратлар муаллифи Шерзод Қорабоев