Долзарб мавзу 16.09.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ПАРКЕНТДА ХАЛҚАРО УЗУМ САЙЛИ

ПАРКЕНТДА ХАЛҚАРО УЗУМ САЙЛИ

     Айни вақтда Тошкент вилоятининг Паркент туманида ўтказилаётган “Халқаро узум сайли” мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришга қаратилган.

     Икки кун бўлиб ўтадиган фестиваль доирасида соҳанинг етук мутахассислари иштирокида илмий-амалий конференция, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари ташкил этилган.

     Хусусан хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, Италиянинг виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, Сербия республикасининг узумчилик йўналиши бўйича илғор тадбиркорлардан бири Саша Джоник, Россия Федерациясининг Калмик давлат университети ректорининг маслаҳатчиси Очиров Баатр Владимирович маърузачи сифатида қатнашди.

     Шунингдек, Корея, Сингапур, Белорусия, Грузия, Озабайжон каби 30 дан ортиқ давлатларнинг виночилик соҳасида йирик ва етакчи ҳисобланган компаниялари вакиллари ташриф буюрди. Жараёнда Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари ўз экспозициялари билан иштирок этмоқда. Илмий-амалий конференцияларда “Узум етиштириш ва сақлашнинг инновацион технологиялари”, “In vitro шароитида узумнинг пайвандтаг ва пайвандтагларини кўпайтириш агротехнологияси”, “Ҳосилли токзорлар интенсив технологияси”, “Узумнинг шароббоп навларини танлаш ва етиштиришда тавсиялар”, “Узумнинг кишмишбоп навларини ўстириш усулларини ҳосил ва ҳосил сифатига таъсирини ўрганиш”, шунингдек, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича халқаро тажриба, узумчиликда стандартлаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш (GLOBAL GAP, ORGANIC), ток тупларини яшил қисмлари билан боғлиқ ишлар борасида ҳам бир қатор маърузалар тингланди. Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилди.


– Юртингизга илк бор келишим, – дейди Италиянинг “Omina Technologies” компанияси масъул ходими Горанд Обад. – Компаниямиз узумни қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Қарийб 20 йилдан бери ўзбекистонлик вино ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бугунги фестивалдан ҳайратдаман. Атрофда ажойиб манзара. Тоғлар этагидаги майдонда ташкил этилган павильонлардаги уйғунлик, она табиат саховати намойишидан бир олам таассурот олдим. Биз ҳам фестивалга доимий ҳамкорларимиз билан учрашиб, шартномалар имзолаш мақсадида келганмиз. Юртингиздаги имкониятларни кўриб, мижозларга керакли ускуналарни тайёрлаб, етказиб бериш борасида янги режалар туздик.

     Дарҳақиқат, Паркент узумчилик тарихи бевосита шу ерлик Тоживой Ризаев номи билан боғлиқ. У суғорилмайдиган, ноқулай шароитдаги қир ва адирликларда ҳам узум етиштиришни хадисини топган уста боғбонлардан эди. Фестевалда Ўзбекистон Қаҳрамони Тоживой Ризаев хотирасига бағишланган хужжатли фильм намоиш этилди. У ҳақида келини “Заркент Гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари Гавҳар Ризаева шундай дейди:

– Бундай катта фестивалда отамизни ёдга олишганидан жуда хурсанд бўлдим, – дейди у ҳаяжонларини яширолмай. – У кишининг тажрибалари асосида бугун қишлоғимиздаги ҳар бир хонадонда узум етиштирилиб, мўл ҳосил олинмоқда. Ҳудудимизда узумни сақлайдиган катта сиғимдаги музлаткичлар бор. Энг муҳими, барча аҳоли иш билан банд. Заркентликлар энди оддий боғбон эмас, уларнинг ҳар бири лалми ерда узум етиштириш, қайта ишлаш, бир неча ой сақлаш технологияларини мукаммал ўзлаштирган ҳамда ўз бизнесини пухта йўлга қўйган мутахассислардир.

     Бундан ташқари тадбир дастуридан жой олган фольклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастур ташкил этилган. Энг яхши ошпазлар миллий пазандачилик маҳсулотлари намуналарини, узумдан анъанавий миллий ичимликлар ва ширинликлар тайёрлашни намойиш этилмоқда.
     Фестевалда бекободлик Роҳатой момо бошига лаган қўйиб, устига сув тўлдирилган самовар ва тўртта пиёла билан рақс тушиб ҳаммани ҳайратга солди.


Нигора Ўролова.
Тошкент вилояти мухбири.
Суратлар муаллифи - Шерзод Қорабоев.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар