Долзарб мавзу 30.06.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ИЖОД ЗАҲМАТИ

 
27 ИЮНЬ – МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ

ИЖОД ЗАҲМАТИ

     Журналистика шунақа касб, соҳага қадам қўйдингми, ундан кўнгил узиб кетиш қийин. Бу гапни бежиз айтмадик. Дилором Исмадиёрова ҳам ана шундай касбига меҳрли, садоқатли ҳамкасбларимиздан бири. У 40 йилдан зиёд вақтдан бери шу тизимда меҳнат қилади. Яна шуниси эътиборлики, Дилором журналистиканинг турли йўналишларида фаолият кўрсатиб “кўзи пишди” ва бугунга келиб, вилоятдаги энг тажрибали журналистларнинг бирига айланди. Сирдарё вилоят телевидениесида оддий мухбирликдан вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири, раис ўринбосари, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи муовинигача бўлган йўлни босиб ўтди. Шунингдек, “Янгиер” ва “Гулистон янгиликлари” газеталарида мухбир, масъул котиб, “РЕГИОН УЗ.” газетасининг ҳудудий бўлими, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси мухбири сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатди. Хизмат вазифаси тақозосига кўра, вилоятда унинг қадами етмаган қишлоғу маҳаллалар қолмаган десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, телевидениеда ишлаган кезлари баъзан зарур топшириқлар билан узоқ туманларга бориб, тасвирга олиш ишлари чўзилиб, оқшомгача қолиб кетган пайтлари кўп бўлган. Бундай кезларда қайнонасидан яхшигина танбеҳ ҳам эшитиб оларди. У хизмат сафаридан кеч қайтганида кўз касалликлари шифокори бўлган турмуш ўртоғи Бозорбой Қаршиевнинг (охирати обод бўлсин) бироз жаҳли чиқса ҳам аёлининг ўз касбини яхши кўришини тушунарди.
     Дилором, аввало, миллий қадриятларимизни қадрлаган, қуйма қулоқ бувижониси Марзия момо ҳамда Фармонбиби каби “генерал” қайнона деб ном олган қайнонаси Минсиз момонинг ўгитларини, дуоларини олиб, ўзбекнинг ибратли келинларидан бири бўлди. У катта оилага келин бўлиб тушди. Ўқимишли бўлгани учун беш овсинлар орасида унинг ўрни бошқача эди.
    Истеъдодли журналист мавзу танлаши, муаммони очиқ, шаффоф ёритишда касб маҳорати, тажрибаси асқатса, ёзиш услубига келганда халқ оғзаки ижодини яхши билиши қўл келди.
   Айни пайтда Дилором Исмадиёрова Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимида мутахассис сифатида фаолият олиб бормоқда. Ўтган 4-5 йил ичида унинг ташаббуси билан уюшманинг вилоят бўлимида бир қанча хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, бугунги матбуот олдига давлатимиз раҳбари қўйган талаб ва вазифаларнинг бажарилиши (унинг ҳозиржавоб, тезкор, шаффоф, холис ва ҳаққонийлигини таъминлаш) билан бирга журналистларнинг касб маҳоратини, тажрибасини ошириш, шунингдек, уни ижтимоий ҳимоя қилиш, қадрини улуғлаш, хизматларини муносиб тақдирлаш, медиатурлар, хотира кечалари, семинар-тренинглар ташкил этишда унинг хизмати катта.
    Ҳамкасбимизнинг ғайрати, шижоатига кўпчиликнинг ҳаваси келади. У асосий ишдан ташқари, Сирдарё вилояти журналистларининг расмий каналини юритади. “Сирдарё хабарлари”, “JURNALIST.UZ” расмий каналларида, “Янги Сирдарё”, “Ойдин йўл” газеталарида мунтазам равишда турли мавзудаги ўқишли мақолалари чоп этилмоқда.
    Дилором Исмадиёрова ибратли оила бекаси, уч нафар фарзанднинг онаси, 8 нафар набиранинг севикли бувижониси. Фарзандлари ўқимишли, ўзлари танлаган касблар бўйича етук мутахассис, боз устига, адиба насрда ҳам мунтазам ижод қилмоқда. “Сирдарёча тўй қиламиз”, “Сирдарёга қўниб ўтинг, дўстларим” номли китоблари чоп этилган. Самарали меҳнат фаолияти учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бундан ташқари, у ўтган йилларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг “Энг улуғ, энг азиз” танлови вилоят босқичи ва вилоят ҳокимлиги таъсис этган “Сирдарё зарқалами” танловида ҳам фахрли ўринларни қўлга киритган.
     Мана, яна бир мунаввар тонг отди. Қаҳрамонимиз уни фойдали режалар, яхши ниятлар билан бошлади. Ниятингиз ўзингизга йўлдош бўлсин! Сўз билан кўнгилни, тафаккурни уйғотаётган барча ҳамкасбларимиз қаламига сизнинг тимсолингизда ростгўйлик ва жасорат тилаймиз!

Холида ПАРДАБОЕВА,
Сирдарё вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар