Оила ва хотин-қизлар қўмитасида
ВАТАН МЕҲРИ ЮРАГИМДА
Халқимизда “Ватан остонадан бошланади” деган нақл бор. Бу тарбия масаласига ҳам таaллуқлидир. Қадимдан ота-онанинг зиммасида фарзандларини ҳар томонлама мукаммал қилиб камолга етказиш вазифаси турган. Оилада, айниқса, қиз болани улғайтириш, унга яхши фазилатлар ато этиш масаласига катта аҳамият берилган. Пазандалик, саранжом-саришталик, бичиш-тикиш, меҳмон кутиш, хушмуомалалик қизлар учун энг керакли бўлган жиҳатлар ҳисобланади.
Кўп асрлик тарихга эга халқ оғзаки ижоди қайси даврда юзага келганидан қатъий назар, уларда хотин-қизлар жамиятнинг асосий ҳаракатга келтирувчи кучи сифатида талқин этилади.
Тўмарис, Барчиной, Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор, Зулхумор, Ойдин, Ойчинор, Орзугул, Гулойим, Тавка ойим, Норгулой каби ўнлаб етук образлар ҳаёти, фаолияти, жасоратини асрлар давомида қизларимизга ўрнак қилиб кўрсатамиз.
Тарих — буюк мураббий. Ундан сабоқ олмоқ авлодлар учун ҳам шараф, ҳам юксак бурчдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қўшма мажлиси баёни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини 2023 йилда амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурининг 72-бандида таълим муассасаларининг ўқувчи қизлари ўртасида “Ватан меҳри юрагимда” кўрик-танловини ўтказиш вазифаси белгиланган.
Шунга асосан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорликда жорий йилнинг 14-15 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги ИНХА университетида Тўмарис издошларининг навбатдаги “Ватан меҳри юрагимда” кўрик-танловининг якуний – республика босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танловнинг ҳудудий босқичларида 10 тадан жамоа иштирок этиб, ғолиб бўлган 14 та жамоа республика босқичида қатнашди.
Икки кун давом этган кўрик-танловда жамоалар кучли тайёргарлик кўргани боис ғолибларни саралаш жараёни ҳакамлар учун анча мураккаб кечди. Танлов натижаларига кўра, биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси, иккинчи ўринни Тошкент вилояти ва учинчи ўринни Навоий вилоятидан келган қизлар эгаллашди.
Ғолибликни қўлга киритган мазкур жамоалар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан диплом ва сертификат, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бошқа иштирокчи жамоалар ҳам турли номинациялар бўйича меҳнатларига муносиб тарзда мукофотланди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ахборот хизмати