ЎЗБЕКНИНГ ОНАГУЛИ ЭДИ...
Энахон Сиддиқова. Бу номга ортиқча таъриф керак эмасдек – унинг ўзи бир машҳур достон, алоҳида бир гўзал тарих. Фарғонанинг юзи, ташриф қоғози, шаъни! Бу достонга, бу тарихга нуқта қўйилганига ҳали кўп бўлгани йўқ, лекин беназирлиги билинди. Бу йўқотиш оз эмас, кўп эмас, бутун Фарғонанинг елкасига тушди, оғирлик қилди. Бугун забардаст ижодкор, таниқли арбоб, оташин воиз, ватанпарвар шахс Энахон Сиддиқова сиймосига яқинроқдан назар ташлаш ниятида қўлга қалам олдик, илло, устозни муносиб тарзда ёд этмоқ бизнинг шогирдлик бурчимиздир.
Биз илк бор 2001 йилда вилоят уюшмасига насрдаги дастлабки машқларимни кўрсатиш учун излаб борганимда учрашган эдик. Устоз эндигина ҳокимият тизимидан уюшмага ишга ўтган пайтлари эди. Одатда, янги иш ўрнида раҳбарият яратиб берган шароитларга кўниб, тинчгина иш давом эттирилади.
Аммо бундай бўлмади, Энахон Сиддиқова биринчи қадамлариданоқ тизимни тубдан жонлантирди, орадан йил ўтар-ўтмас уюшмага алоҳида бино ажратилишига эришди. Бино жуда эски, уюшманинг ҳисоб рақами эса бўм-бўш, бу вайронани бутлашга каттагина маблағ керак бўлиши ойнадай равшан эди. Ҳар қандай муаммонинг ечимини ички имкониятлардан қидиришга ўрганган иродали раҳбар тезда чора топди: “Қалб садоси” номли адабий-бадиий газета ташкил қилди. Вилоят ижодкорларининг ўз нашри сифатида иш бошлаган газета барчага манзур бўлиб, қўлига қалам тутган фарғоналик борки, бу нашрга обуна бўлди, газетанинг адади орзу қиладиган даражада ошиб борди. Йиғилган маблағ ҳисобига бино капитал таъмирдан чиқарилди, атрофи ободонлаштирилди. Ҳовлидаги йигирма сотих ерда устознинг ўзлари бозорма-бозор юриб сотиб олган ноёб кўчатлар экилиб, чиройли боғ барпо этилди. Салгина вақт ўтиб ушбу боғ ҳам сархил мевалари ҳисобига вилоят уюшмасининг иқтисодий барқарорлигига ҳисса бўлиб қўшилди. Ташландиқ жой мўъжаз бўстонга, ижод аҳлининг севимли масканига айланди. Газета маҳаллий шоир ва ёзувчиларнинг минбари, адабий майдони бўлиб қолди.
Бу орада шаҳар ҳам ўз маромида ривожланиб борди-ю, устоз обод этган дилкушо маскан ўрнида катта йўл ўтиши режалаштирилди. Бизга марказдан, вилоят педагоглар малакасини ошириш институти биносининг бир четидан 4 хона ажратилди. Ҳолати абгор, ёнида 10 сотих қаровсиз ери билан... Энахон Сиддиқова яна шижоат билан ишга киришди: тузатди, таъмирлади, боғ яратди. Бир хонасида китоб савдосини йўлга қўйиб, тушган даромад эвазига кенг ва шинам қўшимча бино қурдирди. Ҳаммаси уюшма учун, ижод аҳли учун! Биз устозни таниган-билган йилларимиз давомида ҳамиша шундай бўлди – йўқдан бор қилиб, қадами етган жойни гуллатиб-яшнатди. Адабиётга енг шимариб хизмат қилиб, барчани фидокорликка чорлади.
Яна қанча сувлар оқиб ўтиб, уюшмамиз бинодан бинога кўчиб юриб, охири ватанли бўлди – 2018 йилда Марғилондаги “Ижодкорлар боғи” аталмиш муҳташам мажмуанинг қоқ ўртасида у орзу қилган, машаққат билан интилгани вилоят ёзувчи-шоирларининг биноси қад ростлади. Бир биноки, вилоят даражасида эртакнамо, бамисли бетакрор обида!
Шу даргоҳда бирга ишладик, адабий давралар жамладик, кўпгина ижодкорларнинг китобларини чоп эттирдик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Зомин” ёш ижодкорлар анжумани, “Дўрмон” ижод уйидаги семинарлар сингари анъанавий тадбирларидан ташқари, Энахон устознинг ташаббуслари билан доимо вилоятнинг ўзигагина хос бўлган йирик тадбирлар, танловлар ўтказилиб турарди. Фарғонага дахли бўлган бирон қаламкаш аждодимиз назарларидан четда қолмаган, аксинча, “иккинчи ҳаёт”и бошланиб, токчаларда қолиб кетган ғазалу қиссалари қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Бу ҳақда устоз билан йигирма йилдан зиёд елкама-елка ишлаган ҳисобчимиз Манзурахон Эргашева қуйидагича ҳикоя қилади:
– Энахон опа Ёзувчилар уюшмасидаги фаолиятини мутлақо холис мақсад – марҳум ижодкорлар хотирасини абадийлаштиришдан бошладилар. Ўзбек адабиётининг фарғоналик намояндалари Ҳувайдо, Муқимий, Чархий, Фурқат, Ҳазиний, Амирий, Увайсийларнинг таваллуд саналарини нишонлаш доирасида республика миқёсидаги юбилей кечаларини ҳам ташкиллашга киришди. Уларнинг туғилган жойларида учрашувлар, тантаналар уюштирди, уй-музейларини зийнатлади.
Ҳар бирининг ижоди алоҳида, юқори сифатли китоб ҳолида чоп этилди. Аждодлар хотирасига эҳтиром сифатида ташкилланган ушбу анжуманларга ҳар сафар мингдан зиёд адабиёт ихлосмандлари йиғилар, пойтахтдан ташриф буюрган атоқли устозлар иштирок этар, “Адабиёт байрами” номи билан Фарғонада хос анъанага айланган бундай тадбирларнинг бошидан охиригача ташкилотчиси ҳам, бошловчиси ҳам опанинг ўзлари бўларди.
Таъбир жоиз бўлса, опада илоҳий бир қувват бор эди. Тадбирлар икки-уч кунлаб давом этар, устоз меҳмонларнинг каттаю кичигига бирдек ҳурмат бажо келтирар, бизни ҳам шунга ўргатар эди. Биргина Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирадиган бўлсак, “Ижодкорлар боғи”га шоирнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилди, шу боғда мемориал музей ташкил этилди ва шоир номидаги ижод мактаби очилди. Сўлим масканда ҳар доим улуғ шоирнинг ўзи ўқиган шеърлари жаранг сочиб туради. Бундан ташқари, айни даврда пойтахтда ижод қилаётган фарғоналик таниқли ижодкорларнинг юбилей кечаларини ўтказиб, китобларини чоп эттиришни ҳам эсдан чиқармасдилар. Йиллар давомида опанинг ташаббуси билан шу йўналишда 80дан ортиқ йирик тўплам, китоблар чоп этилди. Адабиёт байрамлари туманларда юқори савияда ўтиши учун ҳам жонларини фидо қилиб ҳаракат қилардилар. Ҳар йили ҳазрат Алишер Навоий, мирзо Бобур таваллуд кунларида, она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунда танловлар эълон қилиб, ғолиблар тақдирланарди. Кимнидир чарчатиши мумкиндир, бироқ бу уринишлар устозга битмас-туганмас куч бағишларди. Қайсидир “Адабиёт байрами”да опанинг оёғи дарз кетиб, гипс қилинди. Ҳасса билан юриб бўлса-да, ўзлари бош-қош бўлиб, уч кечаю кундуз тинмади, байрам ҳар доимгидай юқори даражада ўтди. Борини ишига, одамларга бағишлади, ўзининг эса бирон-бир юбилейини, бирон ижодий кечасини дабдабали қилиб ўтказмади.
Дарҳақиқат, Энахон Сиддиқова ким учун катта шоир, ким учун сенатор бўлди, лекин биз – шогирд ва қадрдонлари учун улкан шижоат тимсоли эди!
Узоқ йиллар ёнма-ён ишладик, устоз бирон-бир ишни ўлда-жўлда қолдирмаганлар, қолдиришимизга йўл ҳам қўймасдилар. Арзимасгина ишларни ҳам диққат билан бажариб, бошқалардан ҳам шуни талаб қилардилар. Тонгда Тошкентдаги катта йиғинга кетиб, эртаси субҳи содиқда ишхонада ҳозирликлари, йирик тадбирларда икки-уч кунлаб тик оёқда туришлари...
“Мен эплолмайман” қабилидаги эътирозларни асло қабул қилмасдилар. Баъзан бўйимиздан баланд юкламалар ичида довдираб қолардик. Лекин ортга чекинишга йўл йўқ! Кучли одам атрофидагиларни ҳам шундай бўлишга мажбур этаркан. Биз устознинг ёнларида доим қудратли эдик. Ўн йиллар илгари “Қўлингиздан келади!” деб ташкил этганлари “Наср” тўгараги бардавом бўлиб, эндиликда ижод мактабида юритиб келаётганим бунга далил.
Устознинг иш кўлами мислсиз эди гўё: ҳужжат устига ҳужжат, режа устига режа, йўл устига йўл ва шунча иш устига келиб-кетувчиларнинг охири кўринмасди. Яна шунча иш орасида бири-биридан баланд, ранг-баранг асарлар чоп этилиб турди.
Ўзбекнинг деҳқон аёли, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротовага бағишланган “Барханларда унган гул” номли лиро-эпик достон ана шу айтганларимизга мисолдир.
Бу асарлар дашт кезиб ёзилди, оромдан кечиб қоғозга туширилди. Биз яхши таниймиз деб юрганимиз фермер аёлнинг ички олами, ботиний қиёфаси шундай тасвирлаб берилдики, бу муҳташам асар орқали Лола Муротовага абадий ҳайкал қўйилди!
“Кўнглим уфқлари”, “Сўз устидаги дунё”, “Она ҳақида қўшиқ” каби китоблари ҳам масъулиятли вазифаларидан мутлақо ташқарида, бедорлик ила ёзилганига гувоҳмиз. Кўпинча эрта тонгда ишга келиб, салом-алик асносида тунги соат бир ё иккигача ёзганлари, ёхуд қайсидир иш ҳужжатини ишлаб чиққанларини гапириб ўтардилар.
Китобларини ўқиб... биз салобатлари олдида сир босиб турганимиз Энахон опа нақадар дилбар шоира эканликларига қайта-қайта амин бўлардик.
Билишимизча, ҳар борада моҳирлик у кишига онамерос, отамерос фазилат. Бу ҳақда устознинг қизи, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби директори Нигора Маннопованинг соғинчли хотираларига қулоқ тутишимиз ўринли:
– Жўрахон энамнинг онамга бот-бот айтмишлари ёдимда: “Сен кўрган-билганларнинг авлодисан,назарингни тўқ қилгин, қизим”. Энамнинг эслашича, опоқилари олтиариқлик, давлат ишидаги кишилардан бўлган, оналари фойтунда юрган аслзода, отин ойимлар бўлишгани важидан сиёсат туфайли Тожикистонга сургун қилинган эканлар.
Онамнинг катта оналари Ҳадичабиби эл ичида тилга тушган шоира, мактабдор отинойи бўлиб, Халча отин номи билан машҳур бўлган экан. Ҳадичабиби ва Дадахонларнинг турмушидан етти гўдаклари турмагач, биби Яратгандан жонининг эвазига фарзанд сўрайди. Ва Жўрахон энам туғилиб яшаб қолади-ю, икки ёшга етганида оналари вафот этиб, етимлик кулфати бошига тушади. Эсимда, кичик жуссали энам икки ўрим сочлари рўмоли остидан тушиб, тинмай куймаланганча, “ким кўрибдир етимликнинг нонини, ҳаммадан хўрлик ёмон”, дея ҳазин сўзлаб юрардилар. Гўдак бошига уч ўгай онанинг тегирмон тоши юргизилган куюк юракнинг ҳасрати эди. Тақдир илоҳий ўзи каби кўнгли ўксик жуфт – Абдурашид бобомга юзлаштиради, фотиҳа ўқилади. Абдурашиджон ҳарбий хизматдан қайтишига ойлар қолганда, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, урушнинг олдинги сафларида хизмат қилади, яраланиб асирга тушади ва уруш тугагач, асирлар алмашинувида олти ой пиёда йўл босиб, Ватанга синган руҳ ва қоқ суяк бўлиб қайтади.
Турмуш қуришгач, фарзанд турмай, тўртинчи йилида онам туғиладилар. Ўша даврдаги машҳур Энахон раисга ҳавасмандлик билан исмини Энахон қўйишади. Онам ёшлигидан зийрак, тетик бўлганлар. Китобни қўлидан туширмаганидан энам бир гал жаҳл билан ўчоққа отиб юборсалар, ёниб турган ўт ичидан тортиб олган эканлар.
Мактабда фаол, аълочи ва жамоатчи бўлганлар.
Саккизинчи синф ўқувчиси боғча ошпази бўлиб ишлаган онасини ишдан бўшатишганда, керакли ташкилотларга чиқиб, ишига тиклаганини энам айтиб бергандилар. Бобом билан далада катталардек тенг ишлаб, оила таъминотига ёрдам берганлар. Фарғона давлат университетига ўқишга кириб, энг фаол талаба, депутат, шоира бўлиб танилади. Олтиариққа келин бўлган аммамнинг танловига кўра, 1977 йилда дадам билан турмуш қуришади. Дадам архитектор, онам шоира – икки ижодкор бир-бирларини тўлдириб, беш фарзанд кўришди.
Онам умрининг бошқа бир номи меҳнат эди. Жуда талабчан эдилар. Уй юмушларини бирга бажарарканмиз, баҳрибайтлар, мушоиралар, китобхонлик билан севимли машғулотга айлантирардилар. Уйда овозларини кўтармас, дадамдан кўра онамдан ҳайиқар ва биргина нигоҳларидан сўзсиз тушунардик. Қўллари шунчалар тотли эдики, нима пиширсалар лаззатли бўлар, ёзда қишга хилма-хил мураббо, тузламаларни тўлдириб ташлардилар. Помидор қоқили нонни яхши кўришар, дастурхонимизнинг доимий кўрки эди. Ҳамма нарсада табиийликни танлардилар: мева, сабзавотларни даво деб билар, дорихона, касалхонани, кўчада овқатланишни, сунъий матоларни хушламасдилар. Шунданми, аёл бўлиб бирор марта гўзаллик салонига бормаганлар, шунчаки ўзлари гўзал эдилар... Қимматбаҳо атир-упа, тақинчоқларга сира кўнгил бермаганлар.
Онам ўз зурриётларигагина эмас, кўпларга она эди, десам ҳақлиман. Эсимни танибманки, уйимизда яқин-узоқ қариндошларимизнинг фарзандлари ўқишга кирар, ишга жойланар, муаммоси ечилар, хонадонимиздан меҳмон узилмасди. Аввалига икки сулола, маҳалла, қишлоқ, туман халқ қабулхонасига айланган уйимиз сарҳади бора-бора вилоят, республика даражасига кенгайди. Мени доим жасорати, иродаси билан лол қолдирардилар. Тўрт қиз бир ўғилни олий маълумотли қилиб, эл хизматига қўшиб, қуда-анда кўриб, севимли буви бўлдилар.
Умрини эл-юрт хизматига бахшида қилди десам, кимларгадир эриш туюлар, лекин биз болалар фақат хасталикларида ёнларида бўлиб, меҳрларига, дийдорларига тўйиб олдик. “Яхшиям борсизлар, энди билдимки, энг катта бахтим сизлар экансизлар!” деб севиндилар ўша кунларда.
Мана, уч ойдирки, ҳар куни қўнғироқ, зиёрат, йўқловлар тинмайди! Мен онамнинг ҳамматанишларини биламан, деб ўйлагандим, йўқ мен билмаган, танимаганлар онам қилган яхшиликлари, ёрдамларини айтиб, миннатдорлик билдиришади.
Ҳақларига дуои фотиҳа, хатми Қуръон, Умра бадал зиёратини адо этишаётгани эзгуликнинг умри узун эканлигига ишора! Айрилиқ изтироби оғир бўлса-да, бахтлиман дея оламан, чунки мен Эзгулик ОНАсининг фарзандиман!
Устознинг беш фарзанди ҳам ана шундай сулолавий анъаналарга кўра маърифатнинг этагидан маҳкам тутган, эл хизматини ўз ҳаловатидан устун қўйган фидойи инсонлар. Қолаверса, юзлаб ёш шогирдлари орасида ҳам фарзандидан кам кўрмай қўлидан етаклаган йигит-қизлар талайгина. Устознинг шогирдпарварлик хислатлари унинг ҳақиқий издоши, ҳозирда зиммасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимини бошқаришдек улкан вазифа юклатилган Дилшода Эргашева мисолида янада аниқ намоён бўлади.
– Устознинг ҳузурларига дадам олиб келганларида саккизинчи синфда ўқир эдим, – деб ҳикоя қилади у. – Аввалига: “Шеърлари ҳақида бир нарса дейиш қийин...” деганлар. Дадамнинг қаттиқ илтимосидан кейин, “Майли, икки-уч ой кўрайлик-чи”, дея шогирдликка олганлар. Азбаройи қизиққанимдан тўгарак машғулоти йўқ кунлари ҳам ёнларига келаверардим. Орадан уч ой ўтиб, интилишим натижасини чамалаб кўрдилар ва мен билан жиддий шуғуллана бошладилар. Бир йил ўтиб-ўтмай, 2007 йилда Зомин семинарига олиб борганлар. Саҳнага чиқишимдан олдин дадил бўлиб, ҳамманинг эътиборини қозонишим шартлигини қайта-қайта тайинлаганлар. Бу анжуманда биринчи ўринни олганимдан сўнг 2008 йилда Республика ёшларининг “Келажак овози” танловида қатнашиб, ғолиб бўлдим. Олий ўқув юртига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Шу йили устоз илк китобимни ўзлари нашрга тайёрладилар, “Умид фаришталари” деган номни ҳам ўзлари қўйган.
Дадамга ҳамиша: “Тушунадиган одамга узатинг, истеъдоди ерда қолмасин”, деб таъкидлардилар.
2016 йил отам оламдан ўтгач, йиғлаб келганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Дардимни юракдан ҳис қилиб, таскин бердилар-у, кўп ўтмай ортимдан ўзлари уйимга бордилар. Қайнона-қайнотам билан келажагимиз ҳақида гаплашиб: “Қийналишса, ўзим ёрдам бераман, фақат шаҳарга кўчиб бориб яшашлари, ишлашларига рухсат беринглар”, деб туриб олганлар. Бундай кескин қарорни қабул қилиш на бизга, на катталаримизга осон бўлган.
Шундай қилиб, шаҳарга кўчиб келдик. Турмуш ўртоғимнинг ишини ҳам устознинг йўриқлари билан вилоятга ўтказишди, ўзимни уюшмага ишга олдилар. Катта дарёда оқа бошладим. Бу дарёнинг шиддати, шижоати, яратувчанлиги ва ҳаётбахшлиги – барчаси дарёдил устознинг меҳнати туфайли эди. Менинг тақдирим тимсолида вилоятимиз ёш ижодкорларининг умумий ривожланиш йўли акс этади десам, хато бўлмайди. Менга кўпчилик “Сиз устознинг ўзи туққан шогирдисиз”, дея муболаға қилишади. Энди ўйласам, бежиз эмас экан. Мен уларнинг энг кўп ёнида бўлган, энг кўп яхшилик кўрган шогирди эканман. Кўзларига қараб нима хоҳлаётганини илғаб олардим. Охирги пайтлар исмимни айтмай “болам” деб гапирадиган бўлиб қолгандилар... Тўй қилганимда эл-юрт олдида турмуш ўртоғимни, қайнона-қайнотамни чақириб ҳамма ютуқларимга улар сабабчи эканликларини айтиб, меҳмонлар олдида уларни алқагани ҳеч ёдимдан кетмайди.
Шогирд қизнинг дил сўзлари барчамизнинг юрак нидомизга ҳамоҳанг, аслида. Энахон устоз меҳнатларига яраша рағбатлантирилиб, “Эл-юрт ҳурмати” ҳамда “Дўстлик” орденлари билан мукофотланди, “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлдилар. Бир мақолада устознинг салобатини бор бўйи билан кўрсатиш амримаҳол.
Баҳоли қудрат уриниш якунида эса гул қалби, нафис ижоди манаман деб тургани ҳолда, устоз шоиранинг азамат шахсига чинор дея таъриф бергим келди. “Ахир, мен шамолга қад керган дарахт”, деб ёзганидек, бир умр Фарғонага қалқон бўлган бу забардаст, донишманд дарахт! Чинорнинг бўйи қулаганда билинади, дейди халқимиз. Мана, билиняпти...
Устоз 68 ёшида фоний дунёга эшик ёпдилар. Лекин табаррук хотираси ҳар биримизнинг қалбимизда мангу яшаб қолажак.
Гулчеҳра АСРОНОВА
ТАҲРИРИЯТДАН: Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқованинг “Саодат”га хизматлари катта бўлди. У шеърий туркумлари билан бирга долзарб мавзудаги мақолалари, табиий бўёқларга бой ҳикояларини ҳам бизга ҳамиша илиниб турарди.
Узоқ йиллар таҳририят жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида “Саодат”ни водий бўйлаб тарғибот қилди, мухлису муштарийларимиз даврасининг кенгайиши учун жонкуярлик қилди. Ходимларимизнинг қайбири Фарғонага борса, бирга юришга вақт топар, материалларни уюштиришга ёрдам берарди. У бизга садоқатли бўлганидай, биз ҳам уни жуда ҳурмат қилардик. Аллоҳнинг иродаси экан, анор донасидай қаторимизни ўртаб кетди: таскинимиз – изида ибратли ёдно малар қолди. Охиратлари обод бўлсин!