Долзарб мавзу 10.04.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

Мурожаатнома

Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир.
Шавкат Мирзиёев

ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИДА

Озода ПАРПИБОЕВА,
Оила ва хотин-қизлар
қўмитаси раиси

Мурожаатнома

     Меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимиз!
     Биламизки, мамлакатимизда она ва бола саломатлигини асраш, аҳолимизнинг генофондини соғлом асраш, оилаларда репродуктив саломатликни таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор масаладир.
Ўзбек халқи – болажон халқ. Ўзбекистонда азалдан оила ва боланинг қадри жуда баланд. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек халқи 300 мингдан ортиқ қаровсиз қолган болаларни иссиқ бағрига олганини эслашнинг ўзиёқ фикримизнинг рад этиб бўлмас далилидир.
     Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, гўдаклар ўлимининг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикада охирги 10 йил давомида чақалоқлар ва болалар ўлимлари сони ўртача 30 фоизга камайди.
     Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбари ҳар бир масалага, айниқса, инсон саломатлиги масаласига илмий ёндашиш зарурлигини таъкидлайдилар. Репродуктив ёшдаги аёллар, оилаларнинг ижтимоий, иқтисодий ва демографик ҳолатларини ўрганиш бўйича ўтказилган илмий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соғлом оилани бунёд этиш бутун жамоатчилигимиздан бир-бировга дахлдорлик туйғусининг барқарор бўлишини талаб этади. Яъни, бу масала бир-икки ташкилотнинг эмас, бутун жамоатчиликнинг вазифасидир.
     Азиз юртдошлар!
   Барчамиз бир-биримизга ота-она, фарзанд, эр-хотин, қайнона-келин ва бошқа ришталар билан боғланиб яшаймиз. Ким эканимиздан қатъий назар, қуйидагиларни чуқур англаб етишимиз, соғлом турмуш тарзи умуммиллий ҳаракатининг етакчи фаолига айланишимиз зарур!
    Биринчидан: маҳалла фаоллари, диний ташкилотлар, тиббиёт ходимлари, маънавият соҳаси вакиллари – барчамиз ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда ҳамжиҳатликда ишлайлик!
    Иккинчидан: эрта туғуруқлар, яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг, улар келтириб чиқарадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга қарши жамоатчилик фикрининг таъсирчанлигини кучайтириб, ҳал этувчи даражага олиб чиқайлик!
    Учинчидан: фарзандларимизга, айниқса, қизларимиз тафаккурига замонавий касб-ҳунар эгаллаш, олий маълумотли бўлиш муҳимлигини сингдирайлик! Қизлар таълими борасида Президентимиз яратиб бераётган мисли кўрилмаган имтиёзлар ва ислоҳотлардан унумли фойдаланайлик!
    Тўртинчидан: оилага тайёрлаш деганда нафақат қизларимиз, балки йигитларимизни ҳам оталикка тайёрлашга муҳим вазифа деб қарайлик. Уларнинг оиладаги иқтисодий барқарорликка жавобгарлигини ошириш доимий эътиборимизда бўлсин! Гендер тушунчасини тўғри тарғиб қилиш, айниқса, аёлга нисбатан зўравонликка қарши курашиш каби бири-биридан долзарб вазифаларни жамоатчилик ҳаракатига айлантирайлик! Шу ўринда йигит-қизларимизни вояга етказаётган азиз ота-оналаримизнинг ҳам бу борадаги масъулиятини янада оширайлик!
    Бешинчидан: хонадонларимиз, кўчаларимиз, маҳалламиз ҳудудларини тоза-озода сақлаш, турфа гуллар, райҳонлар ифори уфуриб турган гулзорга айлантириш каби қадрият даражасидаги одатларимизни кундалик ҳаёт тарзимизга айлантирайлик: “Бу ер – менинг Ватаним, мен унинг ҳар бир қаричини гўзал кўришни истайман”, тарзидаги ватанпарварлик руҳини ёш авлодга сингдиришда етакчи кучларга айланайлик!
    Азиз аёлларимиз, хусусан, қайнона бўлмиш опа-сингилларимиз!
   Оилада шундай бир маънавий муҳит яратайликки, унда миллат давомчисини дунёга келтирадиган аёлни парваришлаш, саломатлиги ва руҳий бардамлигини асраш ҳар бир оила аъзосининг маънавий ишига, бурчига, умумҳаракатига айлансин. Токи, оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлиб яшасинлар!
   Шунингдек, репродуктив хулқ-атвор бўйича йиллар давомида шаклланган анъанавий миллий стереотиплар, анъанавий тафаккур тарзимизни бугунги замон талабларига мослашга, илмий таҳлилларга уйғунлаштиришга ҳаракат қилайлик! Келинларимиз, қизларимиз, бутун оила аъзоларимизнинг репродуктив саломатлик қоидаларига амал қилиш, туғуруқлар оралиғини сақлаш, ҳимоя воситаларидан фойдаланиш бўйича кўникмаларини шакллантирайлик.
    Оиладаги эр кишилар ҳам она ва бола саломатлиги муҳимлигини, болаларнинг келажагини таъминлаш учун моддий ресурсларни мақбул тарзда тақсимлаш зарурлигини чуқур англаб етсинлар!
Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон аёлларига қарата, “Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз”, деган ғоятда пурмаъно фикрни таъкидладилар.
    Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофондининг мустаҳкамлиги давлатнинг катта бойлиги саналади. Шундай экан, қўлни қўлга бериб, ҳамжиҳатликда йиллар синовида сайқалланган мураббийлик фазилатларимизни ишга солиб, соғлом оила, соғлом она каби ҳаётий тушунчаларнинг амалиётга тўла кўчиши, кенг кўламда ишлаши, бир сўз билан айтганда, миллат генофондини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшайлик!

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар