КЎРАР КЎЗЛАРНИНГ НУРИ ИЛМДАНДИР
Ўқиб ўрганилган илм, изланиш, тажриба маҳорат билан мукаммаллашган илм, энг аввало, инсон тафаккурини юксалтиради. Яшаётган жамиятига онгли муносабатда бўлишни таъминлайди. Илмий тадқиқотлар, ихтиролар фақат шу йўлда изланаётган инсонгагина эмас, жамият тараққиётига хизмат қилади. Ҳатто шундай кашфиётлар борки, бутун бошли бир даврнинг аста-секинлик билан илгарилаётган йўлини батамом бошқа бир ўзанга буриб юборишга қодир бўлади. Шунинг учун жаҳон кўламида фаолият олиб бораётган нуфузли ташкилотлар илм аҳлига ўзгача эътибор билан ёндашади. Шу маънода БМТ Бош Ассамблеяси 2013 йил 20 декабрда “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар” тўғрисидаги резолюция қабул қилди. Ҳужжатда ушбу соҳада гендер тенгликни таъминлаш кафолати сифатида турли ёшдаги хотин-қизларнинг фан, техника, инновациялар ютуқларидан тўлақонли фойдаланиш имконияти эътироф этилди. Орадан икки йил ўтиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги ялпи мажлисида 11 феврални “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида эълон қилувчи резолюция қабул қилинди.
Шу муносабат билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 6-11 февраль кунлари илк маротаба республика бўйлаб ҳафталик эълон қилинди. Ҳафталик доирасида илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшган академик аёллар, таниқли олималар, турли йўналишларда изланишлар олиб бораётган ёш тадқиқотчилар билан суҳбатлар, учрашувлар ўтказилди. Кўрик-танловлар ташкил қилинди. Бундай тадбирларни ташкил қилишдан асосий мақсад шуки, тажрибаларини оммалаштириш, ютуқларини тарғибот қилиш, муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга ҳаракат қилиш. Опа- сингилларимиз тафаккуридаги маърифий имкониятларни юзага чиқариш, уларни янги марраларга ундаш, яратишга, бунёдкорликка рағбат бериш, илмий тадқиқотларни энди бошлаётган қизлар, айниқса, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларига алоҳида эътибор бериш ҳам ҳафталик воқеаларнинг марказида бўлди.
6-11 февраль оралиғида ташкил қилинган тадбирларнинг баъзиларига тўхталиб ўтамиз:
Илм-фан йўналиши бўйича “Ўзбекистон Қаҳрамони” шарафли унвонига муяссар бўлган ва дунё тамаддунига муносиб ҳиссасини қўшган ўзбекистонлик олималар ҳақида нашр қилинган 11 та рисола тақдимотлари бўлди.
Улар учун “Янги Ўзбекистон боғи”га, шунингдек, ҳудудлардаги музейлар, зиёратгоҳлар, театр, музейларга саёҳатлар уюштирилди;
Олимпиадаларда ғолиб ва совриндор бўлган хотин-қизлар, инновацион лойиҳа яратган ногиронлиги бор иқтидорли қизлар рағбатлантирилди;
Ижтимоий тармоқларда минглаб хотин-қизлар иштирокида “Менинг кашфиётларим Ватаним тараққиёти учун хизмат қилади”, “Юрт тараққиётига менинг ҳиссам”, “Олим сифатида менинг вазифам ва жамоатчилик хабардорлигини оширишга қўшган ҳиссам” мавзуларида 437 та флешмоб ва челленж ўтказилди;
Гендер тенгликни таъминлаш, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган 1858 та китоб ва рисолаларнинг тақдимотлари ўтказилди;
Умумтаълим мактабларининг ўқувчи қизлари орасида “Энг фаол ихтирочи ўқувчи қиз”, “Энг яхши мақола муаллифи”, “Энг яхши инновацион ғоя (лойиҳа) муаллифи” танловларини ўтказиш учун ҳаракат бошланди;
“Балли, қизлар” викторинаси ташкил қилинди;
IТ соҳаси бўйича хотин-қизлар саводхонлигини ошириш учун махсус курслар фаолиятига старт берилди.
Саналганлардан кўриниб турибдики, ҳар бир уюштирилган тадбир фан оламида заҳматлари билан танилган илм фахрийларининг қалбида “Бекор меҳнат қилмабман”, тарзидаги ўзидан қониқиш туйғусини уйғотади. Ёшлар эса кексаларга кўпчиликнинг кўз ўнгида кўрсатилган иззат-икромдан сўнг ўзи ихлос қўйган соҳага маҳкамроқ боғланади. Тадқиқотлари келажагига ишончи ортади. Албатта, бир мақолада мамлакат миқёсида ўз ўрнига эга бўлган ташкилотнинг ҳафта давомида амалга оширган ишларини батафсил ёритишнинг иложи йўқ. Лекин тақдим қилинган мухтасар маълумотларнинг ўзи ҳам бу қизғин жараённинг бор диққат-эътибори илм-фаннинг машаққатли йўлига тушган опа-сингилларимиз учун янги имконият майдонларини яратиш, ҳар бирига яқин бориб, қўллаб-қувватлашга қаратилганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.
13 февраль санасида Тошкент шаҳридаги INHA университетида ўтказилган “Жамиятда илм-фан, технологиялар ва инновацияларнинг барқарор ривожланишида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида халқаро форум тез-тез таъкидлаётганимиз ҳафталикнинг мазмундор якуни бўлди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева модераторлигида олиб борилган форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Солиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сора Нашади, Ҳиндистондаги Лакхнау Интеграл университети биоинженерия кафедраси мудири доктор Альвина Фаруки каби юртимиз ва хориждаги аёллар масаласига тегишли бўлган раҳбарлик лавозимидаги шахслар, илмий ишлари халқаро даражада эътироф қилинган олимлар, турли вазирлик, идора ва ташкилотлардан вакиллар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, “Қизларжон” клуби аъзолари, тадқиқотлар олиб бораётган толиби илмлар иштирок этишди. Қизиқарли маърузалар, баҳсларга бой мунозара ва музокаралар билан ўтган форумда ZООM платформаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари, олима ва тадқиқотчи аёллар иштирок этдилар.
Рақамли технологиялар соҳасида фаолият олиб бораётган ва ўқиётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва олий маълумотли аёллар, олималар сафини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар;
Микроалгларнинг биоактив таркибий қисмлари ва уларнинг соғлик учун фойдалари, хавфсизлиги, биотиббиётда қўлланилиш истиқболлари;
Имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий интеграция жараёнида нутқ билан боғлиқ компьютер дастурларининг зарурати.
“Қатрада қуёш акс этади”, деганларидай форумда сўзланган маърузаларнинг икки-учтасининг мавзусидаёқ бутун бошли анжуманнинг замон билан ҳамнафас, ҳамқадамлиги сезилиб турибди.
Илм ўрганиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли заҳмат. Аммо уни бошқаларга ўргатиш ёки амалиётга татбиқ қилиш битта олимнинг ўзи билан битмайди. Бунга ҳар бир соҳанинг мутасадди кишиларининг фаол кўмаги зарур бўлади. Халқаро аҳамиятга эга бўлган бу анжуманда маърузачилар айнан ана шу жиҳатга, яъни кашфиётлар ва амалиётлар уйғунлиги масаласига кўпроқ урғу беришди. Манфаатли кашфиётлар, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Анжуман якунланди, лекин жараён давом этди. Форум доирасида 10 та шўъба бўйича 200 дан зиёд илмий маърузалар келиб тушган эди. Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитасида ташкил қилинган секция мажлисларида мазкур маърузалар соҳа билимдонлари томонидан кенг муҳокама қилинди. Муҳокама пайтида ўртага ташланган ҳар бир фикр бундан кейин ҳам атрофлича ўрганилади, тегишли хулосалар чиқарилади.
Ҳаётимиз шиддатли равишда ўзгариб бормоқда. Инсоният эҳтиёжлари ҳам тобора ортмоқда. Бу янгиланишлар инсондан ҳар бир дақиқанинг қадрига етишни, ҳар бир сонияни мамлакат учун фойдали ишларга айлантиришни талаб этади. Баланд минбарлардан бошланиб, юксак доираларда давом этган, ҳар айтилган фикри амалиёт билан туташиб бораётган бу форум руҳи ҳали анча вақт илм аҳли учун янги марралар сари ундайдиган қимматли манба сифатида хизмат қилади.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА