Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида модалар уйи очилиши маросими ва "Миллий либослар" кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти туман, шаҳарларидан йигирмага яқин модельер, дизайнер ва тадбиркор хотин-қизлар муваффақиятли иштирок этди.
Уларнинг аксарияти Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ташкил этилган "Ўзбек миллий либосларига меҳр уйғотиш ва оммалаштириш, кийим ва кийиниш маданиятини юксалтириш" мавзусидаги ўқув семинарларида малака оширганлар. Малака ва кўникмалари янгича ёндашувларга йўл очгани тадбир давомида соҳадаги ютуқ сифатида эътироф этилди.
Куч-қуввати борлигида ўғил-қиз тарбиялаган, рўзғор юкини тортган аёллар, кун келиб, кексаликка бўй беришади. Фарзандлари уларга ғамхўрлик қилади, истакларини бажо қилиб, кўнглини топишга интилишади. Аммо жамиятнинг эътибори бошқача.
Наманган вилояти Учқўрғон туман маданият саройида ҳудуддаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи бувижонлар, хотин-қизлар фаоллари ва кекса онахонлар иштирокида "Бувижонлар мактаби" деб аталган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда республика Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакили Гулнора Йўлчиева, шунингдек, туман фаоллари, ёшлар иштирок этишди. Намойиш учун тайёрланган саҳна кўринишлари оилаларда соғлом муҳит яратиш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлардан асраш мақсадига хизмат қилади.
Бугун ҳам ҳаётий сабоқлари, ўгитлари билан атрофга намуна бўлаётган бувижонларга “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, унинг жойлардаги тизими олиб бораётган мақсадли ҳаракатлар аниқ таҳлиллар, манфаатли хулосаларда намоён бўлмоқда.
Нукус шаҳридаги “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғинида 5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улардан 106 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган. Яшаш шароитлари ўрганилган бирорта оила эътибордан четда қолмади. Жумладан, элликдан зиёд опа-сингилларимиз касб-ҳунарга ўқитилиб, иш бошлашлари учун уларга кредит ҳамда субсидиялар берилди. Кам таъминланган оилалар тураржойи таъмирланиб, яшаш шароити яхшиланди. Моддий кўмак берилган хотин-қизлар орасида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудий поликлиника филиали, 39-умумтаълим мактабининг қўшимча биноси, болалар майдончаси қуриб битказилди. Маҳалла фуқаролар йиғини биносида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Саҳифа Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси телеграм каналидан олинди.