АГАР ҚИЛМАДИ ЭЛ ҲИМОЯТ СЕНГА...

 

БОШ МУҲАРРИР МИНБАРИ

АГАР ҚИЛМАДИ ЭЛ ҲИМОЯТ СЕНГА...

   Ҳеч кимга, ҳеч нарсага ном бежиз қўйилмайди. Номлар, исмларга уларни танлаган инсонларнинг қалбидаги ниятлар, орзу-мақсадлар сингдирилади. Шу маънода мамлакатимиз раҳбарининг янги 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея ном беришида катта ҳикмат бор. Президентимиз Ўзбекистон ҳаётига, миллатимиз тақдирига ўзини жавобгар, масъул шахс, дея ҳисоблаган лаҳзадан бошлаб инсонга эътибор масаласини биринчи ўринга қўйди. Ўз вақтида миллатимиз шон-шарафи учун заҳмат чеккан кексаларни эъзозлаш, аёл, она зотининг қадрини улуғлаш, ёшлар иқтидорига кенг йўл очиш каби вазифаларга давлат сиёсати даражасида аҳамият берилди ва бу йўналишдаги ишлар йилдан-йилга такомиллашмоқда. Аслида Ўзбекистон номи, ўзбеклар номи фақат Марказий Осиё ҳудудида эмас, бутун дунё бўйлаб чуқур эҳтиром билан тилга олинаётганининг сабаби ҳам мана шу серқуёш юртда яшаб меҳнат қилаётган барча юртдошларимизга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик туйғулари билан чамбарчас боғлиқ.
   “Саҳрода атиргул кўкармайди”, дейди донишмандлар. Давлат сиёсати даражасига кўтарилган бундай жиҳатлар аслида она халқимизнинг фазилатларидан, фақат ўзигагина хос бўлган ҳаёт тарзидан куч олади. Мен ўзим камолга етган оилада, қондош-қариндошлар, қўни-қўшнилар орасида оқибатни, инсонийликни улуғловчи воқеаларга кўп бор дуч келганман.
   Отам ҳайдовчи, онам уй бекаси бўлган. Ўн тўрт фарзандни дунёга келтириб, иккисини ерга берган, ўн иккимизни эса бағрида улғайтирганлар. Бағри дарё онам, юраги дунё онам вазият тақозоси билан амакимнинг тўрт фарзандига ҳам оналик қилган. Ўн олти бола бир қозондан таомланардик. Икки тандир нон ёпса, бир кунга етарди. Тунда киримизни ювиб, тонгда кийдирарди. Онам косасига солинган гўштни ўн олти бўлакка бўлиб, бизга улашарди.
    Ҳаммамизнинг сочиғимизга ипак билан исмимизни тикиб қўяр, ҳатто чойшаблар четида ҳам исмимизнинг бош ҳарфи ёзилган бўларди. Ҳеч қачон қўлида бир тахлам пул ушламаган хокисор онам уй тўрига дадам учун тўшалган тўшакни жойнамоздек авайлар эди. Ҳеч биримиз онам қадр қилган ўша меҳробга қадам босмас эдик. Ярим тунда ишдан ҳориб қайтган отам ҳеч биримизни койимаган, овозини баландлатиб гапирмаган бўлса ҳам, дадамнинг номидан иш юритган онамнинг мўъжазгина мамлакатида ўрнатилган қонун-қоидаларга садоқат билан бўйсунардик.
   Ўйлайманки, инсонга эътибор тилларимиздан, дилларимиздан баланд минбарлар қадар кўтарилаётган бу муҳташам йилда волидам каби миллатимизнинг асл фазилатларига умр бағишлаётган инсонлар давраси кенгайгандан кенгаяди. Ахир, яхшилик тарқалувчан, ўсувчан ҳиссиёт эканлиги кўп бора синовдан ўтган ҳақиқат-ку!
    Анча йиллар илгари бир бемор қариндошим шаҳарга даволанишга келди. Бир куни уни йўқлаб, ортга қайтиш учун бекат томонга одимладим. Кекса арча тагида ўрта ёшлардаги аёл йиғлаб ўтирарди. Ёнидаги ўсмир йигитчага куйиниб, нималардир дер, меҳнатдан қорайиб қадоқ бўлган қўлларини очиб, гоҳ осмонга қараб нола қилар, гоҳ ер муштлаб бўзларди: “Вой, энанг ўлсин болам, мен ғарибга ёруғ кун йўқ экан, бу дарду балога йўлиққунча ўлиб қолганим яхшийди. Отасиз қолган болаларим энди менсиз қолса нима бўлади? Бир этак сағирларимнинг бошини ким силайди?..”
     Юрагим эзилиб, уларнинг ёнига бордим. Дарди дунёсини қоронғу қилиб ўтирган онаизор эски қадрдонини кўриб қолгандек, елкамга бош қўйиб йиғлай бошлади. Беш нафар боласи бор экан. Ёнидаги йигитчани тўнғичим, деб таништирди. Шифокор кўригида унга саратон ташхиси қўйилибди. Касалхонага жойлашиш учун моддий қийинчилиги борлигини эшитиб, юрагимга ғашлик тушди. Аёлни етаклаб юриб тиббий кўрикдан қайтадан ўтишига ёрдамлашдим. Уч кундан сўнг касалхонага жойлашди. Ўғли сарсон бўлиб юрмаслиги учун уйига қайтариб юбордик. Хасталик ҳали илдиз отиб улгурмаган, жарроҳлик йўли билан умрига умр қўшиш мумкинлигини беморга айтишганда жуда хурсанд бўлди. Қийин-қаттиқ кунида яқинлашиб қолганим шикаста кўнгилли аёл содда ва самимий эди. “Сиз, албатта, тузалиб кетасиз. Худо хоҳласа, юз ёшга кирасиз”, деган юпанчларимга жуда ишонарди. Қайта-қайта даволанишдан сўнг операция яхши ўтди. Ўша кунлардаги югур-югурларимни кўрсангиз. Тушлик пайтидан фойдаланиб касалхонага югураман, ҳеч кимга, ҳатто умр йўлдошимга ҳам айтмай икки манзил орасида беҳаловат эдим. Кимнингдир, “Эй, сенга нима, бегона бу тарзда жон чекканингни билармиди? Оиланг, ишхонангдагилардан беркитиб қилган ишинг хайрли бўлармиди?..” дейишидан чўчирдим. Оёққа туриб уйига қайтаётган аёл кўзида ёш билан шундай деди:
– Отам раҳматли иймонли, инсофли одам эди. Шу бедаво касалга чалиндим, деб ғамга ботиб юрган кунларим тушимга кирди: “Қизим, ким кетдик деса аравасига чиқиб кетавермагин. Бизга ҳам эш бўлма, эргашма. Бир этак бола берган Эгам уларнинг ғамини ҳам ейди. Тур ўрнингдан. Бу қора кунларингда ёрдамга қўл узатадиган бирор раҳмдил топилиб қолар, онанг билан дуодамиз”, – деди. Уйғонгач: “Менинг қора кунимга ярайдиган яқинларим ернинг тагида. Энди бу ҳаётдан умидим қолмади, ота. Болаларимга ачинаман. Кўзим юмилса, ҳамма азобдан қутулиб кетарман, гўдакларим нима қилади?” деб бўзлаб рангим сарғайди. Ҳовлимизда ўсган беш-олти туп анор мевасидан бошқа даромадимиз йўқ. Қилган яхшиликларингиз мендан қайтмаса, Худодан қайтсин. Умрингиз зиёда бўлсин, опа. Ўлмасам бир куни йўқлаб келаман. Қиёматда сизни опам, десам майлими?!
     Орадан уч-тўрт йил ўтди. Телефон орқали хабарлашиб турдик. Рақамлар ўзгаришида уни йўқотиб қўйдим. Шунча қадрдон бўлиб, аниқ манзилини сўрамаганимдан афсусда эдим. Аҳволи нима кечди экан, деган хаёл бот-бот мени безовта қиларди. Ёзувчилар уюшмасида ишлардим. Бир куни пастда кимдир йўқлаб келганини айтишди. Чиқдим. Нафиса эди. Туғишган опа-сингиллардек бағирлашдик, жиндай кўз ёши ҳам қилиб олдик. “Аноримиз бу йил серҳосил бўлди. Сизга илиниб олиб келдим, опа”, – деди, овозида шу қадар ихлос, самимият... Мен унга қўл узатдим...
     Меҳр-муҳаббат аталмиш бу беназир туйғу ҳақида ўйлаганимда, хотиралар қуюлиб келаверади.
    Июнь ойи. Тошкентда уч ойгина яшаган бўлсак ҳам соғинчимиз минг йиллик эди, гўё. Ота юртга бориб яқинлар, жигарлар билан дийдорлашгач, қадрдон ҳовлимизда қўним топдик. Ҳовлимиз жаннатдай баҳаво, фусункор эди. Қариндошу қўшнилар қаровида эрта баҳорда ерга уруғи қадалган жўхори, кўкка бўй чўзган ниҳолларнинг мевалари чумак уриб, кўзга ташланиб қолганди. Эндигина уч ёшга кирган кенжа қизим остона ҳатлаб, ҳовли томонга чопиб кетди. “Воййй- вуййй, бунча кўп чақалоқлар, менга чочи узууунидан кўпгина оберииинг, аяжон!” Сочлари селкиллаб турган маккажўхори сўталарини чақалоққа ўхшатганига ҳаммамиз кулиб юбордик. Уч-тўрт кун қишлоқнинг тоза ҳавосида мириқиб дам олгач, қайтишга чоғландик. “Мен машина топиб келгунча сизлар тайёр бўлиб туринглар”, деб чиқиб кетган дадаси пешинга яқин қайтди. Ток шохларига арғамчи боғлаб ясалган беланчакда “боласи”ни тебратиб ўйнаб ўтирган қизчам сояда ухлаб қолганди. Ҳаммамиз хайр-хўшлашиб йўлга чиқдик. Ҳали довон ошмай уйқусидан уйғонган кичкинтойим “болам қолди”, дея хархаша қила бошлади. Аввалига шунчаки инжиқлик деб ўйладик. Кейин овутиб бўлмагач, йўл бўйи ҳаммамизнинг хунобимиз ошди. Кеч оқшом тушганда уйга етиб бордик ҳамки овутиб бўлмади. Тунда ҳам, тонгда ҳам болам қолди, деб йиғлаб юрган қизчамнинг иссиғи чиқа бошлади. “Инга”лайдиган қўғирчоқ ҳам, кўзлари мунчоқ айиқча ҳам уни овута олмади. Ака-опаларига кўз-қулоқ бўлишини тайинлаб, мен “думбул бола” излаб чиқиб кетдим. Учинчи трамвайда ишга қатнаб юрган пайтларимда шаҳар четидаги ҳовлиларда ўсиб ётган маккажўхорига кўзим тушганди. Бозорлардан излаб тополмагач, ўша манзилни кўзлаб йўлга тушдим. Ҳартугул топдим. Ҳовли дарвозасига бориш йўлагидан анча айлана масофа борлиги учун ҳовли этагидаги пастак девор ёнига келиб овоз бердим. Бегона овоздан сергакланиб вовуллашга тушган ит кутилмаганда қўрғон деворининг нураган жойидан сакраб тушиб мен томонга югурди. Ҳаммаси бир нафасда юз берди. Қичқириғимдан югуриб чиққан уй эгаси, бир-икки йўловчилар...
     Оёғимдаги оғриқ азобидан бутун вужудим титрарди. Мени бағрига босиб узрхоҳлик қилаётган аёл уй эгаси экан. Уйидан (негадир)хамиртуруш олиб чиқиб шикастланган жойга боғлади. Дарвозаси ёнидаги тош супага ўтирдик. Меҳр билан юзларимни силаб, кўзига ёш олди.
– Қўрқиб кетибсиз-да, қизим. Рангингизда қон қолмабди. Қурғур кучукни занжиридан бўшаб кетганини билмабман. Қўрқманг, қутурмаган. Қопағон итнинг боласи-да, шунақа гажир бўларкан. Эрим оламдан ўтган, бўйига етган икки қизим, бир ўғилчам бор. Деворларим нураб ётибди. Балодан ҳазар, деб шу кучукни ҳовли этагига боғлаб қўйгандим. Мавжуда хола, деб чақирсангиз эшик очардим, қизим. Ғафлатда қолдим, кечиринг...
Ўша хокисор аёл онамга ўхшаб кетарди. Негадир елкасига бошимни қўйиб тўйиб-тўйиб йиғладим. Болам қолди, деб йиғлаб касал бўлиб қолган қизимни айтиб йиғладим. Марҳаматда катта ҳовлим борлигини, боғу роғим, ота-онам қолиб, бошимиз айланиб эру хотин шаҳарга келиб қолганимиздан айтиб йиғладим. Райҳон исини яхши кўришимни, сув сепилган тупроқ ифорини соғинишимни, анор гулини, пишганида ерга “тап” этиб тўкилган ўрик мевасини олиб ейишни соғинаётганимни айтиб йиғладим. Она-боладек дардлашдик, болам кутиб турганини айтиб хайрлашдим. Оқсоқланиб бир халта думбулни кўтариб уйга келганимда кун оға бошлаган эди. Девор томонга қараб гулқоғозни силаб ётган қизалоғимга: “Дилсорахон, "боланг"ни обкелдим”, дедим. У чаққонлик билан ўрнидан туриб қўлимдаги “болача”ларини бағрига босди. Ўпиб, эркалаб уларни овута бошлади: “Сизларни ташлаб келганимга хафа бўлдизми, опаааа, деб йиғладизмииии? Мен сизларни соғиниб кечқурун ухламадим. Энди ташлаб кетмийман. Бирга ухлаймиз...” Кўз ёшимни тиёлмасдим. Оёғимдан сизиб чиқаётган қон гўёки юрагим томонга қараб оқарди. Оғриқ азоби ҳам ўша томонда эди, хаёлимда...
    Кундалик турмушнинг бир бўлагидай кўринган бу воқеада мен меҳр-муҳаббатнинг жажжигина, аммо хотирага ўчмас бўлиб ўрнашган бир сувратини кўраман. Бу сувратлар қалбдан қалбларга кўчса, уларни “жажжи” деб бўлармикин? “Кичкина” деб баҳолаш тўғримикин? Асло.
    Модомики, гап мавзуси болаларга келиб туташар экан, йилимизнинг номидаги иккинчи қисми ҳақида ҳам сўз юритишни мақсадга мувофиқ биламиз.
    Геометрия, математика илмидан бохабар уста қурган иморатнинг пойдевори мустаҳкам, шифти қараган кўзни қувонтирадиган бўлади. Тарих илмини ўқиб, уққан киши илдизи бақувват дарахтга ўхшайди. Сабоқлари аниқ, фахру ғурурлари ишончли. Жуғрофия билимдонлари бир жойда ўтириб дунё кезади. Тил билганлар қўлида бир неча мамлакат эшигининг калитини тутади. Бир сўз билан айтганда, илмга қурилган дунё фаровонлик, тараққиёт дунёсидир. Президентимизнинг бу борадаги фикрлари бизга ана шундай хулоса беради.
     “...Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми?
    Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз.
    Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.
    Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек:

“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,
Билим бор жойда буюклик бўлади”.

    Зотан, одамийлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик сингари асл инсоний фазилатлар шаклланган жойда барака ва файз бўлади. Демак, халқимиз орасида яшаб келаётган азалий қадриятларга умрбоқийлик бериш баробарида инсонийлик, фарзанд тарбияси каби ўзига хос хусусиятлари ва унда юзага келаётган ўзгаришларни ўрганиш, муаммоларига ечим излаш ҳар бир зиёлининг асосий вазифасига, зарур бўлса, “йўл харитаси”га айланиши керак, десак муболаға бўлмас.
   Ҳар бир инсоннинг юрагида бўйидан баландроқ орзуси бор. Тўкин ҳаёт, оқил фарзандлар ўстириш, уларнинг роҳатини фароғатда кўриш нияти билан дуога қўл очамиз, тилаймиз, интиламиз. Лекин биламизки, бундай ҳаётга эришиш фақат орзулар қанотида амалга ошмайди. Таълим-тарбия жараёнини гўдаклик пайтидаёқ бошлашимиз, боғча тарбиячиси ёки мактабдаги бошланғич синф ўқитувчиси зиммасига юклаб қўйишдан йироқ бўлишимиз, ёмон иллатлардан ҳоли улғайиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамиятда ўз ўрнини топиши, оёққа туришига ёрдам беришимиз зарур.
    Бундай ишончли хулосага келишимизга, бир жиҳатдан, бизнинг яшаб келаётган йўлларимизда кўрган, эшитганларимизга ҳам боғлиқ, албатта.
     Мен “Ватан”, “Устоз” каби сўзлар билан сифатли таълим тушунчасини ёнма-ён қўйгим келади. Уларни бир-биридан узоқ, бир-биридан айро кўриш хатодек туюлади. Ахир устозлар жонкуяр, жоннисор бўлса, ота-онаси ишониб қўлига топширган ўғил-қизларга сифатли таълим берса, кун ўтиши учун ишламаса, Ватан ободлигига етмаймизми?!
     Ободлик, камолот йўли шарафли бўлса-да, осон юриладиган йўл эмас. Ҳали чекка-чекка қишлоқларимизда ўқувчилари қишда пальтоси билан ўтирадиган, иситиш тизимида муаммоли мактабларимиз бор. Бир синфда тирсаги тирсагига тегиб, бир партада учта ўқувчи сиқилишиб ўтирадиган синфхоналаримизга кўз юмолмаймиз. Олий маълумотли муаллимларга эҳтиёжи бор билим масканлари, айниқса, эркак ўқитувчиларнинг тарбиясига муҳтожлик сезиладиган мактабларимиз оз эмаслигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Эришганларимиз кўп: Президент мактаблари, ихтисослашган мактаблар, ижод мактаблари... Бу илгарилашнинг меваларини ҳам кўряпмиз: Бир битирувчимизнинг беш-олтита олийгоҳларга бир йўла кириши... Халқаро олимпиадалардаги ғолибликлар... Лекин, модомики, биз маррани баланд олаётган эканмиз, манзилларимизда Учинчи Ренессанс орзуси маёқдай порлаб турган экан, ҳозиргидан минг карра фидойироқ, минг карра ҳалолроқ, минг карра адолатлироқ бўлмоғимиз шарт. Қадр, меҳр, билим билан боғлиқ қувончлар, умидлар, орзуларга тўла битигимни шу нуқтада якунлар эканман, керагида чиройли ўйлайдиган, зарур пайтида гўзал амаллар билан ҳаётимизни зийнатлайдиган, энг муҳими, ҳар қандай вазиятдан ҳам ақл-идрок билан чиқиб кета оладиган донишманд халққа мансублигимдан чексиз суюнаман. Устоз шоирларимиз бундай ҳис-ҳаяжонга тўла дақиқаларга баъзан:
– Тўхта, шу сониялар билан бирга қолайлик! – дея хитоб қилади.
    Йўқ, мен шитоб кечаётган вақтга ҳам, яратувчи, бунёдкор халқимизга ҳам:
    “Тўхтамайлик, тинмайлик, зеро, иқбол ҳаракатда, бедорликда”, дегим келади.

Мунаввара УСМОНОВА

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар