Ватанга содиқлик – онадан
“ГЕНЕРАЛ” АЁЛ
Мўнисхон опа тонгни бедор қарши олди. Бугун кенжа қизи Дилдора Қашқадарёдан келади. Кеча телефонда гаплашганди. “Аяжон, куёвингиз таътилга чиқди, эртага водийга йўлга тушамиз”, деганди. “Масофа олис, тонг саҳар йўлга чиққан тақдирда ҳам кечга томон етиб келади”, хўрсинди она. Қизини қаттиқ соғинганини ҳис қилди. Дилдора кенжа қиз бўлгани учун онасининг пинжида катта бўлган. Яхшики, узоғингни яқин қиладиган, соғинчингга дармон бўладиган қўл телефони бор. Аммо дийдор ўрнини босмайди-да. Дилдорани ҳам яқинига турмушга берган. Турмуш ўртоғи Воҳиджон ҳарбий хизматчи бўлгани учун гоҳо Жиззах, гоҳо Самарқанд, гоҳо Қамаши деганларидек, юртимизнинг турли вилоятларида яшаб юришибди.
Учинчи қизи Дилоромхон ҳам умр йўлдоши Шуҳратжон билан Тошкентда истиқомат қилади. Онани эса фарзанд соғинчи қийнайди. Аслида, шу икки қизининг тақдири ўзига тортди. Ватан мудофаасида турадиган йигитларга турмушга чиқишди. Уларни ҳар соғинганида ота-онаси эсига тушаверади. Қизлари-ку ўз юртида, она маконида, юраги эзилганида бориб кўриши мумкин. У олис-олис ёт ўлкаларга кетганида дадаси билан онаси қанчалар бедор бўлди экан.
Шу аснода Мўнисхон опанинг хаёли ўзининг ёшлик даврларига, Инҳомиддин ака билан кечган ҳў ўша бегона юртлардаги ҳаётга боғланди. 1969 йил, Фарғона вилоятининг Бувайда туманига қарашли Бекмурод қишлоғи.
Ўн тўққиз ёшли Мўнисхон Венгрияда хизмат қилаётган Инҳомиддинга узатилди. Энг қизиғи, ёшлар унаштирилгандан кейингина бир-бирларини кўришди. Чунки куёв бўлмиш ўзга юртларда хизматда эди-да. Тўйдан сўнг қишлоқнинг содда қизини ўзга олам, ўзга тилда гаплашувчи миллатлар, заҳмат ва синовларга бой ҳарбий ҳаёт қарши олди.
Опа билан ўша дамларни биргаликда эсладик:
– Тақдир инъом этган ҳаётга кўникишим осон кечмаган. Венгриянинг Дьёр шаҳридаги ҳарбий қисм шаҳарчасида ўзимизга ўхшаган оилалар билан яшай бошладик. Бир хонали уй, учта оила учун битта газ ва ошхона. Қўшниларим бошқа миллатга мансуб бўлиб, бир-биримизнинг тилимизни тушунмаймиз. Аксига олиб, борганимизга кўп бўлмай, турмуш ўртоғим хизмат сафарига жўнаб кетди. Бир ҳафта уйдан эшикка чиқмай ўтирганман, – кулади опа. – Хўжайиним келган заҳоти: “Мени Ўзбекистонга олиб бориб қўйинг”, деб йиғлаганман. Тинчлантириб, шаҳарга айлантиргани олиб чиққани ёдимда.
Инсон истаса ва ҳаракат қилса ҳамма қийинчиликни енгиб ўтади. Кўп ўтмай уларнинг хизмат сафарига ҳам, ёлғиз қолишга ҳам кўникиб кетдим. Бир марта ёлғиз шаҳарга чиқиб адашиб қолдим. Ҳамма кўчалар бир-бирига ўхшаш, у ёққа бораман, бу ёққа бораман, келган йўлимни топа олмайман. Шунда велосипед миниб кетаётган кишини кўриб қолдим, либоси кўзимга ўтдай кўринди. Қувонганимни кўрсангиз эди. Орқасидан югурдим, бир амаллаб яшаётган шаҳарчамизни топиб келдим.
Қўшним Тамара менга тил ўрганишга ёрдам берди. Қўни-қўшнилар бир-биримизга таянч бўлиб яшадик. Озми-кўпми бир-биримизнинг тилимизни ўргандик. Тўнғич фарзандим Диёра ўша ерда туғилди. Унинг исмини турмуш ўртоғимнинг сафдошлари қўйишган. Хизмат қилаётган қисми Дьёр шаҳрида жойлашгани учун ўғил туғилса Диёрбек, қиз бўлса Диёра қўйинглар, дейишган экан.
1973 йили эса Венгриядан Россия томон йўлга отландик. Инҳомиддин ака Сибирнинг Тильмен вилояти Упорова туманига хизматга ўтказилди. У ерда боғчада тарбиячи бўлиб ишладим. Қаерда истиқомат қилмайлик, ўқишимни қолдирмадим, соҳам бўйича мактабларда фаолият юритдим…
Инҳомиддин ака мустақилликка қадар Фарғона вилоятининг Риштон, Бешариқ, Ўзбекистон туманларидаги мудофаа ишлари бўлимларида хизмат қилди. Мўнисхон опа ҳамма жойда, ҳар доим умр йўлдошига елкадош бўлди. Тўрт қизу бир ўғилнинг ота-онаси бўлишиб, хонадонлари намунали ҳарбий оила мақомига эришди.
Шубҳасизки, бундай оилаларда фарзанд тарбиясининг залвори онага тушади. Оқила умр йўлдоши, жонкуяр она, меҳрибон рафиқа бўлган Мўнисхон опа майор Тешабоевлар хонадонида вояга етган ўғил-қизларни элга манзур, юрт хизматидаги инсонлар бўлиб камолга етишида куну тун тинмади.
Ўғиллари Улуғбек ота изидан кетди. Москвада таҳсил олиб, олти йил давомида Тошкент ҳарбий қўмондонлик муҳандислик билим юртида фаолият юритди. Айни дамда Қуролли кучлар тизимидаги масъулиятли вазифада.
Қизлари Диёрахон, Дилоромхон, Дилдорахон она касбини танлашди – муаллим. Гулнорахон эса озиқ-овқат йўналишида иш юритувчи. Мевасидан мағзи ширин, деганларидек, ўн тўрт набира ва уч эвара бобо-бувисининг жону дили. Қувонарлиси, тўнғич набиралар нуфузли даргоҳларда таҳсил олмоқда. Улар орасида ҳарбий соҳани танлаганлар бор. Демак, касбга садоқат сулоланинг учинчи авлодида давом этмоқда. Эрта келиб бу ўғлоннинг ҳам Ватан таянчи бўлишига шубҳа йўқ.
– Фарзандлар тарбиясида ота-онанинг ўрни муҳим эканини ҳар қадамда ҳис қиламан, – дейди опа ота-оналари Ҳадябой ака ва Кўпайсин опа ҳақида сўз юритар экан. – Дадам Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси эди. Жанг пайти уч маротаба оғир яраланган. Она юртга омон қайтганининг ўзи бахтли тасодиф бўлган. Фронтдан қайтгач, мактабда узоқ йиллар ўқитувчилик қилган. Тўғрилик, ҳалоллик, меҳру оқибат, элпарвар бўлиш, юртга сидқидилдан хизмат қилиш каби инсоний хислатлар бизга ота-онадан мерос.
Менинг яна бир бахтим зиёли хонадонга келин бўлганимдир. Қайнотам Тешабой ака, қайнонам Зуҳрахон опа элда ўрни бор, олти фарзандни улғайтириб юрт хизматига камарбаста қилган меҳнаткаш ва доно инсонлар бўлишган. Қайнотам узоқ йиллар масъулиятли вазифаларда хизмат қилган. Қайнонам тўрт ўғилу икки қизни соғлом улғайтириб, касб-корли бўлишлари учун тиним билмаган фидойи ва куюнчак волидалардан эди. Мен ҳар икки ота-онадан ҳам фарзандлар тарбиясида, ҳаёт синовларини енгишда кўп нарса ўргандим...
Оиланинг уч нафар куёви ҳам шарафли соҳа вакиллари бўлишган. Мўнисхон опа Муродова каби гўзал ва садоқатли намунали оила бекалари ҳам сулолада талайгина. Шундай экан, сўзимиз якунини фидойи оналарга бағишланган мисралар билан тугаллашни лозим топдик:
Қаноатнинг қатларида унган чечаксиз,
Сабрларда сайқалланган бебаҳо малак.
Ёвқурлардек ўғлонларга ёрсиз – тиргаксиз,
Шу сабаб ҳам шаънингиздир ой қадар юксак.
Зулфия ЮНУСОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.