ОРЗУЛАРИ УШАЛГАН ҚИЗЛАР

ИМТИЁЗ, ИМКОН, ТААССУРОТЛАР...

ОРЗУЛАРИ УШАЛГАН ҚИЗЛАР

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилди. Хусусан:
– Давлат ОТМларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади;
– ОТМ, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тизими жорий этилди.
     Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан республикадаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида ҳамда қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талаба хотин-қизларга берилиши белгиланди.
     2020 йилдан бошлаб, кам таъминланган оилалардаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилди.
     Шу кунга қадар қарийб 7 мингга яқин хотин-қизлар давлат гранти асосида олий таълим муассаcасига ўқишга қабул қилинди. Қуйида бу йил имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган хотин-қизларнинг таассуротларини тингладик:
Мадинабону Азизуллаева,
Андижон вилояти:
– Биз оилада тўрт фарзандмиз. Дадам мавсумий ишчи, онам бир корхонада ишлайди. Кам таъминланган оила, деб имтиёз беришди. Булоқбошидаги 5-умумтаълим мактабида ўқиганман. Бу йил иккинчи уринишим. Андижон давлат университетининг биология факультети талабаси бўлдим. Қанчалар қувонганимни таърифлаб беролмайман. Насиб қилса, хонадонимни “Кам таъминланган оила”, деган унча ҳам ёқимли бўлмаган таърифдан олиб чиқиб кетаман. Бизни қўллаганлар, менга ишонинг!
Шаҳризода Жалилова,
Бухоро вилояти:
– Онам мен ўқишга кирган кундан бери қувонганидан йиғлайди. Ёмон яшамасдик. 6 яшар укам ўтган йили бехосдан йиқилиб, оғир касал бўлиб қолди. Ўн кун ҳушсиз ётди. Онам касалхонама-касалхона югурди. Яқинда бош миясини операция қилдирдик. Дадам иложсиз қолиб, Россияга ишга кетган. 149,2 балл билан Ўзбекистон Миллий университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Онам ўтирсалар ҳам, турсалар ҳам: "Имтиёз иш берди, қизим, шундай имкониятларни яратиб, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймаганларга минг раҳмат", деяптилар. Менинг ўқишга қабул қилинишим бир йилдан буён оғир кунларни бошидан кечираётган оилам учун бир ёруғлик, енгиллик бўлди.
Рухсора Жўраева,
Сурхондарё вилояти:
– Термиз шаҳрида яшаймиз. Ўтган йили шароитимиздан келиб чиқиб, ўқишга ҳужжат ҳам топшира олмаган эдим. Онамда ногиронлик борлиги учун имтиёз берилди. Ўзбекистон давлат хореография академиясига қабул қилиндим. Акам Россияда ўқийди. Менинг 155 балл ва имтиёз билан грантга ўтишим дадажоним учун катта ёрдам бўлди. Орзуйим ушалди. Мутахассислик бўйича хореографик жамоа раҳбари бўлиб етишаман. Оддий оиланинг қизи ва хореография академияси... Ўйласам, ердан осмон қадар юқорилаб кетгандайман. Миннатдорлигим сўзга сиғмайди.
Муборак Сувонқулова,
Самарқанд вилояти:
– Каттақўрғон туманидаги Манғиттон қишлоғида яшаймиз. Келажакда илм йўлидан бориб, олима бўлмоқчиман. Отажоним мавсумий иш билан рўзғор боқади. Онам уй бекаси. Оилада тўрт қиз, бир ўғилмиз. 147,7 балл олдим. Интернетдан: "Ўзбекистон Миллий университетига қабул қилиндингиз", деган хабарни ўқишим билан, тарих ўқитувчимиз Шерали Жўраевга суюнчилагани югурдим. Мени ўқишга тайёрлаган эдилар-да... Сўқмоқдан катта йўлга бирдан чиқиб қолган одамнинг кайфиятини кўрганмисиз? Менда шундай кайфият. Ўзимни ҳамма яхшиликка қодирдай сезяпман. Президентимиз бизга ота ўз қизларига қиладиган яхшиликларни қиляпти. Биз ҳам фарзанд меҳри билан жавоб қиламиз.
Фотима Санжар қизи,
Тошкент шаҳри:
– Бутун оиламиз билан натижалар чиқишини кутдик. Учаламиз ҳам (эгизаклар) ўқишга кирганимизни билгач, суюнганимизни кўрсангиз. Мен Шарқшунослик университетига, Заҳро ва Зуҳра Жаҳон тиллари университетига кирдик. Онамиз ҳар куни бир неча марта: “Тақдирларингга шундай замонни ёзибди, пешоналарингдан ўргилай”, деб такрорлайди. Дадам бўлса: – Фақат “аъло” баҳога ўқишга ваъда беринглар. Бу – сизларнинг Президентимиз, ҳукуматимизнинг қилган яхшилигига муносиб жавобингиз бўлади, – деб таъкидлайдилар. Ўзимизнинг ҳам орзуйимиз – шу. Яхши ўқиб, касбларни аъло даражада эгаллаб, бизга билдирилган ишончни оқлаш.
Чарос Алимқулова,
Жиззах вилояти:
– Отам – оддий ишчи. Онам тиббиёт ходими бўлиб ишлайди. Опам ҳам тиббиёт институтида ўқийди. Ота-онам ҳар иккимизга шартнома пулини тўлашга қийналган бўлишарди. 185 балл билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига кирдим. Атрофингда сени қўллайдиган одамлар борлиги, сенга хайрихоҳ жамиятда яшаётганинг бахтинг бўларкан. Мен шу бахтнинг қадрини тобора яхшироқ ҳис қиляпман.
Нилуфар Абдуллаева,
Сирдарё вилояти:
– Йиқилган курашга тўймайди, деганларидай, 13 йил уринибман ўқишга киришга. Орада “МЕДТЕХНИКА ГУЛИСТОН” МЧЖда кадрлар билан ишлаш бўлимида ишладим. Турмушга чиқдим. Икки ўғилли бўлдик. Турмуш ўртоғим тиббиёт кластерида фаолият олиб боради. ижтимоий тармоқларда беш йиллик иш стажига эга бўлган хотин-қизларга олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилаётганини ўқиб қолдиму ҳаракатни бошладим. Кириш имтиҳонларида 97, 8 балл йиғиб, 5 йил меҳнат стажига эга бўлганим учун Тошкент давлат юридик университетига қабул қилиндим. Шу кунги севинчимни айтиб адо қилолмайман. Ўша куниёқ Президентимиз номларига раҳматнома ёзиб, электрон тарзда жўнатдим. Юрагим тўла миннатдорлик. Қанийди, учрашиб қолиш насиб этсаю, ўзларига айтсам...
Агажан Маметкаева,
Қорақалпоғистон Республикаси:
– Ўтган йили олган имтиёзли тавсияномам асосида бу йил Бухоро давлат университетига кирдим. Беш йиллик иш стажи бор хотин-қизларга уч йил муддатга берилар экан имтиёз. Неча йиллардан буён Тахиатош туманидаги нуронийлар санаторийсида ишлаб келар эдим. Олий маълумотли бўлишни орзу қилардим. Миллатим – туркман. Оилам, уч фарзандим бор. Агар шу имтиёз бўлмаганда ўқиёлмасдим. Жуда-жуда хурсандман. Эрта бир кун болаларим онам “олий маълумотли”, дейди. Ахир бу фахр-ку!
Рухшона Муроталиева,
Тошкент вилояти:
– Мен Бекободдаги Қўрғон маҳалласиданман. Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш иши йўналишига имтиёзли тавсиянома асосида ўқишга кирдим. 136, 3 балл йиғибман. Биринчи уринишим эди. Шу тавсияномани беришмаганида ўқишга киролмаган бўлар эдим. Орзуйим ушалганидан жудаям хурсандман. Бизга шароит яратганларга жуда кўп раҳматларимни айтмоқчиман. Оддий Рухшоналигимда рўпарамдан бепарво ўтиб кетганлар ҳам “Талаба Рухшона” бўлганимдан сўнг табассум билан қарашяпти. “Қаторга кирдинг”, дегани шу бўлса керак-да.
Мумтозбегим Неъматжонова,
Наманган вилояти:
– Энг одил судья бўламан. Чунки мен Тошкент давлат юридик университетининг жиноий одил судлов факультетига кирдим. Бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Гўё ҳамма мен билан баравар қувонаётгандек, ҳамма менга қўшилиб раҳмат айтаётгандек. Агар шу имтиёз бўлмаганида бошқа вилоятга, бошқа ўқишга кириб қолар эдим. Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун берилган тавсиянома асосий белгилаган институтимга грант асосида киришимга кўмак берди. Икки йил тайёрланганим ҳам бекор кетмади, албатта. Мендан катта опам Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг 2-курсида ўқийди. Отам устачилик қилади, онам фаррош. Оиламиздаги фарзандларнинг ҳаммаси олий маълумот олиш истагидамиз.
Малика Худоёрова,
Қашқадарё вилояти:
– 2016 йилда дадам онкологик касаллик билан дунёдан ўтганларидан кейин шифокор бўлишни дилимга тугдим. Ўтган йили Самарқанд давлат тиббиёт университетига шартнома асосида кирдим. Уйда тикувчилик қилиб, рўзғор тебратиб келаётган онажонимни қийнагим келмади. Ўтган йили ҳам беришганди имтиёз. Бу йил беришмаса-чи, деб қўрққандик. Йўқ, мени яна қўллашди. 158, 1 балл билан Тошкент тиббиёт академиясига қабул қилиндим. Ўқияпман. Суяйдиган давлатинг бор бўлсин экан...
Лола Аҳмедова,
Фарғона вилояти:
– Ҳечдан кўра кеч, дейдилар. 18 йиллик иш стажим бор эди. Энди ўқишга кириб нима қилардинг, дегувчилар ҳам бўлди. Маҳаллада хотин-қизлар фаоли бўлиб ишлайман. Билимим яхши, тажрибам бор. Лекин олий маълумотли эмаслигим кўп жойда панд бераверди. Ўрта махсус маълумотли фаол хотин-қизларни олий маълумотли қилиш учун ажратилган имтиёз билан ҳужжат топширдим. Вилоят бўйича 50 ўринга 200 одам тўғри келди. Омадим келди. Мана, Фарғона давлат университетининг талабаси бўлдим. Сиртдан ўқийман. Жуда хурсандман.
Феруза Сабриева,
Навоий вилояти:
– Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва қўмитанинг Зарафшон шаҳар масъули Мафтуна опага каттадан-катта раҳмат айтмоқчиман. Дадам уч йил олдин бошқа аёлга уйланиб кетган. Онам уй бекаси. Опам Навоий давлат педагогика институтида ўқийди. Телеграм каналлардан кам таъминланган оилаларнинг қизлари учун ўқиш имконияти борлигини билиб, Мафтуна опага мурожаат қилдим. Талабларга тўғри келганим учун кам таъминланганлар рўйхатига киритди ва тавсиянома олишимда ёрдам берди. Жудаям қўрққандим киролмай қоламан, деб. 180, 3 балл олдим. Кириш бали эса 183 дан юқори. Яхшиям, имтиёз ажратишган экан. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига кирдим. Онам бизга шундай имкон берганларнинг ҳаммасини тинмай дуо қиляптилар.
Малоҳат Бобожонова,
Хоразм вилояти:
– 45 ёшда ўқишга кирдим. Мактабни битирганимдан буён ҳар йили киришга ҳужжат топширганман, омадим келмаган. Онам 5 қизни ёлғиз боши билан катта қилган. Ўзимнинг уч фарзандим бор. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг сиртқи бўлимига 67, 3 балл билан грантга кирдим. Мен аёллар номидан хотин-қизларнинг олий ўқув юртларига киришлари учун берилган имтиёзлар учун Президентимизга, ҳукуматимизга, Оила ва хотин-қизлар қўмитасига чин юракдан раҳмат, демоқчиман. “Бу юртда ҳеч ким эътибордан четда эмас”, деган кўп айтиладиган гапнинг маъносини энди яхшироқ англаяпман. Фақат ўзимнинг эмас, болаларимнинг ҳам тақдирида янги саҳифа очилди. Ўзимдан ҳам кўпроқ улар учун суюнаман.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар