Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен

 

БУЮК СИЙМОЛАР БАРҲАЁТ

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен

     14 февраль ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Бу ҳақда суҳбат қургани Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида яратилган “Бобур” видеофильмида бош ролни маҳорат билан ижро этган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ҳузурига йўл оламан. Суҳбатимизнинг асосий мавзуси Бобур ҳазратлари ва унинг атрофидаги маликаларга бўлган муносабат ҳақида кечди. Қутлуғ Нигорхоним фарзандининг ёнида мардонавор туриб, жангу жадалларда бирга бўлди, Хонзодабегим эса укасини асраб қолиш учун хатарли йўлдан қайтмади, Моҳимбегимнинг садоқати ва вафодорлигининг таърифига сўз йўқ. Бобур Мирзонинг суюкли қизи Гулбаданбегим катта меҳр билан отаси ҳақида китоблар ёзди. Бу аёлларнинг ҳар бири катта қудратга эга танти, жўмард аёллар эдилар.

– Муҳаммадали ака, видеофильмдаги ҳар бир манзара катта маҳорат билан тасвир этилган. Айниқса, рамазон кунларида Бобур ҳазратларининг саҳарлик пайтида онаси, аёли ва қизлари, ўғиллари билан бир дастурхон атрофида кўтаринки кайфиятда ўтиришлари, ҳазил-ҳузуллари томошабинда ёқимли таассурот уйғотади. Бобур ҳазратларининг нафақат ўғиллари, балки қизларининг илм олишларига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашлари жудаям ибратлидир.
– Гапингизда жон бор. Келинг, олдин ўтган кунларга назар ташлайлик. Собиқ Шўролар юртида, 1990 йилларнинг бошларида сиёсий жараёнлар, ўзгаришлар кетаётган эди. Таниқли режиссёр Мақсуд Юнусов зийрак ва зукко ижодкор бўлганлиги учун тарихий қаҳрамонларимиз ҳақида ёритиш пайти келганлигини чуқур ҳис этган ва шу тариқа катта меҳнатлар эвазига мазкур видеофильм яратилди. 1990 йили 20 декабрдан то 30 декабргача телевидениеда “Бобур” видеофильми намойиш этилди. Мазкур видеофильм мустақиллик сари бошланган биринчи қадамлардан бири бўлди, десам муболаға бўлмайди. Халқимиз миллий қаҳрамонларимизни жуда соғиниб қолишган экан. Видеофильмда бир қанча аёллар образлари ҳам борки, томошабинлар улар ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлдилар. Бобур Мирзонинг онаси, аҳли аёли, қизларига нисбатан муомала маданияти, уларни авайлаб, ардоқлаши, ҳурмат-эътибори таҳсинга сазовордир. Опаси Хонзодабегимга нисбатан эҳтиромини эсланг. Саройда бирга улғайишган, илм ўрганишган, чавандозлик, қиличбозлик, риёзиёт ва бошқа фанлардан сабоқлар олишган. Бобур Мирзо қамал пайтида Самарқандни ташлаб чиқиб кетаётганида Хонзодабегим ўзи истамаган тақдирга кўниб, укасини қутқариш учун душман томонга ўтади. Бобур Мирзо ўшанда ёш эди.
     Опасининг нега бундай мардлик қилганини тушунмасди. “Сиз азоб-уқубатдан қочиб, ҳузур-ҳаловатингизни ўйлаяпсиз, қолманг, сизни олиб кетаман”, дейди опасига.
     Хонзодабегим айтганида қатъий туриб олади ва укаси ундан қаттиқ хафа бўлади. Малика укасининг жонини тарих учун сақлаб қолди. Агар у шундай иш тутмаганида, Бобур Мирзо шу даражага етармиди? Асло! Буюк Бобурийлар империяси бўлмас эди. Бобур буни орадан анча йиллар ўтгандан сўнг тушуниб етади ва опасини соғиниб, изтироблар ичида яшайди. Маълум вақт ўтиб, Эрон шоҳи Шайбонийхонни енггач, Хонзодабегимни катта ҳурмат-иззат билан Бобур ҳазратларининг ҳузурига, Деҳлига йўллайди. Бобур Мирзо опаси яқин қолганида икки отнинг жиловидан ушлаб, пиёда юриб, минг ҳаяжонлар ичида қадрдонига пешвоз чиқади ва узр сўрайди.
     Бу аёлнинг мардлиги, туғишганлари учун қилган фидойилиги неча асрлар ўтдики, тилдан тушмайди. Хонзодабегим Бобур Мирзонинг вафотидан кейин Ҳумоюн Мирзонинг энг яқин маслаҳатгўйи, меҳрибон аммаси сифатида руҳан қийналган пайтларида ёнида турди.
– Асардаги Қутлуғ Нигорхоним ақлли, эътиқоди мустаҳкам, китобхон аёл бўлган. Сизнинг ҳаётингизда онангизнинг қандай ўрни бор? “Муҳаммадали Абдуқундузов” бўлиб танилишингизда хонадонингиз тарбиячисининг дуолари, мақсад сари йўналтириши Қутлуғ Нигорхонимдан кам бўлмагандир?
– Видеофильмда Қутлуғ Нигорхоним ролини ниҳоятда катта истеъдод эгаси, Ўзбекистон халқ артисти, Наманган театри актрисаси (раҳматли) Турсуной Мамедова ижро этганлар. Қутлуғ Нигорхоним ҳақиқатан ҳам ўқимишли, оқила аёл бўлган. У Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилган. Волидаи муҳтарамам ҳақида гапирадиган бўлсам, исмлари Бувинисохон эди. Онамнинг онаси эрта оламдан ўтгач, отаси уйланади ва ўгай она зуғуми остида эзилиб вояга етган. Кейинчалик холасининг қўлида тарбия топади. Онам 8-синфни тамомлаган.
     У даврларда таълим олишга сира имконият бўлмаган. Биз фарзандларига: “Мактабда аъло баҳоларга ўқинглар, ўқитувчи, шифокорларни кўряпсизларми, яхши кийинишади, яхши яшашади, қўлларида ҳамиша маблағи бор, сизлар ҳам кўп китоб ўқисаларинг, тўкин яшайсизлар”, деб насиҳат қилардилар ва бунга шароит яратиб берган. Шундай ўгитларни эшитиб вояга етганимиздан сўнг, албатта, китобга меҳр қўйишга, мактабда аъло баҳоларга ўқишга қизиқиш уйғонган.
     Бири малика, бири эса – менинг онам, оддий қишлоқ аёли. Лекин ҳар иккаласи ҳам Она! Ҳар иккаласи ҳам тарбиячи ва мақсадлари бир хил.
– Бобур ҳазратларининг севимли рафиқаси Моҳимбегимга аталган ғазаллари ҳам бор. Умри жангу жадаллар ичида ўтган шоҳ билан яшаш, унинг ғам-андуҳларига елкадош бўлиш, дардига дармон бўлиш Моҳимбегим учун осон кечмагандир?
– Сиз айтгандек, Моҳимбегим Бобур Мирзонинг энг севимли рафиқаси, дўсти. "Менда икки қутб бор, бири совуқ, бири эса иссиқ. Саройда бўлганимда совуқ қутбнинг ичида бўламан, сизнинг ҳузурингизга келганимда эса иссиқ қутбга қайтгандек бўламан”, дейди Бобур ҳазратлари севимли аёлига.
     Ҳар бир эру хотиннинг ўртасида бўлганидек, уларнинг ўртасида ҳам тортишувлар бўлган ва бу ўринда Бобур Мирзо аёлининг талабларига нисбатан қатъиятлилик билан йўл тутади. “Нега Ҳумоюнни оғир жангларга юборасиз, – дея нолийди Моҳимбегим. – Бошқа ўғилларингизни ҳам юборсангиз бўлмайдими?” Шунда Бобур ҳазратлари: “Ҳумоюн – тахт вориси, жангда у менинг ёнимда туриши керак, халқ буни кўрсин, халқ уни ўрганиши керак”, – деб жавоб беради.
     Жангга кетаётиб, Аграга ҳокимлик қилишни Моҳимбегимга топширганида, “Мен амалга қизиқмаймен”, – дея жавоб беради у. “Мен амалга қизиқмаган одамга амал бераман, келгунимча Аграга ҳокимлик қилинг”, – деб буйруқ бериб жангга йўл олади.
– Бобур Мирзо уни заҳарлаган ҳинд маликаси Байдани тушунди, кечирди ва қатл эттирмади. Ҳазрат руҳиятидаги катта шафқат, меҳр-муҳаббат туйғусининг кучлилиги одамни ҳайратга солади. Яна бир жиҳати фарзандидан айрилган онанинг фарёдини ҳис қилди-да, тўғрими?
– Эсингизда бўлса, фарзандидан айрилган малика Байда аламзада бўлса-да, Бобур Мирзони табриклагани саройга келади ва таъзим қилаётганида, “Сиз онасиз, сиз подшоҳлар олдида ҳам таъзим қилмасликка ҳақлисиз!” деб ҳинд маликасини ўрнидан турғазади. Ана, онага бўлган эҳтиром! Ҳиндларга яқин бўлиш учун ошхонасига ҳинд ошпазларини ишга олади ва малика Байда буйруғи билан заҳарланади. Саройдагилар малика Байданинг қатл қилинишини, танасининг бурдалаб ташланишини сўрашади.
     Лекин Бобур ҳазратлари уни тирик қолдиришни афзал кўради.
     “Ҳар йили фуқаролар урушида юртингизда миллионлаб одамлар ўлиб кетишарди, ўғлингиз қилолмаган ишларни биз қиламиз.
     Ободончилик, чорвачилик, боғдорчилик ишлари гуллаб-яшнайди.
     Буларнинг ҳаммасини сиз кўришингиз керак”, – дейди маликага. Ҳатто, маликанинг мол-мулкига тегмайди.
– Севимли журналимиз “Саодат” муштарийларига тилакларингиз?
– Ҳар бир буюк шахснинг ортида кучли аёл бор, деган гап бежизга айтилмаган экан-да, бу гапларда катта ҳикмат бор. Агар аёл оқила, вафоли, садоқатли бўлса, унинг турмуш ўртоғи ҳам, албатта, бахтли бўлади. Эр ҳар қандай ҳолатда бўлса-да, унга кўмакдош, сирдош бўлса, бундай оилада бахт қўним топади. Аёлларимизнинг, қизларимизнинг кўп мутолаа қилишларини, улуғ оналаримиз ҳақидаги ҳикояларни кўпроқ ўқишларини истардим. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мушрикларнинг азобларидан, нодонликларидан толиққанларида Ойиша онамизга: “Яхшиям, сен бор экансан, сенинг ҳузурингда ҳаловат топаман”, деган эканлар. Бибихонимни эсланг, Соҳибқирон танг ҳолатда қолганларида керакли ва ақлли тавсияларни берганлар. Ҳозир суҳбатда тилга олганларимиз Қутлуғ Нигорхоним, Хонзодабегим ва Моҳимбегимларнинг тақдир йўллари осон кечдими? Жангу жадаллар кетаётган таҳликали кунларда айрилиқда яшадилар, иккита рамазон ойини бир жойда кутиб ололмаётган Бобур Мирзонинг ёнида турдилар, дуода бўлдилар. Аёл дунёга бахтли бўлиш учун келади ва у бунга ҳақлидир.
– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар