АЭРОПОРТДА ТУҒИЛГАН ЧАҚАЛОҚ

ЭСДА ҚОЛГАН ЯНГИ ЙИЛ


АЭРОПОРТДА ТУҒИЛГАН ЧАҚАЛОҚ


      Бухоро шаҳар “Бахт” кўчасида туғилганман. Тақдир экан, 22 йилдан бери Москвада яшайман. Домодедово аэропортига қарашли “борт егуликлари” фабрика-ошхонасида бош кондитер бўлиб ишлайман. Иш фаолиятимни идиш-товоқ ювишдан бошлаганман. Аллоҳ менинг ризқимни юртимдан, Ватаним, яқинларимдан узоқда берган экан. Нимаям дейман, берганига шукур! Лекин ҳар йили Янги йил байрамини Ўзбекистонда, ота уйимда кутиб олишга ҳаракат қиламан. “Саодат” журналининг доимий мухлисиман. Журнал сайтига кириб ўқиш бошқа, қўлда ушлаб саҳифаларини ҳидлаб ўқиган бошқа, деб яқинларим келса китоб ва журнал олиб келишларини илтимос қиламан. Мен “Эсда қолган янги йил” лойиҳангизга бошимдан ўтган бир воқеани ёзиб юборяпман.
       2015 йилнинг 31 декабрь куни соат эрталабки 845 да юртимга учишим керак эди. Рўйхатдан ўтиб паспорт назоратига кетаётганимда сал нарида букчайиб қорнини ушлаб, зўрға қадам ташлаётган йигирма ёшлар атрофидаги бир аёлга кўзим тушди. Сўраш ноқулай, аммо нигоҳларимиз тўқнашганда унинг ранги бўздек оқариб кетганини, бир дард уни қийнаётганини ҳис этдим. Унга: "Ёрдам керак бўлса тортинмай айтинг", дедим табассум қилиб. У ҳам менга жилмайди. Лекин кўзи тўла ёш, жилмайиши ҳам аллақандай аянчли эди. Менга яқин бўлгани учун қўлидан сумкаси ва елим пакетни олдим.
– Мазангиз бўлмаяптими? Исмингиз нима?
– Наргиза. Ҳиии... Бироз...Кўнглим айнияпти, – инграниб зўрға жавоб берди.
         Ҳомиладор келинчакка кўпчилик тўпланган жойда турли атиру тер ҳиди ёқмаётган бўлса керак-да, деб ўйладим. Аммо Наргизанинг оғриғи кучайиб, қадам ташлашга ҳам ҳоли қолмади. Қўлтиғидан тутиб унга ёрдам беришга уринардим. Яшил йўлакчада турибмиз, ҳамма шошган. Тор йўлакчани банд қилиб бир жойда туриб қолиш ҳам яхши эмас, бир амаллаб уни назорат шохобчасига олиб бордим.
– Сиз самолётда уча олишингизга кўзингиз етадими? Балки, медпунктга кириб чиқармиз?
Наргиза саволимни эшитган бўлса ҳам тушунмади. Кўзларини катта-катта очиб, қорнини ушлаб додлаб юборди.        Унда тўлғоқ бошланганди.
– Илтимос, ёрдам беринг. Ўриндиқларгача олиб борайлик синглимизни, ораларингда дўхтир борми? – дедим баланд овозда. Бутун вужудимни қалтироқ тутди. Тўлғоқ азобига чидай олмай додлаётган жувонга қараб ҳам ваҳмим, ҳам раҳмим келарди.
      Наргизани ўриндиққа ўтқазиб ҳам бўлмади.
      Бақир-чақирларимизни эшитиб атрофимизда уч-тўрт аэропорт ходимлари тўпланди. “Тез ёрдам” чақирилди. Аёл шўрлик менга маҳкам осилиб олган: “Ҳали эрта эди, энди етти ойлик бўлганди, опажон, бу биринчи фарзандим, менга ёрдам беринг”, дея ёлворади нуқул. Шарфимни ерга тўшаб Наргизани ётқиздим. Аёл халқи бунақа дамда тез бирлашар экан. Дарҳол жонли девор ҳосил қилиб атрофимизни ўрашди. Ўн дақиқага ҳам бормади, бола туғилди. Нимжонгина, заифгина... Ҳатто “инга”лашга ҳам ҳоли йўқ, базўр овози чиқарди. Яқин-йироқдан бизни кузатиб турганлар қарсак чалиб юборишди. Унгача аэропорт шифокорлари ҳам келиб қолди. Зарур муолажалар қилиниб, йўргакладик. Қўлимда миттигина чақалоқни олиб ўтирибману йиғлайман. Гўдагига кўзи тушиб дарди ариган келинчак жилмайиб кўз ёшларимни артишга ҳаракат қилади. Шу топда самолётга чиқишим кераклиги хаёлимда ҳам йўқ.
– Опажон, самолётга кечикасиз, – беҳолгина хаста товушда эслатди Наргиза. Шоша-пиша соатга қарадим. Ҳали ўттиз етти дақиқа бор.
– Москвада киминг бор? Мен қолиб сени дўхтирга жойлайми, тўғрисини айтавер! Бегона аёлни “сен”лашга ўтганимдан ўзим ҳам ҳайрон эдим.
– Эрим шу ерда ишлайди. Уч-тўрт кунга айлангани келгандим. Ҳали эрта, уйга етиб оларман, деб йўлга тушгандим. Оғриқни шунчаки, деб ўйлабман. Опам, поччам ҳам бор. Ҳозир сим қоқсам етиб келишади, хавотир олманг, халоскорим, – дея Наргиза йиғламсираб елкамга бошини қўйди.
“Тез ёрдам” ҳам келиб қолди. Наргиза билан рақам алмашиб уни кузатгач, самолёт учишига ўн саккиз дақиқа қолганини кўриб югурдим. Енгил эдим. Қушдек учардим, гўё. Устимдаги қалин пўстиним, қўлимдаги сафар халтаси йўқдай. Кўзлари қоп-қора, лабчасини чўччайтириб менга термилиб турган чақалоқни яна бағримга босгим, тўйиб-тўйиб ўпгим келарди.
      Улгурдим. Уч дақиқа қолганда кириб бордим. Ердан кўтарилаётган самолёт сингари кўнглим ҳам осмонга қадар кўтарилиб борар, ўз-ўзимдан атрофга жилмайиб қарардим. Янги йилдан кейин Москвага келиб Наргизага қўнғироқ қилдим.
– Онабибиси, (Бухорода доялик қилганни она қаторида эъзоз қилиб Онабиби дейишади) келинг, биз сизни кутяпмиз, – деди у қувониб.
       Умрияхон қизимиз ҳозир саккиз ёшга киради. Ҳар янги йилда бир-биримизни қутлашни, йўқлашни унутмаймиз. ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН, АЗИЗЛАР!

Зилола НИЁЗОВА (ЛЕЙЛА),
Москва шаҳри

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар