Мунаввара УСМОНОВА
Эй қалдирғоч, қайга шошасан,
Чуғурлайсан, недан хафасан?
Айвонига ин солган қушни
Кутган элни қайдан топасан?
Инингдан хас тушса авайлаб,
Ўз ўрнига қўяди жойлаб.
Полапони учишин пойлаб
Турган элни қайдан топасан?
Бу бир элки, бағри кенг – ҳотам,
Етти ўлчаб ташлайди қадам,
Бўйласа ҳам дил уйига ғам,
Кулган элни қайдан топасан?
Келмай қолса уйига меҳмон,
Жони ҳалак, югурар ҳар ён,
Қуш сайраса, тунда туриб нон
Ёпган элни қайдан топасан?
Ўнта бўлса – ўрни бўлак, деб,
Бир кун бўлар менга тиргак, деб,
Эл тинчига ўғлон керак, деб
Туққан элни қайдан топасан?
Баҳор келса элни сўроқлаб,
Омонлик деб, уйини оқлаб,
Бир чечакни кўзига йиғлаб
Суртган элни қайдан топасан?
Ҳол сўрасанг, нон тутар деҳқон,
Сўзламаган умрида ёлғон.
Ер киндигин узарга имкон
Топган элни қайдан топасан?
Ҳар болага – биттадан макон,
Меҳнат қилиб топар бахт ва шон.
Ўзи терак экиб, ўзи том
Ёпган элни қайдан топасан?
Қузғунга ҳам қўймайди тузоқ,
Бир хатосин ўйлайди узоқ,
Қўшни ўтса, қирқ кунлаб чироқ
Ёққан элни қайдан топасан?
Эй қалдирғоч, шошқалоқ санам,
Кетма, қорлар ёғса нима ғам,
Қуш инига тунда ёқиб шам
Тутган элни қайдан топасан?
Бундай элни қайдан топасан...