ШЕЪРИЯТ
БАХТГА ХАТ ЙЎЛЛАДИК
Жиззах шаҳрининг гуллар билан оройиш топган майдонларининг бирида халқимизнинг эъзозли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкаллари қад тиклаган. Бири ёшлик қиёфаси, иккинчиси ўша қиёфаю қалбга умрбод садоқат сақлаган бу сиймолар рўбарўсида улар номидаги ижод мактаби фаолият юритади. Илм масканида айни кунда 194 нафар адабиёт ихлосмандлари таълим-тарбия олмоқда.
Қуйида катта адабиётимизга ёруғ орзулар билан қадам ташлаётган умидли ёшлар ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
Фарангиз Абдусаломова,
10-синф ўқувчиси
ДЕНГИЗ...
Баъзида хаёллар олиб кетади,
Мен жондан севганим денгиз ёнига.
Қалбга туйғуларни солиб кетади,
Мени чулғаб олар соҳил домига.
Денгизга айланар қароғим балки,
Куйлатар тўлқиндан таралган садо
Юраккинам уриб тураркан токи,
Денгизим, ўзингсан дардимга даво.
Эҳ-ҳе, сени дея кечдим нелардан,
Ғамлар унутилар сенга етган он.
Сени қизғанмадим айтгин, кимлардан,
Малҳамсан қалбимга ҳар лаҳза, ҳар он.
Узоққа термулиб ўйладим бугун,
Берилиб қандайдир таърифсиз ҳисга...
Ўзи денгиз ўйи қайлардан келган,
Дарёларни ҳеч ҳам кўрмаган қизга?..
Хаёлда денгизга яқинлашдимки,
Қизиқиб у мени айлади сўроқ:
– Ўзи сен кимсан-ей, англадимми ё –
Қалби денгизларга ошиқ қизалоқ?
Ҳа, ҳа... Адашмадинг, ахир мен ўша,
Ўзича ердаю самода тенгсиз!
Сира адашмадинг, ахир мен ўша,
Соҳилини топа олмаган денгиз!
Насиба Бошмонова,
11-синф ўқувчиси
ЯШАСАНГ...
Яшасанг андуҳдан ташқари,
Ичкари қалбингда гулласа.
Бегона бўлсайди ғам бари,
Дўстинг – ул бахтга ха йўлласанг.
Яшасанг ҳаётнинг авжида,
О, тақдир очди деб толейим.
Ғалати ҳисларнинг рақсида,
Ғалаён қилмасдан турсанг жим...
Яшасанг аламли ранглардан
Йироқда; фироқда қолмасанг.
Аросат қоришган жангларда
Бўлмасанг.
Яшасанг, яшнасанг хотиржам,
Армон не эканин билмасанг.
Қувонч ва ишончлар бўлса жам,
Озорни назарга илмасанг.
Яшасанг шеърларнинг сатҳида,
Шодликни мадҳ этиб толмасанг.
Дардлардан қутулсанг, кулсанг ва
Ўлмасанг...
Яшасанг..!
Маржона Абдуқаҳҳорова,
9 –“Б” синф ўқувчиси
Юрак
Эшит, тингламасанг бўлмайди,
Қулоқ тутгин сўзимга, юрак.
Гўзал кунлар сенга келмайди,
Сен уларга боришинг керак!!!
Кутаверма, тураверма жим,
Қара, узоқ машаққатли йўл.
Осон бахтга эришибди ким?
Бу ҳаётнинг синовлари мўл.
Ёмонликни кўрмайин раво,
Сўзим бирдир яхши-ёмонга.
Туғёнларга излаб бир даво,
Йўл оляпман юрак томонга.
Бежиз умид гули унмайди,
“Юр, бахт сари борамиз, юрак”.
Гўзал кунлар сенга келмайди,
Сен уларга боришинг керак!!!
Покиза Эркинова,
8-"А" ўқувчиси
Лолақизғалдоқ
(Муҳаммад Юсуфнинг “Лолақизғалдоқ”
шеърига назира)
Сабрим чидолмади, тоқатим ўлди,
Энди менга сабр керакдир кўпроқ.
Умр поёними, бағрим қон бўлди,
Бошим айланмоқда, хаёлим ўтроқ.
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
Илҳом парисисан сен шеърим учун,
Лекин ёзолмадим қўлимда титроқ.
Энди билмоқдаман ёлғизлик кучин.
Менга уйим узоқ, яқинроқ тупроқ.
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
Энди менинг умрим тугаган замон,
Келақолгин гулим, дунёга бир боқ.
Яхши инсон кўпми, ё ёмон инсон,
Кимнинг фикри ёмон, кимнинг дили оқ.
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
Менинг даракчимдир кўкда турналар,
Уларни кўрмайин ўтаман, бироқ
Онамни асрагин, бағри тирналар,
Ўйламасин "Энди ўғлим ҳам йироқ" .
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
"Дадажоним қани?" деганда қизим,
"Даданг ишда" дея унга кулиб боқ.
Унинг олдида ҳеч кўз ёшинг тизим –
Бўлмасин илтимос, ғамларга қўл қоқ.
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
Мана чанқаб қолдим, бу недан дарак,
Майли, бу ҳолимдан бўлмагин огоҳ.
Лекин мен кетсам ҳам ишонгин, бешак,
Руҳим келиб турар уйимга гоҳ-гоҳ.
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
Қабримнинг устини безагин ўзинг,
Сенга мендан қолар бир нишон – байроқ
Лек мени эсласанг ёшлама кўзинг.
Қабримнинг тупроғи кўнглингдай юмшоқ.
“Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!”
Севинч Абдазова,
11-синф ўқувчиси
Февраль
Қишлоқда бодомлар кўз очиб бўлган,
Кечикиб уйғотар бунда саҳарни.
Рангсиз туманларда тентирар февраль,
Юраги энтикиб кетар шаҳарнинг.
Симёғочлар қулаб омон чиққан ел,
Ернинг остларидан мудраган гуллар
Сен менинг энг олис осмонимга кел,
Менинг осмонимда энг пок кулгулар.
Тоғлар эшитмайди бу ердан энди,
Шеърларим ичимга тўкаверар дард.
Сенинг кўзларингдан отилиб чиқар,
Менинг юрагимга сингаётган март.
Қишлоқда бодомлар кўз очиб бўлган,
Оқликка кўмилиб кетди тушларим.
Қайдан келаётир нафасим – оғир,
Кўзимдан нурларни терган қушларим.
Қишлоқда бодомлар кўз очиб бўлди...
Зарифа Мардиева,
10-синф ўқувчиси
КУЙЛА
Сенинг давринг келди, куйги юрагим,
Куйла жўшқинлигинг тараннум этиб.
Куйингдан гул-чечак ўйинга тушсин,
Барча ғамлар кетсин тез унутилиб.
Таҳсинлар айтсинлар, чалсин олқишлар,
Атрофга қарагин, яқин баҳор ҳам.
Очилган илк чечак фақат сен бўлгин,
Сендан безак олсин, ҳаттоки олам.
Лекин унутмаки, гул бўлар хазон,
Сен ҳам тўхтагайсан ўшандай бир ҳол.
Тангрининг измида экан қисматинг,
Хазон чоғи келмай, ростни куйлаб ол.