НАЗМ
Ўзимни бир бора суйиб яшайин
Ҳалима Аҳмедова 1960 йилда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа тумани Пўлат қишлоғида туғилган. Шоиранинг “Кўзимнинг тили”, “Тунги марварид гуллар”, “Эрк даричаси”, “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси”, “Нигоҳ қибласи”, “Шафақ ибодати”, “Ёсуман гулининг сояси”, “Ташбеҳ”, “Яшил” номли кўплаб китоблари чоп этилган.
ЙЎЛГА ТУШДИМ
Йўлга тушдим яна болалигимнинг
Беғубор ошёни - қишлоққа қараб.
Ҳар неки кўзимга гўзал кўринар,
Мажнунтоллар турар сочини тараб.
Шаббода пуркайди боғлар атрини,
Кўнгилдан чинқириб тўкилади ғам.
Ғижжак навосидай дилкаш туюлар,
Кексаликнинг эзма ҳансираши ҳам.
Йўлга тушдим тинглаб гўзал шеър янглиғ,
Ё Аллоҳ, каломин бокира баргдан.
Янги қўшиқ излар хонанда қушлар
Дарёни соғинган булутлар билан.
Карахтман ҳавога ботиб оёғим,
Кўзимга тиқилар яшил булутлар.
Ёдимга чизилган нақшни уйғотди,
Бобом хиргойисин такрорлаб тутлар.
Қишлоғим йўлининг чангидан ҳатто,
Таралиб кетади мушки анбарлар.
Эски қадрдондай чирмашиб олар,
Ўргилар бошимдан товоним қадар.
Елкалари чўккан ҳовлига кириб,
Она, деб ҳайқирдим паришон, алфоз.
Кимсасиз бўм-бўшлик аро тўрт томон,
Она, деб жаранглаб берарди овоз.
Айвонда униққан рўмолин кўриб,
Онам йўқлигини англадим бирдан.
Ва қабристон сари кетдим телбаҳол,
Онамни кўришга ялпизлар билан.
Йўлга тушдим яна...
эргашма, қайғу,
Тушкунликдан чиқай чиққандай ғордан.
Ўтган кунларимни териб олай ман,
Худо қараб турган бу майсазордан.
Йўлга тушдим яна...
***
Ҳар лаҳза нафасинг сўзимга келди,
Баҳорнинг қарғиши кўзимга келди.
Хазонни эркалаб юпатган эдим,
Ёраб, унинг ранги юзимга келди.
Кимга аччиқ айтдим, кимни йиғлатдим,
Бугун ўша аччиқ тузимга келди.
Гоҳ дилни яширдим гуноҳ ичига,
Ювиб бўлмас доғлар изимга келди
Чорласанг боришга тайёр эдим ман,
Ҳақ, сенинг жимлигинг розимга келди.
Оёғинг остида синдим ва синдим,
Кўнглим синиқлари кўзимга келди.
Ҳар лаҳза нафасинг сўзимга келди.
***
Она, сенга яна кузни келтирдим,
Боғларда ғарқ пишган олмаранг фироқ.
Не қилай юрак деб музни келтирдим,
Ва яна чанг босган минг йиллик чарчоқ.
Бу қандай соғинч жоним тўзғитган,
Сени деб умримни узсам бўларди.
Ҳеч қурса қалбингда жавдираб турган-
Маъсум ишқ каби ўссам бўларди.
Ҳиссизман, қаровсиз боғ аро қолган,
Қушлар талаб кетган бир бош узумдай.
Турибман қабрингнинг бошида музтар,
Ўлим тилидаги музлаган сўздай.
Кўксимга чизиқлар тортади бесас,
Дунёдан чарчаган мезон еллари.
Она, нега чил-чил синиб боряпман,
Қайғу оёқ қўйган музлоқ сингари.
Сенга кўп нарсани айтмоқчи эдим,
Бўғзимни кўз ёшим бўғмоқда бироқ.
Қабрингнинг тошига тикиламан жим,
Кўнглимда ғарқ пишган олмаранг фироқ.
***
Ҳижроннинг номаси ишқдир,
Умр вайронаси ишқдир,
Жоннинг ҳангомаси ишқдир,
Ман ундан қоча билмасман.
Сочим оқ, қўлда титроғим,
Сарғайиб кетди сўроғим.
Тугарми рақси қайроғим?
Ман ундан қоча билмасман.
Юсуф эмасмиди порсо,
Бир ўзимга минг Зулайҳо,
Бу не ғавғо, бу не жазо,
Ман ундан қоча билмасман.
Ёр исми лабга келгайдир,
Азоби қалбга келгайдир,
Соғинч талабга келгайдир,
Ман ундан қоча билмасман.
Қонимни куйдирма, гулхан,
Бу не базм, не анжуман,
Ишқ қурди кўксимга ватан,
Ман ундан қоча билмасман.
Сен шаҳаншоҳу сен ғани,
Ичказиб май каби ғамни.
Нетарсан маст Ҳалимани,
Ман ундан қоча билмасман.
МУНОЖОТ
Эй дард, кўзларимга солмагин парда,
Мен ёнган оташнинг кулимасми сен?!
Ёшлигимнинг ишққа тўлган кунларин —
Жавоби ҳам сўлғин гулимасми сен?!
Фурсат бер, кўнглимни ювай тонг билан,
Шудрингга тўлдирай кўзим жомини.
Шунча яшаб ҳали топганимча йўқ,
Афсунгар ва дилбар ҳаёт номини.
Туннинг дарахтида пишган олмалар —
Юлдузлар ҳидидан айланар бошим.
Агар, ошиқ бўлсанг мискин жонимга,
Кўнглингга келмасин аччиқ кўз ёшим.
Эй дард, ёлвораман
Аллоҳ ишқи-ла,
Қоронғу нигоҳим этгил мунаввар.
Бедард шамол каби кезай боғларни,
Қуёш уфқлардан келтирса хабар.
Осмонга юксалган дарахтлар каби
Зумрад ҳаволарни туйиб яшайин.
Ўлимдан қўрқмаган майсалардайин —
Ўзимни бир бора суйиб яшайин.
Эй дард, кўзларимга солмагин парда…
***
Ёшлигим бўларди...
Болари талаган гулга яқинроқ.
Дарахтларга яқин,
ёмғирга яқин,
сувларга яқин.
Қалбимдан қалбини топарди чақмоқ,
Кўксимдаги юрак гулобим эди,
Томирим ичида сузарди шафақ.
Девонароқ эдим девоналардан,
Сирдошим бўларди шодлик билан бахт.
Исмини билардим ҳар битта тонгни,
Қизғалдоқлар менга дугона эди.
Атиргул баргини юваркан шабнам,
Завқим гул баргида афсона эди.
Кўнглимни очганда шаббодаларга,
Ишқ дарсин ўтарди қушлар бўлиб жам.
Мен эса куйлардим дарё шовқини
Бесамар булутлар тўдасига ҳам.
Ёшлигим бўларди
оловга,
дарёга,
шамолга ошиқ.
Кўзим кўзгу эди ёрнинг аксига,
Еттинчи осмонни кезарди руҳим.
Вужудим тушарди олов рақсига,
Фасллар ўтдилар,
боқаман бугун,
Нураган умримнинг боғларига жим.
Билмайман то ҳануз, кўзим кўзгусин-
Синдирган ким эди, ахир ўша ким?!
Ёшлигим бўларди...