ШЕЪРИЯТ
МАЙЛИМИ КЎНГЛИНГДА ҚИШЛАСАМ
Муҳаммад Сиддиқ Раҳматов 1972 йил таваллуд топган. ЎзМУ ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. "Юрт соғинчи", "Ишқ дарди", "Мўътадил лаҳзалар", "Пастлаб учган турналар" номли шеърий китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Онам моҳир эди,
хўп чевар эди,
Ўхшатишар эди
қўлларин гулга.
Негадир нон ёпса,
термулиб турсам,
Бир-бир тўкиларди
кулчалар кулга.
Билмадим не ҳикмат
мужассам бунда,
Онам ҳеч этмаган
бу ҳикматни фош,
Шунчалар оташга
чидаган нонлар,
Нега нигоҳимга
бермасди бардош.
Энди менга одат
кўзимни тиймоқ,
Балки, бу ҳолимдан
кимлардир кулар,
Рости бўйламайман
тунлари кўкка,
Қўрқаман, тўкилар
боқсам юлдузлар.
Билмадим, негадир
соғинчларимдан
қалампирмунчоқнинг
ҳиди келади.
Келсанг,
кафтимга қор парчаси тушгандай
қувонаман.
Қаерга яширишни,
қандай авайлашни билмайман.
Кетсанг,
ўша қор парчаси эриб кетгандай,
Кафтимда кўз ёшлар изи қолади.
Чойимдаги нозик
шамалар,
Келишингга қилар
шаъмалар.
УРУШ ОДАМЛАРИ
Бобомнинг енгига қараб билардик,
Шамол қай тарафга эсаётганин.
ТИРИКЧИЛИК
Офтоб бодроқ пиширар кундуз,
ой олиб чиқади тунда сотгани.
ШЎРДАНАК
Шунча шўрлик ичра кулолган данак...
Осмон тўлиб кетди
увадаларга,
Бебош шамол
келиб кетганди бирров.
Бу ҳолни кўрсайди
саришта онам,
Кўкни ҳам супуриб
тушарди дарров.
ТАРИХ КИТОБИНИ ЎҚИБ...
Ҳолимни айтайми,
бир жумла билан?
Тўпларга тутилган
минорадекман!
Бари-бари
пишиб улгурди,
Олмаю нок,
анжиру узум.
Пишиқчилик мавсуми ўтар,
Хомлигимча қолган –
бир ўзим.
ҚАЛДИРҒОЧЛАР
Энди бой бўлиб
кетсам керак,
айвонимга
ижарага қўйдим
чет элликларни.
Полапонин қолдириб кетса,
Хавотирда юрардим, чўчиб.
Хайрият-эй,
бепарво қўшним
Қаергадир кетибди кўчиб...
Тунлар мумдек
эриса қалбинг,
Илтижо-ла кўтарсанг
билак,
Кўкда юлдуз учса
шул замон,
Ижобатмиш ҳар
неки тилак.
Демак, орзу
ҳар юлдуз номи,
Орзу билан
тўлами осмон?
Унда менинг
тилагим учун
Юлдузларинг етмас,
Художон.
Гул, деб қўлим чўзсам
капалак экан,
Капалак, деб қўл узатсам
гул экан.
Эҳ, кўнгил экан-да,
Эҳ, кўнгил экан.
ИҚРОР
– Ўзинг айт, эй бандам,
қандай яшадинг?
Майли, номангга мен
назар солмайман.
– Художон, мен уни
бир бор кўрдиму
қолган умримни ҳеч
эслай олмайман...
ЯНГИ ОЙ
Ёр ўтдими
сомон
йўлидан,
тўкилибди
дона киприги.
***
Иш йўқ менга
ишқингдан бошқа,
Сени ўйлаб дилим
хушласам.
Ниначидек ёзим
бой бердим,
Майлими кўнглингда
қишласам.
***
Сенга мактуб битдим
ҳар кун эринмай,
Еллар ташидилар елиб-югуриб.
Сарғайган хатимга тўлди айвонинг,
Сенчи овворасан уни супуриб.