САОДАТ МАНЗИЛЛАРИ
Кумушбибидан мерос кашталар
Боғ-роғли ҳовлилар, зилол сувли ариқлар, маҳобатли Оқсарой мажмуаси, замонавий русумда қурилган иморатлар... Узоқдан туриб кузатсангиз, Шаҳрисабз шаҳрининг ўзи моҳир каштадўз қўли билан тўқилган, яшил рангларга бой сўзанага ўхшайди. “Қўшҳовуз” маҳалласи ўша сўзананинг энг чиройли нақшларидан бири, десам, ишонаверинг. Чунки бу маҳаллада юраклари ҳайрату ҳавасга тўла қўлигул ҳунармандлар яшайди. “Мевазор Саодат” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Саодат Низомова ҳам “Қўшҳовуз” нинг фуқароси. Унинг аждодлари тарихини варақласангиз, барча саҳифаларидан ўз ишининг устаси бўлган, авлодларига касбу корини мерос қолдирган инсонларнинг табаррук исмлари чиқиб келаверади. Саодатхоннинг катта момоси Кумушбибининг тиккан палаклари келинчаклар уйларини ловуллатиб юборгани ҳақидаги ҳикоялар тилдан-тилга ўтиб, бугунга ҳам етиб келган. Зардўз Моҳитоб она, гиламдўз Рўёбжон оналардан сўнг қаҳрамонимиз бу ҳунарпеша сулоланинг тўртинчи вакиласи ҳисобланади.
Илк бор тиззасига оқ сочиқ қўйиб, катаклар бўйлаб чизилган гулларга ранг-баранг ипаклардан “жон ато” этганида у ўн-ўн икки ёшлардаги қизалоқ эди. Орадан ўтган йилларда Саодатхоннинг ҳаётида кўп янгиликлар бўлди: халқона айтганда, ўзи бир қиз, сочи бир қиз бўлиб вояга етди. Акбаржон билан турмуш қуришиб, Гулруҳ, Дилноза, Алишер исмли фарзандларга ота-она бўлишди. Лекин ҳунарга меҳри ўзгармади. Баъзилар учун бироз зерикарли туюладиган каштачилик бу сабр-бардошли, тасаввурлари кенг аёл учун хаёлот, фаолият оламига айланди. Иш аввалида якка ўзи чоғроққина хонасида ўтириб, ўсимлик, дарахт, мевалардан тайёрланадиган табиий бўёқлар билан жилолантирган ипаклардан тиккан палак, чойшаб, ёстиқжилдлари эл орасида машҳурлик топди. Сўнг харидорларнинг талабларига кўра маҳсулотларнинг турлари кўпайди, замонавийлашди. Дастлаб бармоқ билан санарли бўлган шогирдлари йил эмас, ой сайин кўпайди. Катта-кичик йиғинларда:
– Опамиз ҳунарини бировдан қизғанмайди. Қайси каштачининг иши кўркамроқ чиқса, ўзи учун суюнгандан кўпроқ қувонади. Бугун юздан зиёд шаҳрисабзликлар опага қўшқанот, шундан парвози баланд, – тарзидаги олқишлар бот-бот айтиладиган бўлди.
Бугун тадбиркор ва унинг шогирдлари қўлидан чиққан нақшлари қадим, бичимлари янгича бўлган сумка, қопчиқ, костюм, сюртук, кавуш, этик каби ўттиз турдаги буюму кийимлар ўз бозорларимиздан ташқари хориж дўконларида ҳам тобора харидоргир бўлиб бормоқда.
– Барибир кўнглимиз, қўлимизни момоларимиздан ёдгор буюмлардан узмаймиз. Яқин-яқинларда қуёш, бодом, анор тасвирлари туширилган рамзларга бой палак, сўзаналарга бугун Амир Темур, Беруний каби улуғ аждодларимиз сувратларини нақшлаяпмиз. Фақат кўргазмаларни эмас, хонадонларимиз деворларини ҳам шундай табаррук сиймоли буюмларимиз безаса, яхши эмасми? Бу ҳам маданий, ҳам маънавий тарбия учун зарур деб ўйлайман, – дейди маҳорати баробар фикрати ҳам мукаммаллашиб бораётган тадбиркор. Бугунги ҳунарманд уйда ўтириб игна, ип бошида куни ўтадиган оддий каштачи эмас. Мамлакатимизда миллий ҳунармандликка берилаётган эътибор туфайли уларнинг йўллари ҳам, қўллари ҳам узайиб бормоқда. Саодат Низомова Араб Амирликлари, Италия, Хитой каби бир неча мамлакатларда бўлиб ўтган жаҳон фестивалларида иштирок этди. Моҳир каштачининг ўзида ҳам бошқаларга ибрат бўларли тажрибалар кўпайиб бормоқда.
– Мен у кишининг устозлик борасида олиб бораётган фаолиятини алоҳида тилга олгим келяпти, – дея суҳбатимизга қўшилади Шаҳрисабз шаҳар тадбиркорлар уюшмаси раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати Насибахон Жалолова. – Ғилонга бориб, аёлларга иш ўргатганининг ўзи бир тарих.
Гапимизнинг шу нуқтасига етганида Саодатхоннинг чеҳрасига табассум югуради:
– Ғилон деганимиз Ҳисор тоғлари бағрида жойлашган, урф-одатларни маҳкам сақлаган, чорвачилик , боғдорчилик, сабзавотчилик, хусусан, картошкачилик билан шуғулланадиган ҳудуд. Аёлларни каштачиликка бошлайсиз, дейишганларида, рости, аввал очилмаган қўриқнинг олдида тургандек бўлдим. Таваккалига бордим. Ўз жойларининг об-ҳавосига ўрганган, ташқарига бироз ётсираброқ қарайдиган қишлоқ аёлларини тўплаб ўзимизнинг жайдари тилда мақсадимни тушунтирдим.
– Ҳозир мана бу одми кўйлак, рўмолларда ҳаммаларингиз бир-бирингизга ўхшашдек кўриняпсиз. Агар кашта тика бошласаларинг, кўнгилларингиздаги тахи бузилмай турган гўзалликлар кўрина бошлайди. Ҳар бирингизнинг турли-турли орзу-армонларингиз нақшларда намоён бўлади, – дедим. Бир гал гап билан, кашталарим билан борсам, бошқа гал ош-овқатим, дастурхоним билан бордим. Оқсоқолдан қўли юпқароқ оилаларни сўраб-билиб, ўзимнинг қўлим етмаган жойларда Насибахон каби фаоллардан кўмак сўрадим.
Инсон боласи бир орзу баландлигига жаҳд билан тирмашса, чиқолмайдиган жойи бор эканми? Ҳафталар, ойлар ўтиб ғилонлик ойимлар ҳам бинойидек каштачи бўлиб қолишди. Айниқса, устозлари уларнинг энг мақтовли ишларини ўзи билан олиб кетиб, Оқсаройга келган хорижлик сайёҳларга маъқул қилиб, ўтказиб, мўмайгина ҳақини олиб келиб бергач, кўзлари ўткирлашиб, қўллари чаққонлашиб кетди. Лекин барибир каштачилик нозик ҳунар, ҳаммани суйиб, суюнтиравермайди. Саодат Низомова бу муаммога ҳам ечим топди: нима кўп, бу ҳудудда қўй кўп. Юнгини тозалаб, титиб, қуритиб, авра-астарлаб шифобахш тўшак қилса бўлади. Каштачиликка қўли ёпишмаганлар бу ҳунар орқасидан даромад топа бошладилар. Талетўш қишлоғидаги баъзи хонадонларда бу борада тажриба бор экан, тадбиркор уларни янги ўрганаётганларга ишбоши қилиб қўйди.
– Дилноза қизим ҳам изимни совутмай, юриб келяпти. Меникига турдош кооператив очиб, қирқ нафардан зиёд опа-сингилларимизни иш билан таъминлади. Ўзим шу кунларда вилоят раҳбарларининг топшириғи билан Чироқчи туманидаман. Юртбошимизнинг “Камбағалликни қисқартирамиз”, деган даъватлари кўзимдан уйқу , кўнглимдан ҳаловатни олган. “Ишлайман”, деб турган аёлларнинг кўплиги ғайратимга ғайрат қўшяпти. “Туринг, юринг”, деб одамларни яхшиликка бошласанг дангасалик, чарчоқликнинг нари кетишига тобора ишоняпти элдошларимиз, шундан хурсандман.
Кунлар қаҳрамонимизга шу тарзда янги-янги хурсандчиликлар ҳадя қилади. Ўзимиздаги дўконларида савдо баравжлигидан ташқари, интернет дўконлари ҳам мунтазам ишлайди. Миллий нақшлардан зийнатланган буюмларига Германия, Россия каби давлатлардан харидорлар чиқиб, ҳисобларига маблағ тушиб турибди. Ҳар бир ютуғи яхшилар назарида экани ҳам бор гап. “Йил аёли” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиблардан бири бўлди. Ҳали қаҳрамонимизнинг олдида эгаллаши керак бўлган марралар кўп. Қўлида момолардан мерос ноёб ҳунар, кўнглида эртага бугунгидан яхшироқ яшашга интилиш, бу интилишга элдошларимизни ҳамроҳ қилишдек ёруғ туйғулари бор экан, бу марралар узоқ эмас. Юрган йўлларингиз ёруғ, манзилингиз саодатли бўлсин.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА