ЗАМОНДОШЛАРИМИЗ
Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир
Жиззахнинг гул бозори. 22 ёшли Шарофат ҳовлисидаги ўзи обод қилган гулзорининг сара гулларини бозорга олиб келган. Савдо бир бўлиб, бир бўлмай турибди, харидор ҳам кам...
Бир пайт савдо қилаётган жойга машина келиб тўхтади. Атрофдагилар ўзларини четга олишди. Афтидан, улар келган одамнинг кимлигини яхши билишади. У эса қимирламай жойида тураверди.
Машинадан тушган одам тўғри унинг олдига келди.
– Сиз нега нари бўлмадингиз?
– Ўзим етиштирган гуллар. Хижолатли жойим йўқ-ку, нега кетай...
– Э, барака топинг, гулчи қиз, мард экансиз.
– Раҳмат сизга ҳам, гуллар менинг сингилларим-да.
– Шунақами, демак, сиз гулларнинг чинакам ишқибози экансиз-да, шу соҳа билан астойдил шуғулланинг, ишларингиз зўр бўлиб кетади, ҳали бойиб ҳам кетасиз, – деди ва гулларни бироз томоша қилди-да, узоқлашди.
Кейин билса, бу инсон ўша пайтдаги вилоят ҳокими экан.
Уйига боргач, бўлган воқеани отасига айтди ва энди гулчилик билан жиддий шуғулланишни, келажакда шу соҳада меҳнат қилишни мақсад қилганини маълум қилди. Қизидаги ҳаяжонни сезган ота ҳам унинг ёнига кирди.
Дастлабки экилган гулларнинг ўсиши, ғунчалаши, барқ уриб очилиши оила аъзоларига олдинига қизиқ туюлди, кейин завқланиб кузатишди.
Кафтдек ердаги гулзордан олинган даромад рўзғори камини тўлдиргач, бу ишга астойдил киришди. Кейинги йил “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалигига асос солди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, гул, қулупнай кўчатлари етиштириш билан шуғуллана бошлади.
Меҳнатга яраша рағбат бўлгач, фермер хўжалигида чорвачилик, паррандачилик каби янги йўналишлар қўшилиб, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирди. Халқимизда: “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик”, деган яхши гап бор. Қаҳрамонимиз ер билан тиллашди, етиштирган маҳсулотларидан завқ олса, эккан ниҳоллари дарахтга айланганидан шодланди, чорва ҳам, паррандалари ҳам етти хазинанинг бири эканлиги ва улар орқали хўжаликка барака ёғилаётганлигидан яйради.
Юртимизда ўз сўзига эга, рақобатга бардошли, тадбиркорлик билан шуғулланиб элга, юртга нафи тегаётган аёллар сафи йил сайин кенгайиб боряпти. Бу эса хотин-қизларга билдирилаётган ишончнинг, эътиборнинг, эҳтиромнинг муҳсулидир. Ана шу имкониятлардан бугун юзлаб, минглаб аёллар самарали фойдаланиб, касб-корга эга бўлмоқда. Ишбилармонликни пухта ўрганиб, тадбиркорликни уддаламоқда. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга яратаётган кенг имкониятлари сабаб қаҳрамонимизнинг кенг қамровли фаолияти муваффақиятли амалга ошмоқда.
Етиштирилган маҳсулотларнинг бир қисми тадбиркорга қарашли хусусий болалар боғчасига етказиб берилади. Мазкур тарбия маскани мудираси Малоҳат Зуҳурова билан суҳбатлашдик.
– Боғчамизга қишлоғимиздан, қўшни қишлоқлардан ҳам болалар келиб тарбия олишмоқда. Манзиллар ва вақт масаласини инобатга олган ҳомийимиз тўртта “Дамас” русумли автомашинасини болалар хизматига қўйган. Ҳар куни ушбу машиналар болажонларимизни уйдан боғчага хавф-хатарсиз олиб келишади, оқшом ота-оналарига омонликда топширишади.
Йилнинг тўрт фаслида ҳам таомномамиздаги гўшт, творог, сут, ҳўл мевалар сифатли ва янги ҳолда ўзимизнинг фермер хўжалигимиздан етказиб берилади.
Мудира тўлиб-тошиб тарбияланувчиларнинг ютуқлари ҳақида гапираркан, таълим ва тарбия ўчоғимизда мақтансак арзигулик ютуқларимиз ҳам бор, дея таъкидлаб ўтдилар: – 6 ёшли тарбияланувчиларимиз орасида ментал арифметика бўйича ўтказилган мусобақада Шоҳрух Норбоев ғолиб бўлди. Кейин вилоят ва республикада ҳам ғалаба қозониб халқаро танловда иштирок этиб, совриндорлар сафида алоҳида эътирофга лойиқ кўрилди. Биласиз, танлов учун хориж сафарига боришни ўзи бўлмайди, табиийки, унинг йўл харажатларига Шарофатхон ёрдам қўлини чўзди.
“Гулчи опа томорқа хизматлари” масъулияти чекланган жамият директори сифатида олиб бораётган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Бугун опа раҳбарлик қилаётган жамиятнинг яна бир ибратга молик жиҳати борки, бу ўн иккита йўналишда фаолият кўрсатаётган ўқув марказидир.
– Ўқув марказимизга нафақат Жиззахдан, балки қўшни вилоятлардан ҳам ҳунар ўрганишни мақсад қилган опа-сингилларимиз келиб ўқимоқдалар. Вилоятлардан келувчилар бепул ётоқхона ва иссиқ овқат билан таъминланади. Яқинда Қорақалпоғистон Республикасидан бир гуруҳ хотин-қизлар ҳам ўқиб, ҳунар ўрганиб, дипломли бўлиб кетишди, - дейди устоз Моҳигул Назарова.
Ўқув маркази хоналари замонавий усулда жиҳозланган. Ётоқхона, ошхона, сўлим дарахтлар оғушидаги дам олиш жойлари кўзингизни қувонтиради, машғулотларда томорқадан мўл ҳосил олиш сирлари ҳам ўргатилади.
– Меҳрибонлик уйлари ёпилишини эшитиб, икки нафар фарзанд асраб олиш учун бордим, “Бизни ҳам олиб кетинг”, деб ялинчоқ овозда бошини эгиб турган болажонларни кўриб чидаб туролмадим. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, ўн беш нафар болаларни фарзандликка олдик, – дейди қаҳрамонимиз.
Биз кечга томон уларнинг гулу гулзорларга бурканган хонадонига ташриф буюрдик. Унинг қиёси йўқ гўзал гулларига ҳавас қилдик. Ҳовлининг чиройига маҳлиё бўлсак, уйнинг ичкариси ундан-да файзли экан, гултувакларда такрори йўқ гуллар кўзингизни яшнатади. Айниқса, хонадонда кутубхона борлиги ва болаларнинг кўпроқ вақти у ерда ўтиши бизни беҳад қувонтирди.
Фарзандлардан бири Лазизбек ёнимизга ийманибгина келиб, шундай деди:
– Аямизни яхши кўрамиз, улар ҳам бизни яхши кўрадилар.
Биз ҳам ўз ўрнида уни саволга тутамиз.
– Ўғлим, оиладаги қайси лаҳзалар сизни кўпроқ қувонтиради?
– Аямиз билан ҳаммамиз бир дастурхонга жам бўлган пайтимиз фақат менинг эмас, ҳаммамизнинг энг яхши кўрадиган пайтимиз. Уларнинг ишдан келишларини интиқ бўлиб кутамиз. Дастурхон атрофида овқатланиб бўлгач, мазза қилиб суҳбатлашамиз. Бугун кун қандай ўтганлигини, нималар қилганимиз, қандай баҳо олганимиз ҳақида бирма-бир сўрайдилар. Бизни эшитиб бўлгач, кейин ўзларининг кун давомида нима иш қилганликларини гапириб берадилар, биз ҳам қизиқиб эшитамиз, улардан ўзимизга мотивация оламиз.
Биз кун давомида элда эъзоз кўрган аёл, меҳрибон она, беназир инсон Шарофат Нориева билан бирга бўлиб, дилдан суҳбатлашиб, уларнинг фаолиятини яқиндан кузатарканмиз “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” унвони, “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени уларнинг кенг феъли, метин бардоши, ҳалол меҳнати учун берилган юксак эътироф ҳамда эҳтиромнинг ифодаси эканлигига амин бўлдик.
Ким оиласидан ишга, хизматидан эса уйга шошилиб келса, у дунёдаги энг бахтли инсондир. Юртимизда улар каби бахт улашгувчилар ва бахтиёрлар кўпаяверсин.
Ҳанифа ЗОКИРОВА,
Жиззах вилояти.