БИР ЖОЙДА КЎКАРГАН ДАРАХТ

 ЭЪЗОЗ


БИР ЖОЙДА КЎКАРГАН ДАРАХТ

      Республикамизнинг нуфузли нашрларидан бири – “Ишонч” газетасининг мухлислари борки, таҳририятда чорак асрдан зиёд меҳнат қилиб келаётган Комила Боймуродовани яхши билишади. У фаолиятини мусаҳҳиҳ ёрдамчиси вазифасидан бошлаган. Маълумки, бу иш эгасидан саводхонлик, билимдонлик, айниқса, ҳушёрликни талаб қилади. Комила мунтазам равишда ўз устида ишлагани боис мусаҳҳиҳ, хатлар бўлими ҳисобчиси, таржимонлик марраларини ҳам қадам-бақадам эгаллади. Айни пайтда “Хатлар ва мухбирлар билан ишлаш” бўлимида фаолият юритади. Юртимизнинг турли гўшаларидан “Ишонч”га ишончли муждалар йўллайдиган қаламкашларнинг мақолаларини бўлимларга етказиш, бўлим ходимларининг фикрларини муаллифларга билдириш, бир сўз билан айтганда, адолатли чиғириқлардан ўтиб, газета юзини кўрадиган материалларнинг пишиқ-пухталиги, ўқишли бўлишида бошқа журналистлар қатори Комиланинг ҳам ҳиссаси катта. “Ўқиб, ўрганган олим”, деган нақлни яхши биламиз. “Ялт” этган истеъдод учқуни бор инсонлар ҳам ўқиб, ўқиганларидан сабоқ олаверса, яхшигина қалам эгаси бўлиши мумкин. “Ишонч” газетасининг йиллик тахламларида чоп этилган ҳамкасбимиз ижодига мансуб мақола, ҳикояларни кўздан кечирганимизда айтилган фикрнинг тўғрилигига амин бўламиз. Дейлик, “Ойижон” деб номланган ихчам бир қатраси... Қизча ойисидан:
– Мен нима қилсам сиз қаримайсиз? Бизни ташлаб кетмайсиз? – дея сўрайди.
– Сизни яхши кўраман, деб тез-тез айтиб турсанг, одобинг, озодалигинг, чаққонлигинг билан бизни хурсанд қилиб турсанг,мен узоқ умр кўраман, – дейди она. Эҳтимол, бу суҳбатга катта бир мазмун сингдирилмагандир. Лекин ҳар қандай муносабатларга меҳр-муҳаббат қувват беради, деган азалий, керакли сабоқни уқамиз.Журналистнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, маҳоратини қисқа баёнларда кўрсата олади. “Қўнғироқ” сарлавҳали қатраси ҳам фикримизни далиллайди.Воқеа қаҳрамони – аёл. Асоссиз рашк туфайли дилозорлик қилади. Шунингсиз ҳам турмуш чорраҳаларида қийналиб яшаётган ўзидай бир инсоннинг одамлардан кўнглини қолдиради.Аёлнинг кўрки фақат сувратида эмас, уни аслида сийрат гўзаллаштиради, деган фикрни қаламкаш ўзига хос йўсинда ўқувчиларга етказиб беради. Баъзан ҳаётда тўрт мучаси соғлом кишилар ҳам орзу-умидларсиз, интилишларсиз рангсиз ҳаёт кечиради. Тирикчилик борасида ҳам бировларнинг қўлига қарашдан хижолат тортмайди. Шу маънода Комилахоннинг меҳнат билан зийнатланаётган ҳаёти, фаолиятида катта ибрат бор.
– Мени Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўришди. Хурсандман, – дейди бир қучоқ гуллар ичида гулларга ўхшаб турган қаҳрамонимиз.
     Қисмат инсонга қачондир синов бериб синаган бўлса, бошқа пайт бошини силаб, меҳнатини қадрлаб сийлайди. Доим сизни сийланганлар қаторида кўргимиз келади, Комилахон!

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар