ТАДБИРКОР – ЮРТГА МАДАДКОР
ЖОН МАЛҲАМИ – ТАБИАТ
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Замира ХОЖАМЕТОВАни бугун кўпчилик танийди. Ўқитувчиликдан йирик тадбиркорга айланган бу аёл ишнинг кўзини жуда яхши биладиганлар хилидан.
Қарийб ўн беш йил олдин 12 нафар ишчи билан иш бошлаган мазкур корхонада бугунга келиб 185 нафар хотин-қиз баҳамжиҳат фаолият юритишяпти. 2014 йилдан Швейцария, Германия, Польша, Корея давлатлари билан шартнома имзоланиб, маҳсулотларини экспорт қила бошлади.
– Ҳаракат, мақсад, меҳнат инсонни улуғлар экан. Ҳаётим давомида кўп қийин кунларни ҳам бошдан ўтказдим. Аллоҳга шукур, у кунлар ортда қолди. Тадбиркорларга яратиб берилаётган шарт-шароит мен кабилар учун жуда катта имконият эшикларини очди. Айниқса, аёл тадбиркорларнинг кўплиги мени қувонтиради. Бошида бироз чўчидим, чунки минг қилса ҳам аёлман, бунинг устига ўзим шуғулланмоқчи бўлган боян томир тўғрисида тушунчага эга эмасдим.Институтда дарс бериб юрган пайтимда мустақил корейс тилини ўрганганим қўл келди ва бир куни овулимизга Кореядан Ким Сан Ху ва Су Жин Сай исмли тадбиркорлар келишди. Улар овул одамлари билан боян томир тўғрисида гаплашдилар. Шуларга таржимонлик қилиб юриб, бу ўсимлик томирининг фойдаси ҳақида бироз маълумотга эга бўлдим. Ўзимни янги бир жабҳада синаб кўрмоқчи бўлдим. 2009 йил якка тадбиркорликни бошладим. Кореяликлар билан ҳамкорликда иш бошлаганим, яна бир неча олийжаноб инсонлардан кўмак олганим сабаб ҳаётим тубдан ўзгарди. Бугунги кунда инвестиция, экспортга ҳам эътибор сезиларли даражада кучайган. Маҳсулотларимиздан боян томир, (бу ўсимлик томири фармацевтика саноати учун зарур хомашё ҳисобланади), жийда, дуккакли маҳсулотлар, айниқса, қовун қоқисини Швейцарияга экспорт қиламиз ва даромадиям ёмон эмас. Ўзимизнинг Product of Uzbekistan, Made in Karakalpakstan брендимиз бор. Чет давлатларда биз тайёрлаган маҳсулотлар савдо расталарида тургани қалбимизга фахр ва куч беради. Замон ўзгариб, меҳнатга бўлган муносабат яхшиланиб боряпти. Овул аёллари уйида ўтириб касаначилик ва бошқа тадбиркорлик билан шуғулланмоқдалар. Биз ҳам улар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Улар шундай йўл билан рўзғорини бутлаяпти. Тадбиркор учун сифат биринчи ўринда туради. Шу боис ишни тоза бажариш – бош мақсадимиз. Маҳсулотни тайёр ҳолга келтиргунча экишдан тортиб, қазиш, саралаш, ювиш, қуритиш, таёқча ҳолига келтириш, кесиш, қадоқлашгача неча турли босқичдан ўтади. Ишчиларимиз ўз ишини пухта бажаради ва тайёр ҳолда кўрганида завқ олади. 14 та давлатга 28 тонна маҳсулот экспорт қиламиз, – дея Замира Хожаметова фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Суҳбатимиз асносида ишчилардан бири Ширин опа “Дембермес” ашуласини хиргойи қила кетди. Бирпасда хуш кайфият оралади атрофга. Уларга яқинроқ ўтириб олдим.
– Яхшигина овозингиз бор экан-а? – лутф қилдим.
– Бир пайтлар дугонам Ширин билан ашула хиргойи қилиб ўтириволи-ииб, иш қилардик. У пайтлар 42 ёшлар атрофида бўлганман. Қаранг, вақтнинг ўтишини. Сочларимизга оқ оралаб, ёшимиз ҳам анчага бориб қолди. Иккаламиз бир вақтда келганмиз ишга. Мана, ўн бир йил бўлдики, биргамиз. Опа-сингилмиз десак ҳам бўлади. Шу меҳнатим орқасидан қиз узатдим, ўғил уйладим. Қизим Эркиной ошпазлик қилади. Ҳам иш қилардим, ҳамда қизимга ёрдамлашардим. Қиш-қировли кунларда қозон осиш осон бўлмасди, албатта. У пайтлар овқат ўчоқда пишириларди. Печкага ўт қалаб хоналарни иситардик. Эндиликда шароитларимиз ўнгланиб, иссиқ сув, совуқ сув – барчаси муҳайё. Оилавий ишлаймиз. Барака аҳилликда экан. Бошқаларнинг ҳаваси келади. Шунчаки гап эмас бу. Бригадиримиз Бибинур, Гулжаҳон ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туради ва бирор камчилик бўлса, дарров Замирахонга етказади. Яхши маънода, албатта, чунки, рўзғор бўлганидан кейин турли вазиятлар бўлиб туради. Шунда жамоа бўлиб ёрдамга шошиламиз, – дейди Олмагул опа Абдуллаева.
Жамоада фаолият юритувчи Қурол исмли ишчи бахтсиз ҳодиса сабаб бироз хасталаниб қолгани, ҳозир ҳамкасблари орасида ўзини бахтли ҳис қилиши, бу ердагилар унинг кўнглига қараши ҳақида тўлқинланиб гапирди.
– Қурол ўзига хос феъл-атворга эга. Унга яхши гапирсанг, меҳнатдан асло бўйин товламайди. Аммо қайсарлиги тутса борми... Бу йигитни кимдир ўғли, кимдир укаси, яна кимдир неварасидек яхши кўриб, ғамхўрлик кўрсатишади, – дейди Замира опа.
Меҳнатлари туфайли олқишланаётган, самарасидан кўнгиллари шодумон бўлаётган жамоадошлар эътирофи Замира Хожаметовани бахт ва омад сари етаклади, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, 2021 йилда тадбиркор аёл “Анор” кўрик-танловида ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонда 1-ўрин, 2022 йилда “Йил аёли-2022” кўрик-танловида “Энг намунали тадбиркор” номинациясида 2-ўрин соҳибаси бўлган бўлса, 2023 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаганидек, ютуқлар ҳам ўзи келмайди. 2009 йилда 5 гектар ерда фаолият бошлаган тадбиркор 2016 йил 1,5 млрд. инвестиция киритиб ишни ривожлантирган. Кейинчалик Қўнғирот туманида мевали боғ яратган, айни пайтда мевалари ҳосилга кирди. Австриядан наслдор сигирлар келтириб, чорвачиликни ҳам йўлга қўйди. Қизилмия илдизини маномания усулида ишлаб чиқарадиган экстракт заводи ташкил этиш, елимдан қилинган уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона қуриш орқали 60-70 нафар янги ишчи ўринлари яратиш, экологик тоза ўровлар ишлаб чиқариш каби катта ишларнинг ҳаракатида бўлган қаҳрамонимиз мақсадлари амалга ошишига ишонади.
Фотима АБДУРАИМОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси.